75 ёшли отахон маҳалла инфратузилмаси яхшиланиши ташаббускори ва ҳомийси

11:35 25 Апрель 2025 Жамият
143 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бағдод туманининг «Хитой» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи таълим соҳаси фахрийси, 75 ёшли Нўмонжон Янгибоев маҳалла инфратузилмасини яхшилашдаги эзгу ташаббуслари билан танилган.

Гап шундаки, табаррук ёшли отахон маҳалладошларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда ички йўлларда замонавий шароитлар яратиш ташаббускори ва ҳомийси ҳисобланади.

Яқинда меҳнат фахрийсининг ҳаж сафарига жамғариб юрган маблағи ҳисобидан маҳалла ҳудудида тоза ичимлик суви қудуғи қазилди. Натижада 100 дан зиёд хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ҳудуддаги 2-ихтисослаштирилган мактаб жамоаси ҳам бу қулайликдан беҳад мамнун бўлишди.

Нўмонжон Янгибоевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли маҳалла ҳудудидаги 300 метр ички йўл таъмирланди ва асфальт ётқизилди. Шу билан бирга, бевосита отахон бош-қошчилигида икки нафар кам таъминланган оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди.

— Кўп йиллар мобайнида таълим соҳасида ишлаб, турмуш ўртоғим билан 4 нафар фарзандни элу юрт хизматига камарбаста қилиб тарбияладик, — дейди фахрий ўқитувчи. — Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ҳаёт тарзимиз, оилалар фаровонлиги буткул яхшиланди. Хусусан, маҳалламиз кўчалари тўлиқ асфальтлаштирилди, электр таъминотидаги узилишларга барҳам берилди.

Ана шу жараёнда бугунги бахтли ҳаёт, юрт келажагига тааллуқли юмушларда фаол ҳисса қўшишни мақсад қилдим. Шу боис маҳалла фаоли сифатида ўзаро маслаҳатлашган ҳолда қўлдан келганича амалий ишларга киришганмиз.

Айтиш жоиз, бугунги кунда ушбу маҳаллада 2800 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Ҳар бир оила фаровонлигини ошириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ўзида ўнлаб микролойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бу маҳаллада тадбиркорликни жадал ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуд янада обод бўлишига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?