Ўтган йили 38 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди — Судьялар олий кенгаши

19:01 04 Февраль 2022 Жамият
1497 0

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тизимда катта ўзгаришларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш, муносиб кадрларни танлаш ва тайинлаш, тизимда очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилда Судьялар олий кенгаши қарори билан 38 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилди. 

Шундан 19 нафари судьялик қасамёди ва “Судьялар одоби кодекси” талабларини бузгани учун, 8 нафари ўз хоҳишига кўра, 8 нафари бошқа ишга ўтгани, 3 нафари эса вафот этгани муносабати билан ваколати муддатидан илгари тугатилган. Ўтган йилда 220 нафар судья бошқа турдаги интизомий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, 2022 йилдан эътиборан тизимда очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш орқали судьяларнинг масъулиятини янада ошириш мақсадида йўл қўйган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилганлар ҳақида ҳам мунтазам очиқ ахборот бериб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 3 февраль куни йўл қўйган камчиликлари ва масъулиятсизлиги учун фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьялари А. Бахромов ва Ҳ. Саидов, Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси Ф. Муродов, жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди судьяси Ш. Амиров, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси А. Жабборов, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг судьяси Ш. Абдыжемилова, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг судьялари И. Калниязов ва М. Бекимбетов, фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг судьяси Д. Шоматова, фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судининг судьяси Ж. Бобоназаров интизомий жавобгарликка тортилди.

Судьялар қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслардир. Шу боис барча судья бир хил мақомга эга. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани боис судьянинг зиммасидаги масъулият катта.

Ўз навбатида, судьянинг мақоми ҳамда масъулиятидан келиб чиқиб, уларнинг ижтимоий муҳофазаси кучайтирилди, фаолияти ҳақли эътирофга муносиблари рағбатлантириб келинмоқда. Куни кеча юқорида қайд этилган Фармонга асосан тизим тарихида биринчи марта жорий этилган “Ибратли судья” мукофотининг илк 16 нафар соҳиблари аниқланиб, тантанали равишда топширилгани фикримизга дадилдир.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер