Рим марказида ўрта асрларга оид минора қулаб тушди

16:21 04 Ноябрь 2025 Дунё
890 0

Италия пойтахти Рим шаҳри марказида таъмирлаш ишлари пайтида ўрта асрларга оид Конти минораси қулаб тушди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, юзлаб сайёҳлар воқеа жойига полиция ва ўт ўчирувчиларнинг етиб келганига гувоҳ бўлишган. “Corriere della Sera” газетасининг ёзишича, уч ишчи қочишга муваффақ бўлган. Аммо улардан бири ичкарида тўсиқ остида қолиб кетган. Ўт ўчирувчилар унга етиб боришга уринишганда, миноранинг бир қисми яна қулаб тушган.

Ўн соатдан кейин ишчи қутқариб олинган ва тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилди.

“Биз ҳаммамиз унинг тирик қолишига умид қиламиз”, — деди Рим мери Роберто Гуалтиери ушбу ҳодисага изоҳ бериб. Бироқ кейинроқ оммавий ахборот воситалари ишчи юрак етишмовчилиги туфайли вафот этгани ҳақида хабар беришди.

«Мен қулаш овозини эшитганимда, ташқарида мижозларга хизмат кўрсатаётган эдим. Юқорига қарасам, бир ишчи йиқилиб тушаётганини кўрдим», — дейди воқеа гувоҳи бўлган официант.

Тарихи XIII аср бошларига бориб тақаладиган Конти минорасининг асл баландлиги тахминан 50 метрни ташкил этган. Аммо асрлар давомида зилзилалар ва бошқа омиллар сабаб унга зарар етган. Айни пайтда баландлиги 29 метр бўлган ушбу тарихий обида Колизей яқинида жойлашган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?