2020 йилда Самарқандда 11 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди.

14:24 24 Февраль 2021 Иқтисодиёт
1478 0

«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятда 465 та балиқчилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, ушбу хўжаликларнинг жами сув ҳавзаси 9660,7 гектарни, шундан, табиий сув ҳавзалар 8108 гектар ва сунъий сув ҳавзалар 1552,7 гектарни ташкил этади. 2020 йилда балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар томонидан жами 11 минг 457 тонна балиқ маҳсулоти ички истеъмол бозорига етказиб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги «Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 100-сонли қарорига асосан 2021 йилда Каттақўрғон туманидаги «Каттақўрғон жайхуни» ҳамда Пастдарғом туманидаги «Пўлат балиқ ҳавзаси» фермер хўжаликларига балиқларнинг карп зотини кўпайтириш бўйича наслчилик мақоми берилди.

Самарқанд туманидаги «Оқ Амур балиқлари» фермер хўжалиги томонидан вилоят фермерлари учун ҳар йили 500 минг донадан ортиқ балиқ чавоқлари етказиб берилмоқда. Балиқнинг оқ амур, оқ дўнгпешона, зоғора балиқ сингари зотлари сунъий ҳовузларда интенсив усулда етиштирилиб, талабгорларга арзон нархларда етказиб берилаётгани бозорларга чиқарилаётган маҳсулот таннархини арзонлаштириш имконини бермоқда.

Ўтган 2020 йил мобайнида Самарқанд вилоятидаги ўнлаб фермер хўжаликларига 20 тоннага яқин балиқ чавоқлари етказиб берилди. Шу билан бир қаторда ички бозорга 140 тонна парҳез маҳсулот сотувга чиқарилди.

Ушбу фермер хўжалиги мутахассислари балиқчиликни сунъий ҳавзаларда «қафас» усулида ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор беришмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича бундай усул сунъий ҳовуз сувини янгилаб туриш имконини беради. Фермер хўжалиги томонидан балиқчилик соҳасига қизиқиш билдираётганларга тўлақонли маълумот бериш мақсадида туманнинг «Гулистон» ММТП ҳудудида лойиҳа қиймати 27 миллиард сўмлик «Балиқчилик комплекси» ва экобоғ бунёд этилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга тушса 28 та янги иш ўрни яратилади.

Жомбой туманидаги «Владимир тилло балиқ» фермер хўжалиги томонидан 3,6 гектар майдонда жойлашган сунъий сув ҳавзасида балиқнинг сазан, карп, осётр, теляпия сингари зотлари парваришлаб кўпайтирилмоқда. Жомбой давлат қўриқхонаси атрофида жойлашган мазкур фермер хўжалиги мутасаддилари балиқ парваришлаш билан бир қаторда экотуризимга ҳам алоҳида эътибор қаратишган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бир киши бир йилда 12 килограммдан кам бўлмаган миқдорда балиқ истеъмол қилиши керак. Кўп давлатларда бу меъёридан ҳам ошади, яъни 40 килограммга етади. Шу жиҳатдан олиб қарасак ҳам мамлакатимизда бугунги кунда балиқ маҳсулоти етиштириш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг аҳамияти катта.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?