2019 — 2022 йилларда 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган

18:48 31 Октябр 2022 Жамият
459 0

Иллюстратив фото

Маълумотларга кўра, 2019 — 2022 йилларда республикада 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган. Аммо амалдаги қонунчиликда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз ва тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган.

Бу эса амалиётда айбдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларига асосан жавобгарликка тортилишига, уларга қилмишга яраша жазо тайинланмай қолишига сабаб бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган “Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан бундай ҳолатлар учун жавобгарлик янада кучайтириляпти.

Таъкидланганидек, сўнгги беш-олти йилда юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида қатор ижобий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада яхшиланди, уларнинг кўлами, энг асосийси, олис ҳудудлардаги аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари кенгайди.

Амалга оширилаётган ишларга қарамай, соҳада айрим муаммо ва камчиликлар ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кишини ташвишга солади.

Шу билан бирга, беморлар даволанадиган муассасаларда шифокорларга тажовуз қилиш атрофдаги бошқа беморлар ва фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини хатарга қўяди. Аниқроқ айтганда, уларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларига ҳам дахл қилади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган янги нормалар акс этаётгани тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратини эътиборга олиб, лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар берган ҳолда, ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда фракция фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер