9 нафар шогирди олимпиада ғолиби бўлган яйпанлик ўқитувчининг  муваффақияти сири нимада?

22:20 27 Январь 2021 Жамият
1664 0

Шу кунларда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида жойлашган 65-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқитувчиси Одинахон Йўлдошеванинг 9 нафар ўқувчиси фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолиби бўлгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

«Халқ сўзи» мухбири ушбу таълим муассасасида бўлиб, информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Одинахон Йўлдошева билан суҳбатлашди.

— Бевосита информатика фанидан 9 нафар, яна бир нафар ўқувчимиз математика фанидан вилоят олимпиадаси ғолиби бўлди, — дейди чорак аср мобайнида ўқитувчилик касбидан ҳурмат-эътибор топиб келаётган қаҳрамонимиз. 1 Шунингдек, 7 нафар ўқувчимиз халқаро олимпиадада қатнашувчи номзодлар рўйхатига киритилди.

Айни пайтда таълим даргоҳида Ўзбекистон, Учкўприк, Фурқат ва Бешариқ туманлари ҳамда Қўқон шаҳридан саралаб олинган 373 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Ўтган йилги битирувчиларнинг қарийб 85 фоизи олий таълим муассасаларига кирган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични юз фоизга етказиш режалаштирилган.

Билим даргоҳи оптик толали интернет тармоғига уланган. Замонавий компьютер синфларида барча шароитлар муҳайё. Фидойи ўқитувчи дарсдан бўш вақтларида ҳам мунтазам равишда ўқувчилари билан қўшимча машғулотлар ўтказади.

Шу боис айнан ахборот технологиялари соҳасида мактаб битирувчилари орасида АҚШ, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Россия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётган, дунёга машҳур компанияларда фаолият олиб бораётган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади.

Вилоят олимпиадаси ғолиблари бўлган Шаҳбоз Эркабоев, Салоҳиддин Талабжонов, Дилшод Шуҳратжонов, Самандар Садриддинов сингари ўқувчилар инновацион ғояларга асосланган дастурий таъминот қўлланмалари, тадбиркорлик лойиҳалари орқали аллақачон маблағ ишлаб топишга ҳам муваффақ бўлишмоқда.

— Ҳар бир ўқувчим ютуғидан худди унвон олгандай қувонаман, — дейди «Халқ таълими аълочиси» кўкрак-нишони соҳиби, олий тоифали ўқитувчи Одинахон Йўлдошева. – Ишонаманки, юртимизда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат туфайли яқин истиқболда ўқувчиларимиз Ўзбекистон довруғини бутун дунёга достон қиладилар.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи» 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?