8 соатдан 18 соатгача: Уйқу ҳақида биз билган ва билмаган ҳақиқатлар

10:55 21 Декабрь 2020 Жамият
25073 0

2020 йил инсоният учун синовлар ва саломатликка эътибор йили бўлди, деб айтиш мумкин. Коронавирус пандемияси даврида ҳамма ҳадикда яшади ва яшамоқда. Бундай даврда соғликка алоқадор ҳар қандай жараён яхшилаб ўрганишга арзийди. Шу жумладан уйқу ҳам. Бу борада ТДЮУнинг Ихтисослаштирилган Филиали Касбий-жанговар тайёргарлик кафедраси доценти в.б п.ф.н Х Ахмедов маълумот берди.

 “Уйқу вақтида мушаклар тонуси сусаяди (уйқудаги одамнинг кўп мушаклари бўшатган бўлади), сезувчанликнинг барча турлари – кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, тери сезувчанлиги кескин сусаяди. Шартсиз ва шартли рефлекслар тормозланади. Қаттиқ уйқуда нафас уйғоқликдагига нисбатан анча чуқур, юрак уриши секин, артериал қон босими, тўқималарга қон келиши, моддалар алмашинуви, тана ҳарорати паст бўлади. Буларнинг барчаси уйқу ҳолатида мия билан бир қаторда ҳужайралар ва тўқималар ҳаёт фаолиятини таъминловчи ҳамма ички аъзоларнинг ҳам «дам» олишидан далолат беради.

Аммо уйқу ҳақидаги замонавий тасаввурларга кўра, уйқу фақат дам олиш эмас, балки кун бўйи олинган турли ахборотни қайта ишлаш ва эртаси кун яна қабул қилиш қобилиятига эришиш учун қаратилган жараёндир.

8 соат ухлаш шарт, деган қоида ҳақида ҳаммамиз эшитганмиз. Айнан 8 соат дейилишига қандай асослар бор? Қатор тадқиқотларда инсон саломатлиги учун айнан мана шунча вақт давом этувчи уйқу зарурлиги ўз тасдиғини топган. Мунтазам равишда бундан кам ухловчиларда турли касалликларга чалиниш эҳтимоли ортган.

Фақат олимлар бир масала устида кўп баҳслашадилар – уйқу бузилиши касалликларга сабаб бўладими ёки турли касалликлар белгиси сифатида уйқу бузилиши пайдо бўладими?

Болалар учун 11 соат, гўдаклар учун 18 соатгача уйқу зарур.

70 йил яшаган одам умрининг 30 йилга яқинини уйқуда ўтказади, умримизнинг кўп қисмини ухлаб бой беряпмиз, деган гапларни кўп эшитамиз. Лекин инсон организми учун уйқунинг аҳамияти ниҳоятда катта ва фақат шу жараёндагина ўз қобилиятини тиклай олади. Ўрта ёшдаги соғлом одамда 3-5 сутка ухламаслик қайтмас жараёнларга олиб келади. Болалар ва кексаларда бу муддат янада қисқа.

Уйқу режими. Уйқунинг максимал даражада фойда ва минимал даражада зарар етказиши учун инсон бир вақтда ухлаб бир вақтда уйғониши керак. Бу режимнинг бузилиши организмнинг биоритми – биологик соатини бузилишига олиб келади. Айтиш лозимки, ҳаттоки дам олиш кунлари хам уйқу ва тетиклик режими ўзгармаслиги керак. Бу ҳолатни ёш болалар мисолида кўриш мумкин – улар дам олиш куни хам мактаб кунлари хам бир пайтда ухлаб бир пайтда уйғонади. Улардан ўрнак олинг.

Уйқу давомийлиги. Олимларнинг якуний фикрича уйқунинг ўртача давомийлиги 7-8 соатни ташкил этади.

Уйқунинг ҳам турлари бор

Уйқумиз ҳам бир неча босқичдан иборат ва уларнинг ҳар бири 60-100 дақиқа давом этади.

 Дастлабки босқич – мудраш уйқу ва уйғоқлик орасидаги вақтдан иборат. Бунда нафас, пульс секинлашади, мушаклар бўшашади.

 Кейин ярим чуқур уйқу жараёни бошланади. Бунда инсон ухлайди, лекин айрим ахборотни қабул ва таҳлил қилиш ортидан ўзини уйғоқдек ҳисоблайди.

Учинчи, асосий босқич – чуқур уйқу айнан энг муҳим, узоқ давом этувчи ва инсон ҳеч нарсани сезмайдиган жараён.

Кўпчилик чуқур уйқуда тушь кўрилади, дейди. Аслида тушлар иккинчи ёки учинчи босқичда эмас, чуқур уйқудан кейин қайтилган енгил босқичда кўрилади.

Якунда инсон тез уйқу босқичини ҳам ўтказади.

Эрта ва кеч уйғонувчилар

Одамлар бу борада икки тоифага бўлинадилар: эрта ёки кеч уйғонувчи- лар.

 Умуман олганда, тахминан 30 фоиз инсонлар эрта турувчилар, 30 фоизи кеч уйғонувчилар, қолган 40 фоизи ўрталиқдагилардир.

 Соғлик учун вақтида ва етарлича ухлашнинг аҳамияти беқиёс. Буни бир мисол билан тушунтириш мумкин – энг оғир ҳолатдаги беморлар саломатлиги айнан чуқур уйқу ёрдамида сақлаб турилади ва шу жараёнда муолажалар олиб борилади.

Уйқуга тўймаслик нимага олиб келади?

Кунлик уйқу нормасини етарли бўлмаслиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Сўнгги йилларда «уйқу булемияси» номли синдром кўп кузатилмоқда. Яъни ҳафта давомида қисқа уйқу (3-4 соат) режимида фаолият юргизиб, дам олиш кунлари 12-13 соат ухлаш орқали компенсация қилиш одатга айланмоқда.

Тўйиб ухламаслик оқибатлари:

• Иммунитетни тушиши;
• Иш фаолиятини пасайиши;
• Диққат-эътиборни ва хотирани сусайиши;
• Юрак хасталикларига мойиллик;
• Бош оғриғи;
• Семириш;
• Эркакларда тестостерон миқдорини 30% га камайиши, қорин қўйиш, простата безини шамоллашга мойиллиги;
• Стресс гормони – кортизол миқдорини ортиши;
• Депрессия;

Уйқу бузилишини қандай турлари бор: Инсомния (уйқусизлик) – инсон қийин ухлайди ва уйқу ҳолатида кам булади.

• Гиперсомния — ортиқча уйқучанлик.

• Парасомния — уйқуда юриш, тунги қўрқув ва ваҳималар, кечки сийдик тута олмаслик, тунги эпилептик талвасалар.

• Ситуатив (психосоматик) инсомния — эмоционал табиатли уйқусизлик, 3 ҳафтадан кам давом этади.

• Интрасомния – тез-тез уйғониш;

• Пресомник бузилишлар – инсонни уйқуга кетиши қийин бўлади.

• Постсомник бузилишлар - уйғонгандан кейинги бузилишлар, ланжлик, уйқучанлик.

• Уйқу пайтидаги апноэ – уйқу пайтида нафас олишни секинлашуви ва тўхтаб қолиши (бемор ҳеч нима сезмаслиги мумкин). 

Бруксизм - чайнов мускулларини уйқу пайтидаги спазми – инсон жағлари ёпилиб, тишларини ғижирлатади.

Узоқ ухлаш фойдалими?

Кам ухлаш зиён экан, кўп ухлашга тиббиёт қандай қарайди? Суткада 10-15 соат ухлаш – ортиқча ухлаш ҳисобланади. Ортиқча ухлаш хам худди кам ухлаш сингари зарарли ҳисобланади. Уйқу гормонини ортиқчалиги инсонни тез чарчайдиган, ланж қилиб қўяди ва инсонлар қанча кўп ухласам шунча кўп уйқум келаяпти деб нолийди. Физик жиҳатидан ортиқча ухлаш инсонларда депрессия, мигрень хуружлари, қон томирларни димланиши ва қон босимини ортишига  сабаб бўлади», дейди мутахассис.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?