3 қаватли бино 6 қаватга айлантирилган, экспертиза хулосаси ўзгартирилган: Жиззахдаги бино қулаши сабаблари маълум қилинди

14:09 14 Январь 2021 Жамият
824 0

Аввал хабар берганимиздек, 10 январь куни Жиззах шаҳридаги 6 қаватли бинонинг 7 та хонадони қулаб тушган эди.

Ижтимоий тармоқларда кескин муҳокама қилинган мазкур ҳолат Бош прокуратура назоратига олингани, бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш борасида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган эди.

Бинонинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси ҳам тузилган эди.

Бугун Қурилиш вазирлиги томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида мазкур воқеанинг сабаблари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

«Халқ сўзи» нашри мухбири ҳам тадбирда иштирок этди.

Унинг хабар беришича, Жиззах шаҳри «Зилол» МФЙ, Мустақиллик кўчасида жойлашган 1-2 қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 3-6 қаватлари турар-жой биноси қурилиш объектининг буюртмачиси, «Баракали Қоракўл Чорвадор»фермер хўжалиги, лойиҳачи “Discovery Architects Group” МЧЖ, ва пудратчи «Баракали Қоракўл Чорвадор»фермер хўжалиги.

Вазир ўринбосари Козим Тўлагановнинг маълум қилишича, объект қурилиши бўйича буюртмачи «Баракали Қоракўл Чорвадор» Ф/Х томонидан Жиззах вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-қарорига асосан Давлат хизматлари маркази орқали 2020 йил 29 январь куни мурожаат қилинган, инспекция томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинган ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рухсатнома берилган.

Дастлаб, «Жиззах Бунёдкор Лойиҳа» МЧЖ томонидан бинони 3 қаватли лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Ушбу лойиҳа-смета ҳужжатлари «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилоят филиали томонидан 2020 йил 27 январда ижобий эксперт хулосаси олинган.

Шунга қарамасдан буюртмачи-пудратчи томонидан хўжалик усули билан 1-2 қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ҳамда 3-6 қаватларида турар-жой бинолари қурилиши бўйича лойиҳа ҳужжатларини “Discovery Architects Group” МЧЖ томонидан қайта ишлаб чиқилган, Жиззах вилоят Қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик Кенгаши билан келишилмаган, лекин Жиззах вилояти «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилоят филиалининг 2020 йил 12 октябрда №393/1-20-сон ижобий йиғма эксперт хулосаси олинган.

Буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган (уч қаватли бинони олти қаватли бинога ўзгартирилган, лойиҳа-смета ҳамда экспертиза хулосаси ўзгартирилган), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги қарорига биноан 10 кунлик муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш киритилиб, экспертизадан ўтказилганлиги юзасидан ҳудудий инспекцияга маълумот киритилмаган.

Объектда қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг март ойида бошланган.

Жиззах вилоят ҚСЪҲН инспекцияси томонидан объектда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳага мослиги, бажарилган ишларнинг сифати устидан ҳудудий назорат инспекция инспекторлари томонидан

6 маротаба назорат ишлари ўтказилган.

Назорат ишлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан 2020 йил 21 августда буюртмачи ва пудратчи ташкилот «Баракали қоракўл чорвадор» фермер хўжалиги иш юритувчиси А.Бобоевга объектда:

- «Қурилиш ишлаб чиқаришни ташкил қилиш»нинг талабига зид равишда қурилиш объектида, лойиҳада келтирилган ўлчамларни натурага кўчириш ва вертикал режалаштириш далолатномалари тақдим этилмаганлиги;

- «Қурилиш ишлаб чиқаришни ташкил қилиш»нинг талабларига асосан қурилиш объектига олиб келинган темир-бетон плита, ғишт, арматура ва цемент маҳсулотларига мувофиқлик сертификати тақдим этилмаганлиги;

- Объектда умумий ва махсус иш юритиш журналлари юритилмаганлиги ва яширин ишларни гувоҳлаш далолатномалари расмийлаштирилмаганлиги;

- «Қурилишда техника хавфсизлиги»нинг 1.12-бандлари талабларига амал қилган ҳолда қурилиш майдонидаги ишчилар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги;

- Уй-жойнинг пойдевор ва девор ишларида бажарилган қуйма бетонларнинг лойиҳавий мустаҳкамлигига мос келиши бўйича қурилиш-синов хулосаси тақдим этилмаганлиги;

- Қурилиш объектига буюртмачи томонидан техник назоратчи ва ишларни юритиш учун иш юритувчи (прораб) буйруқ билан бириктирилмаганлиги сабабли инспекция томонидан муддатли ёзма кўрсатма берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?