10 мингдан 34 минг АҚШ долларгача: Адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди (+видео)

10:48 18 Март 2025 Жамият
69 0

Фото: Иллустратив

Андижон, Тошкент ва Бухоро вилоятларида адвокатлар томонидан амалга оширилган ноқонуний ҳаракатлар аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида бир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилди.

Андижон вилоятида Бўстон туманида фаолият юритувчи адвокатлик бюросининг адвокат стажёри ва 1984 йилда туғилган шахс ўзаро келишган ҳолда, 34 сотих ер майдонини турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 34 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Ушбу шахслар ер кадастри тизимидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштиришга урингани аниқланган.

Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати эса Бектемир туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган 4 нафар шахсни жавобгарликка тортмаслик ва қамоқ эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилган. Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур маблағни адвокатнинг таниши олган вақтида қўлга олинган. Бухоро вилоятининг Пешку туманида адвокатлик бюроси адвокати жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан судланган шахсга нисбатан кассация инстанциясида оқлов ҳукми чиқариш масаласини ҳал қилиш эвазига 12 минг АҚШ доллари олганлиги аниқланган. У тезкор тадбир вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тошкент вилоятида эса Шайхонтоҳур туманида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси ишчиси ички ишлар органлари тергов бўлимидаги жиноят ишини тугатишга ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган. У бу маблағни 1993 йилда туғилган таниши орқали олган ва тезкор тадбир давомида қўлга тушган. Бундан ташқари, у аввалроқ SPA-салон бошқарувчисидан 4500 АҚШ доллари олгани ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари адвокатларнинг қонунга хилоф ҳаракатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кучайтирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?