2025 йилнинг илк чорагида қанча одам судланган?

20:05 22 Апрель 2025 Жамият
478 0

2025 йилнинг биринчи чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 19 646 нафар шахсга нисбатан 15 681 та жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жиноят иши бўйича кўриб чиқилган шахсларнинг 108 нафари оқланиб, реабилитация қилинган. Судланганлар эса 15 369 кишини ташкил этган. Бунда 4 764 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 10 319 нафарига эса бошқа турдаги жазолар тайинланди, 286 киши шартли ҳукм қилинди.

Судланганларнинг 13 611 нафари эркак, 1 708 нафари аёл киши бўлган. 6 066 нафари ёшлар ва 601 нафар 60 ёшдан ошган шахслар қонун олдида жавоб берди. Ёшларнинг 702 нафари вояга етмаган фуқаролар бўлишган.

Бундан ташқари, 2 042 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан ҳамда 8 181 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Яна 2 746 кишининг жазоси енгили билан алмаштирилди ва 3 765 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

«Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 286 нафар шахсга нисбатан 240 та жиноят иши кўриб чиқилди. 58 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 87 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди», дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, безорилик кабилар бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?