1 та голли хато, 1 та карточка, 83 фоиз аниқлик: Ҳусановнинг «Ман Сити»даги дебюти қандай ўтди?

25 январь куни Англия Премьер-лигаси 23 тури доирасидаги марказий баҳсда «Манчестер Сити» Лондоннинг «Челси» клубини қабул қилди.
Қувонарлиси шундаки, ушбу баҳсда «шаҳарликлар» таркибида ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ўзининг илк дебют ўйинини ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, Ҳусанов «Ман Сити» таркибига атиги 5 кун олдин келиб қўшилган ва бор йўғи бир марта тўлақонли машғулот ўтказган. Шунга қарамай, дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири Пеп Гвардиола ҳамюртимизга ишонч билдириб, энг муҳим баҳсда асосий таркибда туширгани ўзбек футболи тарихидаги ёрқин воқеийлик саналади.
Учрашув ҳамюртимиз учун яхши старт олмади. Ҳусанов 3-дақиқадаёқ ҳимояда қўпол хатога йўл қўйди. Натижада рақиб ҳужумчиси Медуекке жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Кўп ўтмай голли вазиятга чиқиб кетаётган «Челси» ҳужумчи Коул Палмерни қўполлик ишлатиб тўхтатиши орқали сариқ карточка ҳам ишлаб олди. Ҳусанов тезда ўзини тиклаб олишга муваффақ бўлди ҳамда ўйиннинг қолган қисмини ишончли тарзда ўтказди. 42-дақиқада Гвардиолнинг голи эвазига ҳисоб тенглашди.
Ҳусанов иккинчи бўлимни ҳам асосий таркибда бошлаган бўлсада 54-дақиқада захирага олинди.
Ўйиннинг қолган вақтида «Ман Сити» ҳар жабҳада «Челси»дан устун келди. 68-дақиқада Ҳоланд ва 87-дақиқада Фоден томонидан киритилган голлар Ҳусановнинг дебютида «шаҳарликлар»га муҳим ғалабани келтирди. Ушбу ғалаба билан Пеп шогирдлари 41 очко тўплади ва турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олишди.
Абдуқодир Ҳусанов «Ман Сити» таркибидаги дебют ўйинида 83 фоиз аниқ пас берди. Ҳамюртимиз ўйин давомидаги ҳаракатлари учун якунда 6.5 балл олди.
Баҳсдан сўнг кўплаб футбол мутахассислари хатоси ва карточкасига қарамасдан футболчимизни қўллаб қувватлашди.
Жумладан, «Ман Сити»нинг собиқ ҳимоячиси Жолеон Лексотт журналистларга берган интервюсида бу каби хатолар кўплаб номдор ўйинчиларда ҳам учраб туришини, бундан фожиа ясамаслик кераклигини таъкидлаб ўтди.
Жамоа бош мураббийи Пеп Гвардиола ҳам ўйиндан сўнг Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги дебюти ҳақида гапириб ўтди.
«Ҳусанов учун осон бўлмади. У фақат бир марта машғулот ўтказди ва дарҳол Николас Жексон, Коул Палмер, Нони Мадуеке, Жадон Санчо каби кучли ҳужумчиларга қарши майдонга тушди. Ёш футболчи сотиб олганингизда, бу табиий жараён ҳисобланади. У ўрганяпти. Бундай ҳаракатлар – олишингиз мумкин бўлган энг яхши дарслардан биридир», — дейди Гвардиола.
Шунингдек, Пеп Гвардиола Абдуқодир Хусановнинг инглиз тилини билмаслигини, у билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишда қийинчиликлар бўлаётганини ҳам қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Ман Сити»нинг навбатдаги ўйини АПЛ 24 тури доирасида, сафарда Лондоннинг «Арсенал» жамоасига қарши бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг