Нуротада 200 гектар ерда ёнғоқзор барпо этилади
Фото: Халқ сўзи
Қадим Нуротадан шарққа қараб йўл олган киши бугун бир-бирига туташиб кетган интенсив боғлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинзорларига дуч келади. Ҳолбуки, ушбу кенгликлар яқин-яқингача қақраган, бирор юз йиллар кетмон тегмаган тақир ерлар эди.
Нурота тоғ тизмаларининг Оқтов ва Қоратоғ оралиғидаги ушбу унумдор ерларда бугун Навоий вилоятининг бир қатор йирик саноат корхоналари ўзларининг ёрдамчи хўжаликларига асос солишган. Шунингдек, қўшни Самарқанд ва мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан тадбиркорлар сармоя киритиб, серҳосил боғлар яратмоқда. Ўтган йили эса “FHH GARDEN FLOWER” МЧЖ томонидан 2,5 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилиб, 500 гектар ер майдонида лавандазор барпо этишга киришилди.

Яқинда “ANGORA AGRO INDUSTRIAL” МЧЖ асосчиси бўлган туркиялик инвесторнинг 500 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтириб, юпқа пўчоқли, оқ мағизли ёнғоқзор барпо этиш ташаббуси Нурота тумани ҳокимлиги томонидан маъқулланди.
— Ушбу боғ учун ер танлашда қарийб 1,5 минг гектар ердаги тупроқ ҳолатини ўргандик, — дейди турк инвестори Мусайид Фатин. — Шу асосда 200 гектар ер танланиб, айни мавсумда мазкур ер майдонига 50 минг туп ёнғоқ кўчати экишни режалаштирганмиз.
Дарвоқе, боғда томчилатиб суғориш технологияси қўлланиши ҳудуднинг сув ресурсларига айтарли таъсир ўтказмайди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг