Замонавий университет кутубхонаси, ноёб галерея, туризм қишлоғи, шахмат кафеси — инфотур ана шундай манзилларни қамраб олди

Яқинда Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Самарқанд вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти кўмагида маҳаллий ҳамда хорижий ОАВ вакиллари учун инфотур ташкил этилди.
Ушбу ўзига хос маданий-маърифий саёҳат кун тартиби сермазмун ва ўзаро боғлиқ тарзда тузилгани билан эсда қоларли бўлди.
Унда журналистлар дастлаб таълим бериш сифати ва тенденциялари борасида мутлақо замонавий бўлган "Ипак йўли" халқаро туризм университети фаолияти билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур таълим муассасаси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 28 июнь куни Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурилган ташаббус асосида очилган.
Бугунги кунда университет мамлакатимизнинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан биридир.
«Ипак йўли» халқаро туризм университетида туризм соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим йўлга қўйилган. Бакалавриатнинг кундузги таълим дастури 20 дан ортиқ йўналишни ўз ичига олади. Туризм соҳасида маркетинг, туризм (фаолият йўналишлари бўйича: рақамли туризм), туризм соҳасида дизайн, туризм соҳасида логистика, оммавий тадбирларни бошқариш, қўлланма-экскурсия ва таржима фаолияти шулар жумласидандир.
2019 йилдан бошлаб «Ипак йўли» халқаро туризм университетида «3+1» бакалавр таълимининг қўшма дастури амалга оширилмоқда.
Таълим муассасаси Guilin Tourism университети (Хитой Халқ Республикаси), Logistic High School (Чехия Республикаси), Jakarta Sahid Polytechnic (Индонезия), Суракарта туризм Саҳид институти (Индонезия) каби жаҳон университетлари билан «икки диплом» дастури доирасида шартнома тузган.
Бунинг натижасида талабалар учун уч йил Самарқандда, бир йил мазкур ҳамкор университетларнинг бирортасида таъли олиш, шу асосда иккита диплом олиш имконияти яратиб берилган.
Ушбу даргоҳга кириб боришингиз билан смарт-технологиялар нафасини ҳис қиласиз. Университет атрофида ям-яшил майсазорлар, енгил шабадада тебраниб турган манзарали бута ва дарахтларга, очиқ осмон остидаги катта шахмат доскасига кўзингиз тушади.
Ҳамма шароитларга эга сузиш ҳавзаси, спорт зали талабалар ихтиёрида.
Бизни эътиборимизни ўзига тортган асосий жиҳатлардан бири мазкур университетнинг туризм соҳаси бўйича энг сара китоб ва адабиётлар йиғилган кутубхонаси бўлди. Мазкур зиё маскани тақдимоти эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан ўтказилди.
Ўзига хос жонли ва мазмунли презентация давомида журналистлар бевосита ҳукумат вакилидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Ҳатто телевидение вакиллари ушбу савол-жавобларни тўғридан-тўғри эфирга ҳам узатишди.
Хуллас, университетдан бир олам таассуротлар билан кейинги манзилга йўл олинди.
У Самарқанднинг энг гўзал манзилларидан бири ҳисобланган Регистон майдони қаршисида жойлашган "Ўсматбой" санъат галереяси эди.
Ушбу маданият масканида ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг кўплаб таниқли рассомлари ва ҳайкалтарошлари асарлари билан яқиндан танишиб, интервью олишди.
Қайд этиш жоиз, галерея жорий йилнинг 22 март куни қайта очилган бўлиб, унда Нуриддин Калоновнинг асарлари кўргазмаси ташкил этилган. Рассомнинг 500 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда.
Мавзулар ҳам турфа: тарихий, кундалик, лирик. Лекин уларни бирлаштирадиган ягона жиҳат ижодкорнинг ўз халқига, тарихига, Ватани ва унинг бетакрор табиатига бўлган чексиз муҳаббати эканлигини англаш қийин эмас эди.
Бу ерга нафақат шаҳар аҳолиси, балки кўплаб меҳмонлар ҳам келиб. эстетик завқ олиб қайтишмоқда.
Ташкилотчиларнинг айтишича, ҳар 2-3 ойда "Ўсматбой"да янги бадиий кўргазма ўтказилиб турилади.
Шундан сўнг журналистлар Самарқанд туманидаги Конигил туристик қишлоғига боришди. Кўҳна тарих ва замонавий хизматларни ўзида уйғунлаштирган ушбу макон кўп жиҳатлари билан ажралиб турар экан.
Масалан, гид ҳамроҳлигида нафақат Самарқанд қоғози тайёрланиши ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлинди, балки шу бўйича қадимий технологиялар билан бевосита танишилди.
Шу аснода ота-боболаримизнинг физика, кимё, ботаника, математика ҳақидаги билимлари ўша пайтда нақадар юксак бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қилинди.
Масалан, қоғоз ипак қуртлари баргларини еб тугатган тут навдаси пўстидан тайёрланар экан ва у одатий муқобилидан чидамлилиги, хушбўйлиги ҳамда ранги билан ажралиб туришини ҳам билиб олдик. Масалан, оддий оқ қоғоз 200-300 йил «яшаса», Конигилда яратилаётган тут қоғози минглаб йиллар давомида ўзига битилган маънавий-маърифий бойликни авлодларга бекаму кўст етказиб бериши мумкин.
Конигилдаги оқиб турган зилол сув, унга туташиб кетган кўплаб чархпалаклар эса умрнинг ҳар бир лаҳзасини мазмунли ўтказиш ҳақида сўзлаётгандек эди гўё.
Хуллас, туризм қишлоғи гўзал табиати, тарихий қадриятлари, ҳунармандчилик дурдоналари, аҳолисининг меҳмондўстлиги билан ўзига хосдир ва бу ҳақли равишда сайёҳлар томонидан эътироф этиб келинмоқда.
Айтганча, бу ердаги "Конигил мерос" ҳунармандчилик марказида қоғоз ишлаб чиқаришдан ташқари, қадимий анъаналар асосида кулолчилик ва дурадгорчилик маҳсулотлари ҳамда ёғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, юқоридан туриб бетакрор манзарадан баҳраманд бўлишга имкон берувчи павильон мавжуд. Шунингдек, ҳар бир меҳмон шу жойнинг ўзида етиштирилган гуруч ва ёғдан тайёрланган паловни татиб кўриш имконига эга.
Бир сўз билан айтганда, "Конигил" туризм қишлоғида маданий дам олиш, халқ ҳунармандчилиги ва урф-одатлар билан бевосита танишиш мумкин.
Сафар сўнгида Самарқанддаги гастрономик кўчада ўз фаолиятини бошлаган "Chess Cafe” (Шахмат кафеси)га ташриф буюрдик.
Эътиборлиси, ҳам спорт, ҳам билим, ҳам истеъмол маданиятини бирлаштирган бу жой ҳам қисқа вақт ичида меҳмонларнинг севимли масканларидан бирига айланибди.
Кафени очган тадбиркор Комилжон Негматовнинг айтишича, давлат раҳбарининг "Шахматни янада ривожлантириш ва оммалаштириш, шунингдек, шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ғояси ушбу тематик кафени очишимга туртки бўлган.
Бу ерда шахмат ўйнаш баробарида миллий ва уйғур таомларини тановул қилишингиз мумкин. Ўз навбатида шахмат турнирлари, дарслар ва кўргазмали партиялар ўтказиш учун алоҳида жой ажратилган.
Шундай қилиб навбатдаги инфотур ниҳоясига етди. Унда иштирокчилар Самарқанд вилоятининг туристик салоҳияти билан яна бир бор яқиндан танишишди, ҳудудларда сайёҳлик инфратузилмалари ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг