Адолат қисман тикланди, лекин юракдаги жароҳат қолди…
Ўғлим Валиев Жамшид Ғафуржоновичнинг Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг 2013 йил 17 июндаги ҳукми билан асоссиз равишда қамоққа олиниши туфайли оиламизга етказилган нотинчликка қисман барҳам берилганлиги ҳақидаги ахборотни таҳририят сайти орқали кенг жамоатчиликка етказишда кўрсатган ёрдами учун «Халқ сўзи» газетаси таҳририятига миннатдорчилик билдирган ҳолда юрагимнинг туб-тубида вужудга келган қалб фарёдини изҳор этмоқчиман. Шояд, кўзларини шафақ босган, юракларида инсон тақдирига нисбатан заррача ҳам меҳр-шафқат қолмаган айрим шахсларнинг юрагида бағрикенглик, қонун устуворлигига хайрихоҳлик уйғонса, мен каби адолат истаган фуқароларнинг мушкуллари осонлашишига ёрдам берса.
Бугунги кунда суд ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айланаётганини нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар ҳам юксак баҳолашмоқда. Бироқ, мутасадди идораларнинг айрим ходимлари томонидан фуқаролардан тушган мурожаатлар ва уларга илова қилинган ҳужжатларни ўрганишга юзаки ёндашув сабабли асоссиз жавоблар қайтарилаётганлиги натижасида сансоларликка йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Хусусан, Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг 2013 йил 17 июндаги ҳукмидан норози бўлиб йиллар давомида турли инстанцияларга киритган мурожаатларимизга бир хил андозадаги жавоблар оляпмиз. Уларнинг ҳаммасида суд Ж. Валиевнинг ҳаракатини тўғри баҳолаганлиги билдирилган. Жумладан, Оҳангарон туманида қилинган мурожаатимиз худди шундай якун топди. Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган сайёр қабулда қилинган мурожаатга эса жавоб ололмадик.
Ваҳоланки, Олий Суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳозирги раҳбарияти ва судьяларининг вазиятни одилона малакалаганликлари натижасида дастлабки терговни олиб борган терговчи, биринчи босқич ва апелляция судлари ишни ҳақиқий ҳолатига синчковлик билан эътибор қаратмаганликлари оқибатида қонунларга зид ҳолда асоссиз қарорлар чиқарилганлиги тасдиқланди.
Хусусан, Олий Суд ЖИБ судлов ҳайъатининг 2019 йил 6 декабрь ва 2020 йил 2 декабрдаги ажримлари билан ЖИБ Тошкент вилоят судининг ажримлари бекор қилинди ва ЖИБ Тошкент вилоят судининг №1- 2-253/2013 сонли ажрими билан ЖИБ Тошкент вилояти Ангрен шаҳар суди томонидан 2013 йил 17 июнда қабул қилинган ҳукмнинг Ж. Валиевга оид қисми ўзгартирилди.
Адолатни, қисман бўлсада, қарор топтириш осон кечгани йўқ. Мазкур иш бўйича судланган М. Курбонов виждони ва Яратган олдидаги масъулиятни ҳис қилиб, 2018 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурор номига ёзган аризасида Ж. Валиевни айблаш учун асос қилиб олинган 2011 йил 08.08 № 02/344 сонли хатнинг тепа қисмига қўшимча равишда киритилган сохта маълумотларга Ж. Валиевнинг алоқаси йўқлигини билдирди, шунингдек, банк филиалига етказилган зарарнинг қопланмай қолган қисмини 2018 йилнинг октябрь ойигача тўлаб беришини билдирди ва 57 775 932 сўмни тўлаб берди.
Шу билан бирга, апелляция инстанциясида ишни янгидан кўриш даврида видеоконференсалоқа тарзида сўроқ қилинган М. Курбонов, иккинчи марта Ж. Валиевни айблаш учун асос қилиб олинган 2011 йил 08.08 № 02/344 сонли хатнинг тепа қисмига киритилган маълумотларга унинг алоқаси йўқлигини, маълумотларни айнан ўзи хатнинг тепа қисмига киритганлигини тан олди. (11 02 2021 йил №1-2-253/2013 сонли ажрими 5 бет). Бу ҳақда аввал ҳам айтганлиги, лекин терговчи уни эшитишни хоҳламаганлигини, хона қоронғу бўлганлиги сабабли ҳужжатни ўқимасдан имзолаганлигини билдирди. Демак 2011 йил 08.08 № 02/344 сонли хатнинг сохталаштирилишига Ж. Валиев дахлдор эмаслиги ва ЖКнинг 209-моддаси билан мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноятни содир этганликда айблаш учун асос мавжуд эмаслигини яна бир бор тасдиқлади.
Бироқ, дастлабки терговни олиб борган терговчи, биринчи босқич судида раислик қилган судья, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ишнинг ҳақиқий ҳолатига синчковлик билан эътибор қаратмаганликлари оқибатида адолатсизликка йўл қўйилди. Шунингдек, апелляция шикоятида кўтарилган муаммоларни юзаки текширганлиги туфайли жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг 2013 йил 17 июнь ҳукми ўз кучида қолдирилганлиги оқибатида Ж. Валиевнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари поймол этилди.
ЖПКнинг 464-моддасида оқлов ҳукмини чиқариш асослари белгиланган бўлиб, унда «жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса, шунингдек судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган асосга кўра судланувчини оқлайди» — деб кўрсатилган.
Бироқ Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ўзининг 2021 йил 11 февралдаги №1-2-253/2013 сонли ажримида (9 бет) ЖПКнинг 464-моддасида белгиланган нормага амал қилмай, «сохта маълумотларни Ж. Валиев ўз хизмат хонасида компьютер техника воситаларида киритиб, Б. Абдуллаевнинг имзосини қалбакилаштириб, М. Курбоновга бериб юборганлиги сабабли Ж. Валиевнинг ҳаракати ЖКнинг 209-моддаси 2-қисми «а» бандидан ЖКнинг 209-моддаси 1-қисмига қайта квалификация килишни» лозим топган.
Бу билан Тошкент вилоят суди жиноят ишлари буйича судлов ҳайъати судьялари ЖПКнинг 464-моддасига ҳамда Олий суд ЖИБ судлов ҳайъатининг 2020 йил 2 декабрдаги ажримида (5 бет, 4-6 хатбоши) кўрсатилган камчиликлар ишни янгидан кўриш даврида қуйи судлар томонидан бартараф қилиниши мажбурий эканлигига, шунингдек, ЖКнинг 209-моддаси билан мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноятни содир этганликда айблаш учун асос мавжуд эмаслигига очиқчасига эътибор қаратмади.
Шунингдек, суд ЖК 41-моддасида белгиланган «Тадбиркорлик субъектларини ўзларига кўрсатилган хизматлар, шу жумладан, берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошка молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини тадбиркорлик таваккалчилиги ҳамда бошқа тижорат таваккалчиликлари билан боғлик ҳолда бажармаганлиги банклар ва бошқа молия ташкилотлари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги» ҳақидаги нормаларни қўлламаганлиги сабаблари ҳам суд ҳукмида ва хулосасида асосламаган.
Мухтасар айтганда, бу ҳолатлар суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш чоралари мазкур жиноят ишини кўриб чиқиш жараёнида Ж. Валиевга нисбатан қўпол равишда бузилганлигини тасдиқлайди.
Афсуски, адолат посбонлари узоқ йиллар давомида ўзларининг шарафли вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиб келишди. Терговчи ва судья олиб бориши лозим бўлган ишларни бажариб, адолатнинг юзага чиқишига асос бўлган ҳужжатларни тўплашда қанчадан-қанча тўсиқларни ва қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келганлигини сўз билан ифодалаш ўта мушкул эканлигини дастлабки терговни олиб борган терговчи ва ишни кўрган судьялар тасаввур қилармикан? Иш давомида жиноят ва жиноят процессуал кодексларда терговчи ва судлар аниқлаши белгиланган далилларга эътиборсизлик туфайли бир бегуноҳ шахс икки йил умрини жазони ўташ муассасасида ўтказганини ўйлаб кўрганмикан? Адолат қарор топишида босиб ўтилган қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтиш қанчалар мушкул эканлигини юракларидан ўтказиб, адолатсизлик қурбонига айланган фарзанд отаси ўрнига ўзларини қўйиб, ушбу вазиятни баҳолай олармикан? Ж. Валиев оиласида ўчмас жароҳат қолдирганларидан хабардормикан? — деган саволлар мени ҳануз қийнайди.
Шу ўринда, Ж. Валиевга оид жиноят ишини олиб борган терговчи ва уни кўриб, ҳукм чиқарган судьяларга инсон тақдирига бефарқлиги, вазиятни юзаки ўрганганлиги натижасида қабул қилинган қарорлар туфайли ягона боқувчисидан вақтинча айрилган уч нафар вояга етмаган фарзандлари, нафақадаги ота-онаси қийин молиявий вазиятни бошидан ўтказганлиги ва судланган Ж. Валиевни эл-юрт олдида боши эгилганлиги учун, икки йил муддатни жазони ўташ муассасасида ўтказганлиги оқибатида тортган азоблари учун масъулиятни ким зиммасига олади? — деган савол туғилади. Мазкур саволга фақат ишни олиб борган «ҳуқуқ посбонлари»нинг виждонлари жавоб бериши мумкин. Бу адолатсизлик туфайли оила аъзолари қалбининг туб-тубида жойлашиб олган қора булутлар аста-секин тарқала бошлади. Лекин оилага етказилган жароҳат юракда қолди...
P.S. Мен фурсатдан фойдаланиб тўғри маслаҳатлари учун Республика судьялар Олий Кенгаши Раиси лавозимида ишлаган У. Мингбоевга, Олий Суд ЖИБ судлов ҳайъати ҳозирги раҳбариятига, Х. Қосимов раислигидаги Ш. Ражабов ва А. Жалиловлар ҳамда Ў. Рўзиев раислигидаги Ш. Ражабов, Э. Эргашевлардан иборат судлов ҳайъати судьяларига, М. Мирзажонов раислигидаги У. Мамадалиев, Ч. Чоршамиевлардан иборат Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяларига, Президентнинг Республика, Тошкент вилояти ва Чирчик шаҳар Халк қабулхоналари мудирлари ва ходимларига, ИИВ Тошкент вилоят тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари О. Ариповга, Қашқадарё вилоят, Миришкор туман давлат инспекцияси бошлиғи М. Чориевга, «Зиё-Нур» адвокатлик фирмаси адвокати О. Соатовга оиламиз номидан чексиз миннатдорчилик билдираман.
Ғафуржон ВАЛИЕВ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг