​Ҳадис илми мактабига янги ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди​

14:57 03 Сентябр 2020 Жамият
4726 0

Бугун, 3 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Имом» жоме масжиди ҳовлисида Ҳадис илми мактабига янги ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ижодий имтиҳонлар бошланиши муносабати билан юртимиздаги барча абитуриентларга Аллоҳ таборака ва таолодан муваффақият тиладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ҳадис илми мактаби абитуриентларига омад тилар экан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби алломаю аждодларга муносиб ворис бўлишга жидду жаҳд қилишга чорлади.

Таъкидлаш жоизки, бу йилги имтиҳонларни ташкил қилиш ва ўтказиш аввалги йиллардагидан ўзгача бўлмоқда. Абитуриентлар учун очиқ майдонларда етарли ўринлар ҳозирланган бўлиб, имтиҳон жараёнлари интернет орқали онлайн узатиб борилмоқда. Мазкур ишлар карантин талабларига амал қилиш баробарида имтиҳонларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини тўла таъминлайди. 

Шунингдек, олинган билимларни синовдан ўтказиш онларида фарзандига далда бўлиш учун ота-оналар ҳамда шу соҳага қизиқувчилар масофадан туриб имтиҳон жараёнини исталган жойдан тўғридан-тўғри кузатишлари ҳам мумкин бўлади.

Имтиҳон жараёнлари Youtube ва Facebook орқали онлайн эфирга узатилмоқда.

"Эслатиб ўтамиз, Олий диний таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари учта фандан иккита фанга ўтказилди, ижодий имтиҳонлар қисқартирилди.

Қабул имтиҳонларини карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда очиқ майдонларда ўтказиш белгиланди.

Ҳадис илми мактаби — 3 сентябрь «Ҳадис ва мусталаҳ ал-ҳадис» (ижодий имтиҳон). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси айвон қисми.

4 сентябрь «Ўзбекистон тарихи» (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси ҳовлиси.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти — 7 сентябрь «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Ҳазрати Имом мажмуаси очиқ майдон қисми.

Мир Араб олий мадрасаси — 10 сентябрь «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Мир Араб олий мадрасаси биноси очиқ айвон қисми.

Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойга киритиш эрталаб соат 6:00дан 6:30гача давом этади. 6:30дан 7:00гача саволлар китобчалари ва жавоблар варақасини тарқатиш, жавоблар варақасини тўлдириш тартиби тушунтирилади.

Тест синовлари эрталаб 7:00 дан 9:20 гача давом этади, синовлар бошлангандан кейин келган абитуриент имтиҳонларга киритилмайди.

Абитуриентлар қабул имтиҳонларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва имтиҳонга кириш рухсатномаси билан келиши талаб этилади. Имтиҳонга кириш рухсатномасини qabul.muslim.uz портали орқали юклаб олиш мумкин" дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер