11 млрд сўмдан зиёд пулни Ўзбекистондан Қозоғистонга яширинча олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга олинди

14:18 04 Май 2021 Жамият
910 0

Давлат хавфсизлик хизмати жуда катта миқдордаги пул маблағларини Қозоғистонга олиб ўтмоқчи бўлган темир йўл тизими ходимларини қўлга олди.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Ўзбекистон» локомотив депосининг 2 нафар машинисти «Чуқурсой-Сарағоч» йўналишида ўзлари бошқариб кетаётган юк поезди электровозининг хуфиёна жойларида 971 минг 50 АҚШ доллари, 47 минг 720 евро, 3 млн 424 минг 500 россия рубли миқдоридаги пул маблағларини яширган ҳолда Қозоғистон Республикасига олиб ўтмоқчи бўлганларида қўлга олинган.

Бундан ташқари мазкур электровоз Келес темирйўл бекатига олиб келиниб қайта текширувдан ўтказилганда машинист ўриндиғи остига яширилган қўшимча 1 минг 50 АҚШ доллари ҳам аниқланган.

Ушбу хорижий валюталарнинг миллий валютадаги умумий қиймати 11 млрд 277 млн 447 минг сўмни ташкил этади.

Дастлабки суриштирув жараёнларида Қозоғистон Республикасига олиб ўтиш учун мазкур валюталарни машинистларга Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи фуқаро берганлиги маълум бўлиб тезкор тадбир давомида у ҳам ДХХ томонидан қўлга олинган.

Валюталарни қўшни давлатга олиб чиқиш эвазига машинистлар 300 АҚШ доллари олишган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ДХХ тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?