«2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди

09:55 11 Декабрь 2025 Сиёсат
158 0

Жорий йилнинг 10 декабрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси нинг қўшма мажлисида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, экспертлар, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, келгуси йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлар 567,6 трлн сўм этиб белгиланмоқда. Тақчиллик эса ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилмоқда.

2026 йилда Давлат бюджети харажатлари 402,6 трлн сўмни, даромадлари эса 368,9 трлн сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари эса 78,6 трлн сўм, харажатлари 74,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) миқдорида белгиланмоқда.

2026 йилда Давлат бюджетида суд-ҳуқуқ фаолияти ва коррупциянинг олдини олиш учун 5,7 трлн сўм назарда тутилмоқда.

Муҳокама жараёнида 2026 йилда коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмларнинг янада такомиллашуви, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилашга, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида кўзда тутилган маблағлар ва уларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, 2026 йилда биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларга ажратилган маблағларнинг миқдори, харажат йўналишлари ва бюджетдан ажратилган трансфертлар сарфланишининг самарадорлиги, натижадорлиги ва мақсадлилигига эришиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Муҳокама якунида қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?