Янги намунадаги кадастр паспортининг афзаллиги нимада?

22:08 20 Май 2020 Жамият
3283 0

2019 йилнинг 12 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида қарори қабул қилинган эди. Қарорнинг ижросини таъминлаш доирасида шу йилнинг 1 мартидан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг пластик карта шаклида тайёрланган кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунаси берилиши режалаштирилган. Шунга кўра, 20 майдан бошлаб водийдаги фуқаролар Давлат хизматлари марказларига кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат этишганда, янги намунадаги кадастр паспортини бериш бошланди.

— Янги намунадаги кадастр паспортининг афзаллиги шундаки, аввало, барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади,-дейди Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Умиджон Мамарасулов. — Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон тарзда қайд этиб борилади ҳамда электрон кадастр тарихи вужудга келади. У йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган вазиятларда масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади. Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт картадан жой олади. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт картани телефонга яқинлаштириш кифоя.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, янги намунадаги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали мулкдорлар ваколатли ташкилотларга мурожаат этмасдан туриб, кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни исталган вақтларида “QR scanner” мобиль иловаси орқали олишлари мумкин.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?