Абдуқодир Ҳусанов жамоаси бу йил АПЛда чемпион бўла оладими?

11:48 15 Август 2025 Спорт
145 0

Европанинг қатор мамлакатларида яқин 2 ҳафтада трансферлар ойнаси ёпилади. Биз Англия Премьер-лигаси клубларининг ёзги трансферлар ойнасидаги юришларини таҳлил қилишни бошлаган эдик. Бугун ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов тўп сураётган «Манчестер Сити» клубига тўхталамиз.

Жамоани тарк этганлар

• Кевин Де Брёйне – шартномаси тугаб, эркин агент сифатида «Наполи»га ўтди;

• Кайл Уокер – «Бёрнли»га 5 миллион евро эвазига сотилди;

• Ян Коуту – «Боруссия Дортмунд»га 20 миллион еврога трансфер қилинди;

• Массимо Перроне – Италиянинг «Комо» клубига 13 миллион евро эвазига сотилган;

• Жейкоб Райт – «Норвич Сити» клубига 2,3 миллион евро эвазига ўтди;

• Скотт Карсон – шартномаси тугади ва клубдан кетди;

• Бир қатор ёш футболчилар бошқа клубларга ижарага берилди.

Ушбу трансферлардан сўнг, «шаҳарликлар»да жиддий пасайиш бўлмайди, катта эҳтимол. Боиси жамоа фақатгина олдинги спорт формасидан чиқиб кетган ва ёши ўтиб қолган футболчилари билан хайрлашди. Уларнинг ўрни ҳам муносиб тўлдирилди.

Жамоага келганлар:

• Тиджжани Реййндерс – «Милан» жамоасидан 55 миллион евро эвазига харид қилинди;

• Райан Черки – «Лион» жамоасидан 36,5 миллион евро эвазига трансфер қилинди;

• Райан Аит-Нури – «Вулверхэмптон» жамоасидан 36,8 миллион еврога келиб қўшилди;

• Жеймс Траффорд – «Бёрнли»дан 31,2 миллион евро эвазига трансфер қилинди;

• Сверре Нюпан – «Розенборг» клубидан 15 миллион евро эвазига олиб келинди;

• Маркус Беттинелли – «Челси»дан 2 миллион евро эвазига келиб қўшилди.

Жамоа ёзги трансферлар ойнасида жами 176,8 миллион евро сарфлади. Ўз футболчиларининг трансферларидан эса 35 миллион евро ишлади.

Асосий трансферлар таҳлили

Тиджжани Реййндерс — 27 ёш, Нидерландия фуқароси, марказий ярим ҳимоячи

Реййндерс прессингга чидамли, ритмни бошқарадиган футболчи. Агар ёнида кучли таянч ярим ҳимоячи (масалан, Родри типидаги) бўлса, ўзининг жамоадаги таъсирини максимал даражада кўрсата олади.

Футбол тилида айтганда уни «box to box» ярим ҳимоячи деб аташ мумкин. Шунингдек, Тиджжанининг паслари аниқлик даражаси ҳам юқори (92%).

Райан Черки — 22 ёш, Франция фуқароси, ўнг қанот вингери

Черки якунланган мавсум ўз жамоаси таркибида 44 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 20 та голли узатма амалга оширди. Қанот вингери учун самарадорлик жуда яхши.

Жуда дриблинг устаси. Тор зоналарда рақибни бемалол алдаб ўта олади. Дриблингларининг аксарияти Франция чемпионатида ўйнаган ҳимоячиларга ўтган.

Райан Черки креативлик жиҳатидан жуда юқори даражадаги ҳужумкор ярим ҳимоячи. У икки оёқда ҳам бирдек кучли зарба ва пас бера олади.

Прогрессив пас ва тўпни олиб юришларда юқори статистикага эга. Ҳужумнинг якуний зонасида голлар ва ассистлар билан мунтазам ҳисса қўшади.

Қарши ҳужум ва тезкор комбинацияларда ҳал қилувчи узатмалар беради. Баʼзида ўйинда ортиқча рискка бориши сабабли тўп йўқотади.

Жисмоний чидамлилиги яхши, лекин психологик барқарорликда ишлаш керак. Тўғри тизимда ундан “game-changer” сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Райан Аит-Нури — 24 ёш, Жазоир фуқароси, чап қанот ҳимоячиси

Райан – ҳужумга йўналтирилган чап қанот ҳимоячиси. Тезлик ва дриблинг билан рақиб чизиғини ёриб ўтишга устa.

«Вулверхэмптон»да ўйнаган даврида ҳимоячилар орасида энг кўп гол+ассист қилганлардан бири бўлди. Прогрессив дриблинглар ва майдон бўйлаб тўпни олиб юришда жуда фаол.

Тор зоналарда прессинг остида ҳам аниқ пас бера олади. Ҳужум якунидаги асосий узатмаларни амалга оширади.

Баъзида ҳимояда позицияни йўқотиб, 1 га 1 вазиятларда заифлик кўрсатади. Ортиқча дриблингга берилиб, тўп йўқотиш ҳолатлари учраб туради.

Ҳимоявий статистикаларида interception ва блокланган зарбалар ўртача даражада.

Шунга қарамай, Райан «Манчестер Сити» устози Пеп Гвардиола услубига тўла мос футболчи сифатида эътироф этилди. Боиси ундан Пеп айнан Invert full-back ролида фойдаланмоқчи. У олдинги жамоасида ҳам деярли шунақа ўйнаган. Бу ҳақида Райаннинг собиқ бош мураббийи Эду Рубио ҳам таъкидлади.

Сверре Нюпан — 19 ёш, Норвегия фуқароси, ярим ҳимоячи

Асосан марказий ёки ҳужумкор ярим ҳимоячи. Ҳар икки томонлама ярим ҳимоячи сифатида ўйнай олади.

Тўпни бир тегинишда қабул қилиш ва тез пас беришда жуда аниқ, зич зоналарда ҳам ишончли ўйнайди.

Ҳужумларни қуришда ҳал қилувчи узатмалар бериши билан ажралиб туради. Ёши кичик бўлишига қарамай, катта «вижн»га эга, яъни ҳужумдаги бўш зоналарни эрта пайқай олади.

Рақиб босими остида ҳам совуққонлик билан ўйнайди. Айнан шу жиҳати уни АПЛ савиясидаги футболчига айлантирди.

Узоқдан ҳам, жарима майдонида ҳам аниқ зарба бериши мумкин, аммо зарбаларини жуда кучли деб бўлмайди.

Ҳозирча куч жиҳатидан тўлиқ «етилмаган», лекин тезкорлиги ва чаққонлиги билан камчиликни қоплайди. Ҳужумкор футболчи бўлишига қарамай, прессинг ва қайта ҳужумни тўхтатишда фаол. Темпни ошириш ёки паслар орқали рақибни чалғитиш бўйича жуда самарали.

Ўйин услуби жиҳатидан унга Мартин Эдегор ёки Кевин Де Брёйнега ўхшаш имкониятлар бор.

Янги мавсумда жамоанинг имкониятлари қандай?

Кўплаб мутахассислар ва футбол аналитикаси билан шуғулланувчи порталлар «шаҳарликлар»нинг бу йилги потенциалига юқори баҳo бермаяпти. Жамоа Англия Премьер-лигасида узоғи бронза медалга эга чиқиши тахмин қилинмоқда.

Лекин шуни унутмаслик керакки, жамоада ўйин тақдирини ҳал эта оладиган футболчилар ва дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири ишламоқда. Демак, жамоанинг имкониятлари ёмон эмас. Қолганига янги мавсумда баҳo берамиз.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер