2027 йилгача 140 минг фойдаланувчи қамровига эга рақамли экотизим яратилади

15:22 23 Май 2025 Жамият
134 0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан «Илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси асосида тизимни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилгани таъкидланди. Сўнгги беш йилда 13 та ахборот тизими жорий этилгани ва улар орқали 90 мингдан ортиқ фойдаланувчига хизмат кўрсатилаётгани маълум қилинди.

Иш юритиш билан боғлиқ 11 турдаги ҳужжатлар айланмаси тўлиқ рақамлаштирилгани, рақамли хизматлар сони 8 тага етказилгани қайд этилди. Шунингдек, 2024 йилда Рақамли ҳукумат тизими орқали 39 турдаги маълумотларни узатиш йўлга қўйилгани билдирилди.

Агентлик томонидан синов режимида 3 та янги ахборот тизими — «Академик ҳаракатчанлик» дастури, хорижий илмий стажировкаларни ташкил этиш ягона электрон тизими ва стартаплар платформаси ишга туширилгани, шунингдек, Давлат илмий дастурлари ва олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштириш тизимлари такомиллаштирилгани маълум қилинди.

Таъкидланишича, рақамлаштириш туфайли аризаларни кўриб чиқишда инсон омили камайган, ишлаш вақти ва қоғоз ҳужжатлар ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, Давлат илмий дастурлари бўйича аризаларни кўриб чиқиш муддати 2023 йилдаги 8–14 ойдан 2024 йилда 5–9 ойгача қисқарган.

Олий таълимдан кейинги таълим тизимида ҳам рақамлаштириш натижасида 54 та жараёндан 53 таси рақамлаштирилгани, тизимдан фойдаланувчилар сони 85 минг нафарга етгани қайд этилди.

Агентлик келгусида 2025–2027 йилларда 14 та янги ахборот тизимини жорий этиш ва 3 та мавжуд тизимни такомиллаштиришни режалаштираётгани, натижада рақамли хизматлар сони 21 тага, фойдаланувчилар сони эса 140 минг нафарга етказилиши кўзда тутилгани маълум қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?