10 000 дан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрди

23:05 20 Май 2025 Жамият
92 0

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга Ҳиндистондан келувчи сайёҳлар сони сезиларли даражада ошди ва 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 47,4 фоизга кўпайиб, 10 300 нафарни ташкил этди. Умумий келувчилар сонидан 5 310 киши туризм мақсадида саёҳат қилган, 3 065 нафари бизнес мақсадида ташриф буюрган.

Ўтган йилга нисбатан ҳиндистонлик сайёҳларнинг 3 300 нафарга кўпайиши виза олиш тартибининг осонлаштирилгани, ҳаво қатновининг яхшилангани ва халқаро туризм тадбирларида фаол тарғиботнинг олиб борилгани сабабли Ўзбекистон жозибадорлиги ошиб бораётгани билан изоҳланади. 

Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий ўсишга ҳисса қўшиш салоҳиятини тан олган ҳолда туризм саноатини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Ҳукуматимиз вакиллари Ҳиндистон каби йирик мамлакатлар бозорларини нишонга олиб, халқаро туризм кўргазмалари ва савдо ярмаркаларида фаол иштирок этмоқда. Жанубий Осиёдаги энг йирик туризм ярмаркаси бўлган Деҳлидаги “SATTE — 2025” нинг 32 тадбирларида ҳам Ўзбекистон делегацияси иштирок этди ва унда Ўзбекистон фахрий меҳмон бўлди.  

 Ҳукумат "Ўзбекистон - 2030" концепцияси доирасида туризмни янада ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва иш ўринларини яратишга эътиборни қаратмоқда. Ҳиндистонлик сайёҳлар учун саёҳат талабларини соддалаштириш ушбу катта мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнайди. Деҳлидаги тадбирларда 2030 йилга қадар Ўзбекистонга келувчи ҳиндистонлик сайёҳлар сонини уч бараварга ошириш ҳақида оптимистик фикрлар билдирилди.

Ҳиндистон паспортлари соҳиблари ҳозирда Ўзбекистонга ташриф буюриш учун электрон виза олишлари мумкин ва ҳиндистонлик саёҳатчиларга визасиз кириш ҳуқуқини бериш имконияти бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Визасиз сиёсатнинг жорий этилиши Ҳиндистондан сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошишига, ишбилармонлар ва талабаларнинг Марказий Осиё мамлакатига ташриф буюришини осонлаштириши мумкин. Айни пайтда Ҳиндистоннинг йирик шаҳарлари ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилмоқда, бироқ туризм расмийлари саёҳатни янада қулай ва арзон қилиш мақсадида янги йўналишларни жорий этиш устида ишламоқда.

Камолиддин ЭРГАШЕВ,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?