Адлия органлари ислоҳотларнинг ҳуқуқий таянчи
Президентимизнинг Олий Мажлис ва юртдошларимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида 6 та устувор йўналишни қамраб олди. Хусусан, олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ҳамда адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ушбу стратегик вазифалар, айниқса, адлия органлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш ва аҳолига хизмат қилишда замонавий ёндашувларни жорий этиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади ва барча давлат органларининг хизматлари ҳамда функциялари Ягона рақамли платформага бирлаштирилади. Бу жараён адлия органлари учун ҳам қатор янги имкониятларни очиб беради. Жумладан, давлат хизматларини кўрсатишда ягона стандартлар жорий этилади, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари тезкор ва самарали кўриб чиқилади. Қарор қабул қилиш жараёнларида очиқлик ва ҳисобдорлик таъминланади.
Мурожаатномада алоҳида келтирилганидек, янги рақамли экотизим давлат хизматларини кўрсатишда коррупция, ортиқча бюрократия ва сунъий тўсиқлардан холи тизимни шакллантиришга хизмат қилади. Тошкент вилояти адлия бошқармаси ҳам бу йўналишда, аввало, ҳуқуқни қўллаш амалиётида шаффофликни таъминлаш, хизмат кўрсатиш жараёнларида адолат ва холисликни кафолатлаш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашни устувор вазифа, деб билади.
Шунингдек, Мурожаатномада давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Оддий қилиб айтганда, фуқаро бир хизмат учун мурожаат қилар экан, унга боғлиқ бошқа масалалар ҳам автоматик тарзда ҳал этилади. Масалан, янги уй қурган фуқаро кадастр ҳужжатини расмийлаштириши билан бир вақтда сув, электр ва газ тармоқларига уланиш масалаларини ҳам қўшимча мурожаатларсиз ҳал қилиш имкониятига эга бўлади.
2026 йилда бундай жамланма хизматлар сони 100 тага етказилиши белгилангани адлия органлари олдига катта вазифалар қўяди. Тошкент вилояти адлия бошқармаси Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда рақамли давлат хизматларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий назоратни кучайтириш борасида изчил иш олиб боради.
Адлия тизими ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида “инсон қадри – олий қадрият” тамойили асосида иш юритиб, ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган замонавий давлат бошқаруви, рақамли адлия ва коррупциядан холи давлат хизматлари тизимини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омилларидан биридир.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари 2026 йилда ушбу вазифалар ижросини таъминлашда барча куч ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, давлат, жамият ва аҳоли ўртасида мустаҳкам ҳуқуқий кўприк бўлиб хизмат қилади.
Абдумуталиб ДАДАЖОНОВ, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг