2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун қабул тартиби ва тест тўғрисидаги маълумот ҳамда материаллар уларга қулай форматда бўлиши таъминланади

14:34 03 Март 2023 Жамият
1291 0

Фото: Халқ сўзи

АОКАда Адлия вазири ўринбосари ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Қарорда белгиланган қуйидаги масалалар аҳамиятига алоҳида аҳамиятга эга:

— ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш ва давлат идораларида мансабдор шахсларнинг қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёзлар берилади;

— «Юридик ёрдам» ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга адвокатлар томонидан ихтиёрий равишда бепул профессионал юридик ёрдам кўрсатилишини (pro bono) ташкил этишга кўмаклашувчи тизим жорий этилади;

— тиббиёт муассасасида даволанишда ногиронлиги бўлган болаларга ғамхўрлик қилиш учун унинг яқинларидан бирига шароит яратиб берилиши, жумладан ушбу даврга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши ҳамда бепул овқатланиш йўлга қўйилади;

— протез-ортопедия ва реабилитация буюмлари олишга сертификат бериш учун тиббий хулоса талаб этиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, болалар ногиронлигининг белгиланганлиги асослилигини аниқлаш мақсадида уларни такроран тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартибининг бекор қилинганлиги ҳамда натижада эндиликда болаларнинг қайтадан текширувдан ўтказилиши ёки ташхисга аниқлик киритиш учун даволаш муассасасига қўшимча текширишга юборилиши ва маълум бир давр мобайнида ортиқча сарсонгарчиликлар юзага келишига чек қўйилган.

Бундан ташқари, ҳозирга қадар қонунчилик билан ногиронлиги бўлган шахслар (болалар) ва уларга ғамхўрлик қилаётган яқинларига кўплаб масалалар юзасидан имтиёзлар берилган бўлсада, мазкур имтиёзлар бир нечта ҳужжатларда тарқоқ ҳолатда белгиланганлиги, уларнинг ягона рўйхати йўқлиги мазкур имтиёзларни қидириб топиш ва улардан амалда фойдаланиш жараёнларини мураккаб ва ноқулай қилиб қўйганлиги, шу боис, қарорда ушбу фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзларнинг ягона рўйхатини шакллантириш ҳамда ушбу Ягона рўйхатни Адлия вазирлигининг “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталига жойлаштириш ва Интернет тармоқларида доимий ёритиб бориш белгиланган.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия ва реабилитация қилиш воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида, қарорга асосан:

— 2023 йилда 475 нафар муҳтож шахсларни замонавий хорижий протез-ортопедия буюмлари (оёқ, сон ва болдир протези ҳамда оёқ аппарати) билан бепул таъминлаш,

— 2023 йил 1 июлга қадар ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар таъминланадиган протез-ортопедия ва реабилитация буюмлари рўйхатини кенгайтириш, жумладан электр кресло-аравача, махсус функцияли ақлли соат, брайл ёзув мосламаси, овозли термометр ва тонометр, ёзги мураккаб ортопедик пойабзал каби қўшимча 6 та восита билан тизимли таъминлаш (ҳозирда амалдаги рўйхатда 18 та) кўзда тутилган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив ривожланиши ва таълим олишига кўмаклашиш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

— ногиронлиги бўлган шахслар билан ишловчи педагоглар сони ва салоҳиятини ошириш мақсадида «Махсус педагогика, дефектология» магистратура мутахассисликлари (логопедия, сурдопедагогика, олигофренопедагогика) бўйича олийгоҳларга қабул тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилиши;

— ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун қабул тартиби, тест тўғрисида маълумот ва материаллар қулай форматда бўлиши (видеороликлар, сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилиши) таъминланиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?