2026 йилда сувни тежаш технологияларига 3,3 триллион сўм йўналтирилади

13:38 26 Декабрь 2025 Сиёсат
123 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида сув танқислиги муаммоси дунё миқёсида тобора долзарб масалага айланиб бораётгани ҳақида гапирди.

«Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик», деди Президентимиз.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистраль каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳалар бошланади.

Пойтахтимиз, вилоят марказлари ва шаҳарларда «яшил» ҳудудларни кўпайтириш учун суғориш, дренаж тизимларини қайта тиклаш зарурлиги таъкидланди.

Бунинг учун 160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер