Меҳнат ҳуқуқлари ва муҳофазаси аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим шартидир
Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистон Республикаси учун муносиб меҳнат дастури 2021-2025” ҳисоботида ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ягона орган сифатида Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятини халқаро меҳнат стандартларига мослаштириш ва ваколатларини ошириш таклиф қилинган эди. Ўтган йиллар сарҳисоби бунга амалда эришилаётганини тасдиқлаб турибди. Зеро, юртимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, меҳнатини муҳофаза қилишу муносиб иш ўрнига эга бўлиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Давлатимиз раҳбари шу йил 17 октябрда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув чоғида 500 мингга яқин ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилингани, натижада уларнинг фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилганини уюшма хизмати сифатида эътироф этди. Чиндан ҳам, кейинги пайтда уюшма фаолияти жонланди. Унинг аралашуви билан ишдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланган минг нафардан ортиқ ходимга 35 миллиард сўм товон пули ундириб берилди, 13 мингдан ортиқ ноҳақ ишдан бўшатилганлар ўз вазифасига қайтарилди.
Очиғини айтиш керак, илгари фуқароларнинг чет элларга, хусусан, ривожланган Европа давлатларига бориб ишлаш имконияти чекланган эди. Асосий меҳнат бозори қўшни Қозоғистон, Россия ҳисобланган. Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати туфайли мавжуд тўсиқ ва ғовлар олиб ташланмоқда. Натижада Америка, Европа давлатларига бориш, ўша мамлакатларда ишлаш кундан кунга осонлашмоқда.

Яна бир қувончли янгилик шуки, миллий маҳсулотларимиз учун 26 та янги бозорлар очилди. Европага экспортимиз 5 карра кўпайиб, айни чоғда 1,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. Германия, Англия ва бошқа давлатларга мавсумий ишчиларни жалб этиш борасида ҳам таклифлару янгиликлар кўпаймоқда. Фақат малакали мутахассис бўлиш, чет тилини чуқур ўрганиш талаб этилади, холос. Негаки, қаерда бўлмасин ақлу заковатга таяниш ҳамиша юқори баҳоланган, иш ҳақининг баланд бўлиши ҳам айни шу жиҳат билан боғлиқ. Кўпинча ишсизлик ортидан қийналиб юрган одамларда муқим касбнинг ўзи бўлмайди, баъзилар касбга ўқиш ё тил ўрганиш учун маблағи етишмаса, қаерга мурожаат қилишни билмайди.
Давлатимиз раҳбари аҳолининг худди шу оғриқли муаммосига ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 20 августдаги тегишли қарори билан Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилиши бунга яққол мисолдир. Ушбу маскан ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитишнинг инновацион модели сифатида ўз фаолиятини бошлади. Ўтган йили у “Республика касбий кўникмалар маркази” сифатида қайта ташкил этилди.
Бугун кунда касбий кўникмалар марказидаги курсларда асосий эътибор тингловчиларни руҳлантиришга, ўзига бўлган ишончни кўтаришга қаратилган. Чунки эртанги кунга ишонч туғилиши, тилни чуқур ўрганиш орқали хориждами, шу ердами, юқори ҳақ тўланадиган касб эгаси бўлиш истаги инсонни тиришқоқлик кўрсатишга ундайди. Қалби уйғонган одамни эса асло тўхтатиб бўлмайди.

Ўрганишларга қараганда, электрпайвандловчи, уқаловчи, IT мутахассиси, электр уста, аёллар сартароши ва бухгалтерия бугунги кунда энг талабгир бўлган касблар ҳисобланади. Шу боис ишсиз фуқароларни ушбу касбларга йўналтириш учун улар юқори малакали ва тажрибали ўқитувчиларимиз томонидан ўқитиб келиняпти. Марказлар юқори технологияли асбоб-ускуналар, замонавий ўқув материаллари ва таълимга мўлжалланган махсус жиҳозлар билан таъминланган. Ўқиш муддати 1 ойдан 3 ойгача бўлиб, дарс жараёнлари 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий шаклда. Малакавий имтиҳондан муваффақиятли ўтган битирувчиларга ўрта махсус дипломга тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади.
Шу билан бирга, марказларда малака ошириш, хорижий ва маҳаллий иш берувчилар буюртмаси асосида ўқитиш, дуал таълим ҳамда инклюзив таълим тизимлари ҳам жорий этилган. Эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқаролар учун сурдо таржимон бириктирилгани инклюзив таълимга бўлган эътиборнинг яққол ифодасидир. Чунки жамиятимизда ҳеч ким, ирқию миллати, жисмоний нуқсонидан қатъий назар эътибордан четда қолмаслиги керак.
Таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида Миграция агентлиги, Ички ишлар вазирлиги академияси, “Артел”, “Wyndham Tashkent” меҳмонхонаси,Тошкент тиббиёт академияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, “Ҳудудгаз Пойтахт”АЖ, Сувчилар мактаби, Энергетиклар ассоциацияси, Бошқарув сервис компаниялари, Ўзбекистон Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси каби қирққа яқин идоралар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз.

Бугун дунё сунъий интеллект (SI) технологиялари орқали янги цивилизация босқичига ўтмоқда. Буни Президентимиз шу йил 21 октябрь куни шу мавзуга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидлади. Шу боис биз ҳам “Python” дастурлаши бўйича махсус ўқув курсларини очиб, тингловчиларимизга сунъий интеллектдан максимал даражада фойдаланишни ўргатмоқчимиз.
Умуман олганда, компьютер саводхонлиги, компьютер графикаси ва wеб-дастурчи курслари йилдан-йилга ёшларни ўзига кўпроқ жалб этяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки компьютер саводхонлиги рақамли дунёга илк қадам қўювчилар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Бу ерда ўқувчилар “Microsoft Оffice” дастурлари, интернет технологиялари ва рақамли хавфсизлик асосларини ўрганади. Компьютер графикаси курсида эса графика дизайни, баннер, логотиплар, брошюралар, реклама ва визуал контент яратиш ҳамда СММ дизайн бўйича чуқур билимларга эга бўлади. Бу, айниқса, ижодкор, замонавий коммуникация воситаларига қизиққан ёшлар орасида оммалашмоқда. Веб-дастурчи йўналиши эса замонавий дастурлаш тилларини ўзлаштириш орқали тингловчиларга веб-сайтлар яратиш, маълумотлар базаси билан ишлаш, мустақил IТ лойиҳаларни юритиш имконини бермоқда. Зеро, рақамли дунёда муваффақият калити — бу доимий ўрганиш, ўз устида ишлаш ва янги билимларга интилишдир. Шу боис ахборот технологияларини эгаллаш ҳар бир ёш учун замон талаби, келажак сари дадил қадамдир.
Айгул САТТАРОВА,
Республика касбий кўникмалар маркази директори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг