Абадиятга дахлдор сиймо

16:27 14 Февраль 2025 Маданият
231 0

Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,

Келсун агар юзумни эвурсам, бало манга...

Радиодан янграётган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазали асосида яратилган ушбу ашулани тинглар экансиз, беихтиёр тақдир бошига юз балолар ёғдирган улуғ бобомизнинг шахси, ҳаёти ва ижоди хаёлимизда жонланади.

Бу улуғ сиймо мураккаб ва таҳликали даврда умргузаронлик қилган бўлса-да, ўзининг инсон сифатидаги шаъни, қадр-қимматини сақлаб қолгани, эзгу мақсади йўлида курашувчанликни намоён этгани, ортга чекинмагани, мардлик, жасорат, шижоат, адолат ва Ватанга муҳаббат, илм-маърифат бобида барчага ўрнак бўлгани ҳар қандай кишида ҳайрат ва ҳавас уйғотади.

Ҳақиқатан ҳам, буюк бобомизнинг салмоқли илмий-ижодий мероси, “Бобурнома”, “Мубаййин ал-закот”, “Мухтасар”, шунингдек, гарчи ҳанузгача топилмаган эса-да “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” асарларини ёзгани, икки девон тузгани, Хўжа Аҳрорнинг “Волидия” асарини таржима қилгани, “Хатти Бобурий” деб номланган янги алифбо тузгани — бутун умри тинимсиз урушлар, ҳаловатсизлик, саргардонлик, хиёнатлар ичра кечганини ҳисобга олсак, бу инсоннинг нақадар туғма истеъдод соҳиби бўлганини, қомусий билимларни эгаллаганини англатади.

Давлат арбоби сифатида улкан салтанат тузгани, мамлакатда тинчлик-тотувлик ўрнатгани, барча соҳа тараққиётига кенг шароит яратгани, бунёдкорликка катта эътибор қаратгани ҳам Бобур Мирзо шахсининг феноменал қирраларини намоён қилади.

Бу ҳақда сўз кетганда, инглиз олими Валдемар Хансен “Ҳиндистон ва унинг саккиз минг йиллик тарихи бамисоли бир товус бўлса, ўша кўп минг йиллик тарихдаги Бобурийлар сулоласининг 332 йиллик ҳукмронлик даври ана шу товуснинг гултожисидир”, дея таъкидлаганини қайд этиш жоиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти беҳаловат ўтса-да, ижодни унутмади, дилбар ғазаллар, рубоийлар, туюқлар яратди. Миллий адабиётимиз, маданиятимиз ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Ва ана шундай буюк инсон миллатимиз вакили, аждодларимиздан бири экани, шубҳасиз, халқимизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди.

Бобур Мирзо ҳаёти, ижоди ва фаолиятига бутун дунёда қизиқиш катта. Жаҳон олимлари, хусусан, мамлакатимиз бобуршунослари бугунги кунда улуғ бобомиз ҳаёт йўли, бебаҳо мероси ҳақида қатор тадқиқотлар олиб бормоқда. Илмий, бадиий китоблар нашр қилдирмоқда.

Юртимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш, ижодини ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида аҳамият бериляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари бундан саккиз йил олдин Андижонга ташрифи чоғида кенг жамоатчилик билан учрашувда бу ерда вояга етган улуғ зотлар, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига алоҳида урғу қаратиб, 2017 йилни Андижонда “Бобур йили” деб эълон қилган эди. Унинг бой маънавий меросини янада чуқурроқ ўрганиш, кенг тарғиб қилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Мирзо Бобур бизнинг бобомиз, фарзандларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиз эканини таъкидлаганди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда, жумладан, Андижонда бу борада асрларга татигулик ишлар қилинди. “Боғи Бобур” мажмуаси барпо этилиб, унинг рамзий қабр-мақбараси қад ростлади.

“Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан халқимиз ва хорижлик меҳмонларнинг қадами узилмайди. Буюк ижодкор ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедиция томонидан олиб келинган ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар ўрин олган музей мамлакатимиздаги диққатга сазовор масканлардан бирига айланган.

Вилоят марказида адибнинг ҳайкали ўрнатилди. Бугун Бобур шоҳ кўчаси Андижон шаҳридаги энг обод кўчалардан биридир. Андижон давлат университети, вилоят театри ва кутубхонаси унинг номи билан юритилади. Бобур ёдгорлик музейи фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали, буюк бобомиз номи билан юритилувчи халқаро жамоат фонди томонидан Бобур халқаро мукофоти таъсис этилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртларидан бири. Элликдан ортиқ ихтисосликлар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаётган мазкур илм даргоҳининг бакалавр ва магистратура йўналишларида минглаб талабалар таҳсил олмоқда.

Бобур номидаги вилоят мусиқали комедия ва драма театри ҳамда ахборот-кутубхона маркази маданият, маънавият ва зиё маскани сифатида халқимизга хизмат қилмоқда. Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан шоир ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Ҳозирги кунда ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим, шу билан бирга, йирик давлат арбоби ва саркарданинг ҳаёти ҳақида дунё жамоатчилиги жуда яхши билади. Шунга қарамай, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда унинг таваллуд манзили ҳақида турли қарашлар пайдо бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, унинг “Бобурнома” асарида туғилган жойи, болалик даври ҳақида аниқ маълумот қайд этилмаган. “Бобурнома”даги воқеалар баёни унинг 12 ёшда Фарғона тахтига ўтириши воқеаси билан бошланади. Мирзо Бобурга замондош бўлган муаллифлар, шунингдек, бобурийлар даври тарихчилари томонидан битилган қўлёзма асарларда ҳам улуғ шоҳ ва шоирнинг туғилган жойи хусусида аниқ ишоралар берилмаган бўлса-да, кўпчилик олимлар ўз тадқиқотларида якдиллик билан унинг туғилган жойини Андижон, дея эътироф этишади.

Бу ҳақда таниқли географ, бобуршунос олим Ҳамидулла Ҳасанов 1983 йилда нашр қилинган “Бобур сайёҳ ва табиатшунос” номли асарида шундай келтиради: “Заҳириддин Муҳаммад (бўлғуси Бобур) 1483 йил 14 февралда туғилган. Бобур ўзи қаерда туғилганлигини аниқ айтмайди. Кўпчиликнинг фикрича, у Андижон шаҳрида туғилган. Бироқ “Андижонда туғилганлиги” бир чеккаси мунозара бўлиб кўринарди. У қароргоҳ пойтахт Ахсикатда ёки ажаб эмас она Ватани Тошкентда туғилиб, кейинчалик Андижонга — вилоятнинг асосий пойтахт шаҳрига келтирилган бўлиши ҳам эҳтимол тутиларди. Ниҳоят, яқиндагина анча ишонарли мулоҳаза айтилди: Ахси, асосан, ёз ойларидаги қароргоҳ бўлган, куз ва қишда Андижонга кўчиб келинган, Заҳириддин эса қишда — февралда туғилган. Шу далилларни асос тутиб, “Бобур Андижон аркидаги хонадонда туғилганлиги ҳеч шубҳасиздир”, деса бўлади (Сайфиддин Жалилов. “Фан ва турмуш” журнали, 1982 йил, 8-сони).

Чиндан, андижонлик таниқли бобуршунос олим Сайфиддин Жалилов юқорида кўрсатиб ўтилган мақоласида Бобур таваллудидан анча аввалроқ Андижон асосий пойтахт, Фарғона давлатидаги бош шаҳар мақомини олиб бўлгани, бу ҳақида “Бобурнома”да кераклича далиллар мавжудлигини кўрсатиб, Ахси ёзги қароргоҳ вазифасини бажаргани, у ерда, асосан, ҳарбий қўшин, аскарлар жойлашгани, подшо қароргоҳи ва ҳарами пойтахт Андижонда доимий қўним топганини илмий жиҳатдан асослаб берган.

Энг асосий далил сифатида эса Мирзо Бобур таваллуд топган фасл — қишнинг февраль ойига эътибор қаратилиб, бу даврда ҳукмдор, унинг оиласи, сарой аёнлари пойтахт Андижонда истиқомат қилганини кўрсатиб, унинг шу шаҳарда туғилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмаган. Мазкур илмий хулосадан кейин улуғ аждодимизнинг туғилган жойи масаласи бўйича мунозараларга чек қўйилди.

Шунингдек, “Бобурнома” асарида келтирилган маълумотлар, Бобурнинг айрим ғазаллари мисраларида унинг Андижонга бўлган муҳаббати, шу замин фарзанди эканига доир эҳтирослар барқ уриб туради. Жумладан, шоирнинг “Баҳор айёми” деб аталувчи машҳур ғазалидаги:

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг

Ғарибингға тараҳҳум айлагимким, андижонийдур,

— деган мисралар унинг Андижонда туғилганига яққол далилдир.

Аслида, Бобур Мирзо каби улуғ шахслар, улар қолдирган маънавий, маърифий, ижодий мерос биргина халқ ёки миллатгагина эмас, бутун башарият тараққиётига хизмат қилади. Шу маънода, қаерда туғилиши, қайси жойда яшаб ўтишидан қатъи назар, бундай даҳолар умуминсониятники, десак, айни ҳақиқат.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида ҳам алоҳида ўринга эга. Унинг ибратли ҳаёт йўли, қимматли асарлари халқимизга юксак ғурур бахш этиб, ёшларнинг эзгу ғоялар негизида камол топишига ҳисса қўшади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, Бобур Мирзо — халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти... Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Бахтиёржон АКБАРАЛИЕВ,

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?