2021 йил учун давлат бюджети: Пандемия харажатлари ва ижро кўрсаткичлари қандай бўлади?

13:49 16 Ноябрь 2020 Сиёсат
516 0

Айни пайтда парламент қуйи палатаси депутатлари Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси ҳамда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва Бюджетномани дастлабки тарзда кўриб чиқишни бошладилар. Муҳокамаларда асосий эътибор ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, иқтисодий кўрсаткичлар, таҳлиллар ва натижаларга қаратилмоқда. Мухбиримизнинг Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин НАЗАРОВ билан суҳбати шу хусусда бўлди.

— Шарофиддин Ҳакимович, маълумки, жорий йил учун Давлат бюджети илк бор қонун сифатида қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг ўтган 9 ойдаги ижросида қандай ўзига хос жиҳатлар кўзга ташланмоқда?

— Энг аввало, шуни эътироф этмоқчиманки, Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларда, иқтисодиёт соҳасида туб ўзгаришлар айнан бюджет-солиқ соҳасида амалга оширилди ва ўзининг самарасини бера бошлади, десак тўғри бўлади.

2020 йил учун қонун кўринишида қабул қилинган Давлат бюджетининг 9 ойлик ижросининг аҳамиятли жиҳатлари тўғрисида тўхталадиган бўлсак, энг аввало, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаларида бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш борасидаги аниқ вазифаларига эътибор қаратишимиз керак. Бунда бюджет ижросини нафақат тармоқлар ва соҳалар, балки ҳар бир вазирлик ва идоралар кесимида чуқурроқ таҳлил қилиш, бу бўйича мутасаддиларнинг доимий ахборотларини эшитиб бориш талаб этилади. Бундан ташқари, бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтиришда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан ички аудит тизимини фаоллаштириш ва масъулиятини ошириш лозим.

Давлат бюджети ижросининг аввалги йиллардан яна бир фарқли жиҳати шундаки, бюджетни қонун лойиҳаси сифатида шакллантириш ва ижросини муҳокама қилиш жараёнида шаффофликни таъминлашга катта эътибор қаратилаётганидадир. Шунинг учун ҳам тақдим этилган Давлат бюджетининг 9 ойлик ижросида бюджет даромадлари ва харажатларидан ташқари биринчи даражали бюджет тақсимловчилари, бюджетдан ташқари жамғармалар, Давлат бюджетининг ҳудудлар кесимидаги ижроси, берилган солиқ имтиёзлари, солиқ тўловлари динамикаси, боқиманда қарздорлик, ортиқча тўланган солиқ суммаларига оид маълумотлар тақдим этилмоқда. Натижада Давлат бюджетининг ҳар чораклик ижроси депутатлар томонидан чуқур, мазмунли ва қизғин муҳокама қилинмоқда. Мана шу муҳокама жараёнларида депутатларда янги бюджет лойиҳаси бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар туғилмоқда. Ушбу таклиф ва тавсиялар йил якунини кутиб ўтирмасдан, умумлаштирилиб, тегишлилигича Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, шунингдек, бошқа вазирликларга доимий равишда киритиб борилмоқда.

Бюджетни қонун кўринишида қабул қилиш ва ижросини таъминлашнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу жараёнда маҳаллий Кенгашларнинг роли ва мустақиллиги борган сари ошиб бораётир. Улар томонидан солиқ ва бюджет сиёсатига доир таклиф ва тавсияларнинг аксарияти муҳокама қилинаётган лойиҳада аксини топаётгани диққатга сазовор. Бундан 4-5 йил олдинги давр билан солиштирсак, бюджет лойиҳаси тайёрланаётганда маҳаллий ҳокимиятлар бюджет даромадлари ва харажатлари бўйича таклиф ҳам беролмасди, берса ҳам ҳеч ким уни инобатга олмасди. Ҳозир вазият тубдан ўзгарганлигини 2021 йил учун Давлат бюджети қонун лойиҳасининг 3 бобида яққол кўришимиз мумкин. Ушбу бобда бюджетлараро муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари тўлиқ очиб берилган.

— Биламизки, айни пайтда Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси ҳамда 2021 йил учун Давлат бюджети қонун лойиҳаси муҳокамага тайёрланмоқда. Ушбу жараён ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Дарҳақиқат, айни пайтда Давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ва масъул қўмитада муҳокама қилиш борасида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Халқаро тажриба ҳамда бюджетни қонун кўринишида шакллантиришнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, депутатларга инфографика кўринишида материаллар тайёрладик. Бундан ташқари, семинар-тренинг ташкил қиляпмиз. Шунингдек, депутатлар бюджет ижроси билан биргаликда янги қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиши ва таҳлил қилиши учун махсус услубий қўлланма ишлаб чиқдик.

Депутатлар учун республиканинг ҳар бир шаҳар ва туманларининг иқтисодий ва молиявий салоҳиятига оид амалий қўлланма тайёрлаб, тарқатилди. Маҳаллий бюджетларга жалб этилган қўшимча даромадларни оқилона тақсимлаш бўйича жойларда юзага келаётган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий Кенгашларга услубий қўлланма ишлаб чиқилди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети мисолида қўллаб кўрилди. Айни пайтда қўмитамиз томонидан Бюджет бошқармаси билан биргаликда жойларда маҳаллий бюджетга қўшимча жалб этилган даромадларнинг 10 фоизини аҳоли таклиф ва талабларидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тажриба тариқасида ўрганилмоқда.

— Коронавирус пандемияси туфайли дунё иқтисодиёти мисли кўрилмаган даражада зарар кўрди. Бизнинг иқтисодиётимизга, қолаверса, Давлат бюджети даромадларини шакллантиришга пандемия қандай таъсир кўрсатди?

— Пандемия оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро молия институтларининг прогнозларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти ўртача 4-4,5 фоиз атрофида қисқариши кутилмоқда. Пандемиянинг асоратлари Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Шунга қарамасдан 2020 йилнинг 9 ойлиги якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсди. Йил якунига кутилаётган ўсиш даражаси бундан юқорироқ бўлишига етарлича имкон бор. Бунга жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида қишлоқ хўжалиги (3,4 фоизга ўсиш), қурилиш ишлари (8,6 фоиз), истеъмол товарлари ишлаб чиқариш (2,3 фоиз) ва бошқа бир қанча соҳа ва тармоқлардаги ижобий динамика асос бўла олади.

Пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан, жорий йил 9 ойлик Давлат бюджети даромадлари 94 457,2 млрд. сўмни ташкил этиб, аниқлаштирилган прогноз кўрсаткичлари 102,9 фоизга бажарилганлигини кўришимиз мумкин. Шунга кўра, Давлат солиқ қўмитаси бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари 1 966,5 млрд. сўм ортиғи билан (102,8 %) бажарилган.

Давлат бюджетининг 2020 йил 9 ойлик харажатлари давлат мақсадли жамғармаларини ҳисобга олмаган ҳолда 94,5 фоизга ижро этилган ёки бюджет харажатлари ЯИМ га нисбатан 25,0 фоизни ташкил этди. Бюджет ташкилотларининг қарийб 33,6 трлн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 7,1 трлн. сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштириб берилгани муҳим аҳамиятга эга.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 53 685,3 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 52,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 13,1 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 84,0 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди. Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг 29,1 трлн. сўми ёки қарийб 64,5 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни молиялаштиришга йўналтирилди. Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 21 638,8 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Бир сўз билан айтганда, пандемия шароитида бюджет маблағлари ҳисобидан ижтимоий соҳаларни тўлақонли фаолиятини молиявий таъминлаб бериш Президентимиз ташаббуси билан бундан 3-4 йил олдин бошланган кенг қамровли солиқ ва молия тизимини ислоҳ қилишнинг ижобий натижалари сифатида қараш мумкин.

— Сизнингча, пандемия шароитида соғлиқни сақлаш борасида қўйилган мақсадларга қай даражада эришилди?

— Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 13 638,5 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 069,7 млрд. сўмга (29,0 фоиз) кўп маблағлар ажратилган. Йўналтирилган маблағнинг жами Давлат бюджети харажатларидаги улуши 13,3 фоизни (2019 йилда 12,2 фоиз) ташкил этди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан тасдиқланган соғлиқни сақлаш соҳасига доир Давлат дастурлари ва марказлашган тадбирларга жорий йилнинг 9 ойлигида 431,1 млрд. сўм ажратилиб, шундан 424,0 млрд. сўм (98%) маблағ ўзлаштирилган. Шунингдек, мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда коронавирус бўйича эпидемиологик вазият ёмонлашувининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган зарурий тадбирлар олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасига ҳозирда юзага келган пандемия шароитида тасдиқланган бюджет маблағларидан ташқари Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ҳам маблағлар йўналтирилган. Жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 2 440,3 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Албатта, пандемияга қарши кўрилган комплекс чора-тадбирлар ва уларни ўз вақтида молиявий маблағлар билан таъминлаш йил бошида ушбу соҳани ривожлантириш, аҳоли соғлиғини сақлаш ҳамда соғлом турмуш кечириши борасида қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш имконини беради.

— Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси ҳамда 2021 йилга Бюджетнома муҳокамасида депутатлик корпусининг ёндашуви қандай бўлмоқда? Қандай масалаларга кўпроқ эътибор қаратиляпти?

— Юқорида айтганимдек, депутатларимизнинг кўпроқ эътиборини тортадиган жиҳат — бу бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масаласидир. Бу бежизга эмас. Чунки Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилнинг 9 ойлигида ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган 129,1 млрд. сўм бюджет интизоми бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланган, шундан 96 млрд. сўми (74%) бюджетга тикланиши таъминланган.

Бундай ҳолатлар ҳисобот даврида энг кўп Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим вазирликлари тизимида аниқланган.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда долзарб бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағларнинг сарфланишида коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб этилган тиббиёт муассасаларида 70,7 млрд. сўмлик хато ва камчиликлар, амалдаги қоидаларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлашда депутатлар кўп эътибор бера бошлаган масалалардан яна бири бу — натижадорлик. Бу борада бюджет тизимида эндигина аниқ чора-тадбирлар кўрила бошлади, десак тўғри бўлади. Бунинг учун бюджет тизимида «Натижага йўналтирилган бюджет»ни шакллантириш ва ижросини таъминлашда жиддий ўзгаришлар қилиниши керак. Шуни ҳисобга олган ҳолда депутатларимизда Молия вазирлиги ва бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга кўплаб саволлар бўлиши, табиий.

Яна бир муҳим масалалардан бири бу — Давлат инвестиция дастурига ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган маблағлардир. Депутат — халқ вакили. Шу туфайли электоратни қийнайдиган газ, ичимлик суви, электр таъминоти, йўллар, боғча, мактаб ва соғлиқни сақлаш масалалари 9 ой якунлари бўйича ҳам, шунингдек, 2021 йил учун Давлат бюджети қонуни лойиҳасининг муҳокама марказида бўлиши, табиий.

Бу муҳокамалардан пировард мақсад — фақат ютуқларни эътироф этиш эмас, балки йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш, уларни келтириб чиқараётган омилларнинг туб моҳиятига етиш, булардан тўғри хулосалар чиқаришдир. Кўриб, кузатаётганингиздек, муҳокамалар танқидий руҳда ўтмоқда. Албатта, Давлат бюджетининг 9 ойлик якуни бўйича депутатлар хулосалари Давлат бюджетининг янги лойиҳасини сифатли тайёрлашга замин бўлишига шубҳа туғдирмайди.

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?