Чигирткадан экспортбоп ун — Нишонда айни шу йўналишда янги лойиҳа амалга оширилади

11:24 09 Ноябрь 2021 Жамият
3605 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, чигиртка қишлоқ хўжалик ўсимликларининг энг хавфли кушандасидир. Бу зараркунандани бартараф этиш учун Қашқадарё вилоятида ҳар йили 130 минг гектар майдонга кимёвий ишлов берилади ва сарф-харажатлар учун 10 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланади.

Буни қарангки, бу зараркунанда таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис бутун дунёда чигиртка унига талаб жуда юқори экан. Шу боис қашқадарёлик тадбиркор Музаффар Ҳамзаев вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳа қиймати 4,1 млрд. сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва ҳар килоси 3,7 АҚШ доллардан сотилади. Шунингдек, 10 та янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда чигиртка унини экспортга чиқариш учун тадбиркор М. Ҳамзаевнинг “Merry-Cricket” масъулияти чекланган жамияти ва Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар ўртасида шартнома имзоланди.

— Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир Фармонига асосан республикадаги 13 та туман, шу жумладан, Нишон тумани ҳам иновацион ҳудудга айлантирилиши белгиланган,— дейди Қашқадарё вилояти инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавланов. — Бу лойиҳа мазкур ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Яна бир фойдали жиҳати шундаки, чигирткани далалардан йиғиб олиш учун аҳоли вакиллари жалб қилинади. Махсус тўр қопларда ҳашаротларни йиғиб топширгани учун уларга тегишли миқдорда ҳақ тўланади. Буям аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Чигиртка уни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида чигирткалар чатиштирилади ва қайта ишлаш учун махсус етиштирилади.

Энг муҳими, бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?