Аббосбек Файзуллаевга Италиянинг машҳур жамоаси қизиқиш билдирмоқда

11:33 17 Апрель 2024 Спорт
340 0

Архив сурат

Ўзбекистон терма жамоаси ва Россиянинг ЦСКА клуби ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевга Италиянинг энг қадимий жамоаларидан бири “Парма” қизиқиш билдирмоқда.

Гап шундаки, “Парма” фаолиятини ёритиб бораётган parmalive.com сайти эксперти Жузеппе Эмануэле Фризоне ушбу жамоа ўзбек футболчисини кузата бошлагани ҳақида маълумот тарқатди.

“А Серияга чиқиш учун курашни давом эттираётган “Парма” ҳозирдан таркибни кучайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, клуб Марказий Осиёнинг юлдуз даражадаги ўйинчисини кузатувга олган. Бу — Аббосбек Файзуллаев. Аббос техникаси кучли плеймейкер ва ёш ҳужумчи сифатида Москванинг ЦСКА жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Бу футболчи айниқса, голларга ассистент сифатида самарали ўйнамоқда. Ҳужумкор ўзбек футболчиси ўз қитъасининг энг салоҳиятли ёш ўйинчиларидан ҳисобланади ва сўнгги ойларда унга “Бавария” қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар тарқамоқда”, — дея ёзмоқда Жузеппе Эмануэле Фризоне.

“Парма” айни пайтда В Серияда иштирок этмоқда. Клуб 33-турдан сўнг, 69 очко билан мусобақа жадвалида пешқадам бўлиб турибди. Бу жамоа энг яқин таъқибчиси “Комо”дан беш очкога ўзиб кетган.

Аббосбек ЦСКА сафида жами 25 та ўйинда қатнашиб, тўртта гол ва 11 та ассист қайд этган.

Transfermarkt портали футболчимизнинг трансфер қийматини 5 миллион еврога баҳоламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?