Адабиёт руҳият озиғидир

22:56 26 Май 2021 Маданият
633 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келган миллий қадриятлар ва урф-одатларимиз, ўзбек халқини жаҳонга бағрикенг, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қиладиган очиқкўнгил ва меҳнаткаш халқ сифатида танитган ҳамда тарбиялаган асрий анъаналаримизни асраб-авайлаш, зиёлиларимизни, биринчи галда сўз аҳлини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ижод қилишлари учун қулай шароитларни яратиб бериш борасида олиб борилаётган тизимли тадбирларнинг навбатдаги муҳим қадами бўлди, десак айни ҳақ гапни айтган бўламиз.

Бу борадаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас, албатта. Чунки бугун дунёда, бундан ҳатто беш-ўн йил олдин тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган, яратувчанлик ва бузғунчилик ғоялари ўрасидаги аёвсиз курашнинг авж палласига етганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Турли даражадаги оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали халқлар, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод онги ва тафаккурини эгаллаб олиш учун хуружларини узлуксиз давом эттирмоқда. Албатта, бу курашнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо шуниси аёнки, бу курашда фақат маънавий тўкис, аждодлари қадриятларига суянган, маънавий иммунитети кучли бўлган, ўзининг қатъий миллий қарашларига эга, кенг дунёқарашли, нима яхшию нима ёмонлигини англаган миллатгина ўзлигини сақлаб қола олади. Акс ҳолда қайси миллат эканидан, инсоният олдидаги ўтмишдаги ҳар қандай хизматларидан қатъий назар маҳв этилишга маҳкумдир. Зеро, бу бузғунчи ғояларнинг, асосан Ғарбдан ўртага ташланаётгани, гўё эзгу ниятларни кўзлаган бузғунчи ғоялар, шарқ халқлари менталитети ва ҳаёт тарзига ёт ташаббусларнинг ёйилишидан мақсад худди ана шундан иборатдир. Шунинг учун бугун Президентимиз ташаббуси билан миллатимизнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бузғунчи мафкурага ўзимизнинг асрлар синовидан ўтган мафкурамизни, бузғунчи ғояга халқимизнинг яратувчанлик ғоясини, бузғунчи сўзга яратувчи сўзни қарши қўйиш бугунги энг долзарб вазифадир. Халқимиз эса доимо сўз аҳлига эътиқод назари билан қараган, унинг сўзини жон қулоғи билан эшитган. Бирор бир фикрини исботи учун афсона ва ривоятлар, хосиятли ҳадислар билан бирга шоирлардан тўрт сатрми, икки қаторми ибратли мисоллар келтиришган. Шу сабабдан ҳам бугун халқимиз ҳазрат Алишер Навоийни, Бобур Мирзо ёки Огаҳийни ўзларининг устозлари, суянгувчи маънавий пирлари санайдилар. Маънавий пирлар қадриятларга садоқат, буюк ватанпарварлик намуналарини кўрсатган. Душман туғини мажақлаган Шайх Нажмиддин Куброни ёки Навоийнинг халқ фаровонлиги, давлат тинчлиги ва маънавий меросни қўллаб қувватлаш борасидаги оламшумул ишларини эсланг. Амин бўламиз-ки, юқоридаги каби маънавий пирлар, сўз мулкининг султонлари доимо ҳукмдорлар, давлат ҳимоятида бўлишган. Зеро улар халқ бирлиги, мукаммаллиги ва енгилмаслигининг гарови эдилар. Бу ҳол уларнинг сўзларига янада кўпроқ салмоқ бахш этган. Шунинг учун миллат руҳини кўтарадиган, уни ҳушёрликка чақирадиган сўз ҳамиша ана шундай миллат пешқадамлари — шоирлар ва ёзувчилар, олимлар, устозлар тилидан янграган. Шундай экан, ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, бугун мамлакатимизда салоҳиятли сўз айтиш учун яратилаётган имконият халқимизнинг эртанги куни учун, иқтисоддами, ижтимоий жабҳадами, маънавият ва сиёсатдами содир бўлаётган ва кутилаётган ютуқларимиз учун яратилаётган имкониятдир. Сабаби ҳақ гапни айтиш ва эшитишга эга бўлган халқ маънавияти юксак, доно ва шижоатлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» қарори худди ана шундай сўз ва сўз айтувчи салоҳиятини таъминлашга қаратилган ҳужжат ҳисобланади.

Бу борада кейинги тўрт-беш йилда амалга оширилган ишларни бир хаёлдан кечирсак шу қисқа даврда бу борада ҳам ўн йилликларга татигулик ишлар ҳаётга татбиқ қилинганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин: Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг август ойида ўтказилган ёзувчи ва шоирлар билан тарихий учрашуви, мулоқоти ва кейинги фикр олишувлари натижаси ўлароқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун ҳашаматли бинонинг бунёд этилиши, бу бинода адабий-бадиий журналларимиз «Шарқ Юлдузи», «Звезда Востока», «Жаҳон адабиёти», «Ёшлик» ва бошқа нашрларнинг жойлаштирилиши, Адиблар хиёбонининг бунёд этилиши, жойларда ўзбек адабиёти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган адибларимиз номлари билан аталувчи ижод мактабларининг ташкил этилиши, энг асосийси, пойтахтда яшаётган уй-жойга муҳтож ижодкорларни имтиёзли шартларда уй-жойлар билан таъминлаш чораларининг кўрилганлиги мамлакатимизда ижод аҳлини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг яна бир исботидир.

Фақат биз, вилоятларда яшаб ижод қилаётган қалам аҳлининг яна бир орзуси бор. Президентимиз ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳани ёзувчи ва шоирларга эркин баракали ижод қилиш учун мукаммал шароитлар бериш борасида оламшумул тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда жойлардаги мутасаддилар, вилоят ҳокимлари ҳам «Бизга Президент яна қандай топшириқ берар экан, Тошкентдан яна қанақа кўрсатма бўлар экан», деб, кутиб ўтирмай, маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда ўзлари ҳам ташаббус кўрсатсалар нур устига нур бўларди. Чунки вилоятларда ҳам жуда иқтидорли ижодкорлар кўп. Уларнинг кўпчилиги, маълум сабабларга кўра, ўз ижодларини талаб даражасида тарғиб қилиш ёки турли адабий нашрлар учун тавсия қила олмайдилар. Шунинг учун бундай ижодкорларнинг асарлари ҳам кўп нусхада чоп этилса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ижодкорлар маҳаллий бюджет имкониятларидан фойдаланилиб янада кўпроқ қўллаб-қувватланилса, вилоятларда ҳам ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган адиблар ҳаёти ва фаолияти, умуман ижодкорлар, янги асарлар тарғиботи масалаларига бағишланган «Адабиёт фестиваллари» ташкил этилса жойлардаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги янада ошган бўларди. Албатта, бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоятлардаги бўлимлари ташаббус кўрсатишлари лозим. Уюшманинг вилоят бўлимлари, ҳар бир ижодкор ҳам ўз фаолиятини янги шароит ва талаблар асосида қайта кўриб чиқишлари шарт.

Шундагина Президентимизнинг «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган тадбирлар тўлиғича амалга ошган, унинг моҳияти фақат пойтахтда эмас, вилоятларда, чекка-чекка туманларда яшаб ижод қилаётган ижодкорларгача етиб борган ва уларни ҳам марказда истиқомат қилаётган адиблар каби илҳомлантирган бўлар эди. Бунинг учун давлатимиз раҳбари жойлардаги ҳокимларга етарлича имкониятлар яратиб берган. Навбат фақат ишлашга, ташаббус кўрсатишга ва ушбу соҳадаги ишларни жойларда давлат сиёсати талаб қилаётган даражада тўлиқ ва кенг кўламда амалга оширишга қолган.

Шуҳрат ШАТКАРИМ,
 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси,

Маҳмуд Замахшарий номидаги Хоразм вилояти ахборот-кутубхона маркази
такчи мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?