420 млн сўмга қурилгани айтилган мактаб аслида бўм-бўш ер бўлиб чиқди – Норбоева

21:58 23 Апрель 2021 Жамият
2602 0

Олий Мажлис Сенатининг бугунги ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева парламент учун биринчи галдаги муҳим масаласи – бу бюджет масаласи эканини қайд этди. Бу соҳада талон-торожликларга чек қўйиш керак.

- Ўтган йилда 2,5 мингдан зиёд бюджет муассасасида 301 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-тарож қилинган, - деди Сенат раиси. - Нархларни сунъий ошириш орқали давлат харидларини амалга ошириш ҳолатлари аниқланганлиги ташвишли ҳол. Коррупцияга қўл урган мансабдор шахслар сони кўпайиб бораётгани (2019 йилда 1 минг 339 нафар, 2020 йилда 1 минг 723 нафар) мазкур иллатга қарши курашишни янада кучайтиришни тақозо этади.

Таҳлилларга кўра, қурилиш соҳасидаги 44 қонун ҳужжати экспертизадан ўтказилганда, уларнинг ярмида (23 тасида) 124 та; соғлиқни сақлаш соҳасидаги 70 қонун ҳужжатининг 19 фоизида (13 тасида) 41 та; Таълим соҳасидаги 96 қонун ҳужжатининг 18 фоизида (17 тасида) 81 коррупциявий омиллар аниқланган.

Т.Норбоева шулардан келиб чиқиб, прокуратура мазкур йўналишдаги ишларда таъсирчан ва қатъий чоралар қўллаши, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига аниқ таклифлар киритиши зарурлигини таъкидлади.

Мажлисда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида жойлардаги мутасаддилар масъулиятни тўла ҳис қилмаётгани танқид қилинди. 

Хусусан, 5 минг 200 дан зиёд тадбиркор ҳуқуқлари бузилган. Тадбиркорлар манфаатларига зид келувчи 350 дан зиёд ноқонуний ҳужжат чиқарилган. 24 мингга яқин тадбиркорнинг турли йўналишлардаги (кредит, ер, бино, коммуникация, лицензия) муаммолари фақатгина прокуратура органларининг аралашувидан кейин ҳал қилинган.

Қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланишга етарлича эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 10 минг гектардан зиёд ер ўзбошимчалик билан эгалланган. Қарийб 14 минг гектар ердан мақсадсиз фойдаланилган.

– Айрим соҳаларида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларига барҳам берилмаётганини умуман тушуниб бўлмайди, – деди Танзила Норбоева. – Халқ таълими тизимида 192 млрд сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Сохта ҳужжатлар асосида 40 млрд сўмдан ортиқ маблағ, жумладан, Деҳқонобод, Чироқчи, Қамаши, Яккабоғ туманлари халқ таълими бўлимларида 8,7 млрд сўмлик иш ҳақи ноқонуний ўзлаштирилган, миллиардлаб маблағлар самарасиз лойиҳаларга ажратилган. Тизимдаги қурилиш-таъмирлаш ишларида қарийб 6 млрд сўм маблағ нотўғри сарфланган. Беруний туманида 420 млн сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилди деб кўрсатилган мактаб филиали аслида бўм-бўш ер бўлиб чиққанини ақлга сиғдира олмаймиз.

Сенат мажлисида шу каби камчиликларни бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслик бўйича топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?