ОКМК Андижондан мағлубият билан қайтди, «Навбаҳор» янги мураббийи билан ғалаба қилди

Жорий йилнинг 25–30 сентябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Ушбу баҳсларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Насаф» 2:1 «Хоразм»
«Машъал» 0:0 «Бухоро»
«Андижон» 1:0 ОКМК
«Навбаҳор» 1:0 «Қизилқум»
«Қўқон-1912» 2:2 «Бунёдкор»
«Пахтакор» 1:0 «Сурхон»
«Динамо» 2:0 «Шўртан»
«Сўғдиёна» 0:1 «Нефтчи»
Жами 8 та ўйиндан 1 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. 5 та баҳсда мезбонлар устун келди, 2 та учрашув дуранг билан якунланди. Энди айрим ўйинларга тўхталамиз.
Наманганда янги мураббий
23-тур олдидан «Навбаҳор» клубида мураббийлар штабида ўзгариш рўй берди. Бир тур олдин жамоаси билан «Бухоро»дан шармандали мағлубият билан қайтган Сергей Лушан истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига шу вақтга қадар клубда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаб келган Шерзод Жўраев вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди.
Дарвоқе, Лушан кетиши олдидан клубдаги носоғлом муҳит ҳақида матбуот анжуманида гапириб ўтди. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ОФАдан вазиятни ўрганишни сўраб мурожаат қилди.
Янги мураббий таркибда жиддий ўзгариш қилмади. «Бухоро»даги ўйин билан солиштирганда легионер ҳимоячилар ҳамда Муҳаммадали Ғиёсов ва Забиҳилло Ўринбоев захирада қолдирилди. Уларнинг ўрнини Наврўз Иминжонов, Аббос Ғуломов, Шоҳмалик Комилов ва Азим Аҳмедов эгаллади.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Иккинчи таймнинг 68-дақиқасида Шерзод Жўраев ҳужумни кучайтириш учун бразилиялик футболчи Педрони ўйинга қўшди. Майдонга тушганига 1 дақиқа ҳам бўлмаган Педро ғалаба голини урди. Учрашув 1:0 ҳисобида якунланди.
«Андижон»дан ғалаба
Икки фронтда курашаётган «Андижон» клуби 6 ўйиндан бери ғалаба кўрмаган эди. Бу турда жамоа ниҳоят ғалаба қозонди.
Қайд этиш лозимки, ОКМК 13 йилдан бери «Андижон»га ютқазмаганди. Охирги марта андижонликлар 2012 йил май ойида ғалаба қозонган бўлса, орадан 13 йил ўтиб тарих такрорланди.
Мезбонлар учрашувни тезкор ҳужумлар билан бошлади. 29-дақиқада Дамир Темиров узатмасидан сўнг Усмонали Имоналиев ҳисобни очди.
Қолган вақт Миржалол Қосимов шогирдларининг устунлигида ўтди. ОКМК бир неча хавфли вазиятлар яратди, аммо «бургутлар» посбони Эржан Токотаев 6 марта сейв амалга ошириб жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди. Ўйин 1:0 ҳисобида якунланди.
«Нефтчи» Жиззахда ғалаба қилди
Сўнгги 2 та ўйиндан бери Жиззахдаги «Марказий» стадион Суперлига жамоалари учун «хавфли ҳудуд»га айланиб қолганди.
«Сўғдиёна» охирги уй баҳсларида «Навбаҳор»ни 4:0, ОКМКни эса 4:1 ҳисобида мағлуб этганди. Шу сабаб бу гал ҳам жамоадан ғалаба кутишган.
Бироқ бу сафар баҳс «Нефтчи» ғалабаси билан якунланди. Ягона голга 38-дақиқада Жамшид Искандаров муаллифлик қилди. Шу тариқа «Нефтчи» «Насаф»ни таъқиб этишда давом этмоқда.
Турнир жадвали
23-турдан сўнг «Насаф» 52 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб қолди. «Аждарлар»нинг энг яқин таъқибчиси «Нефтчи» ҳисобида 48 очко мавжуд.
Охирги ўринларни эса «Хоразм», «Шўртан» ва «Бухоро» эгаллаб турибди.
Мухлисларнинг стадионларга ташрифи
23-тур ўйинларини жами 26 171 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 3 271 нафардан футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс ― «Андижон» ва ОКМК ўйини бўлди. Ушбу беллашувни кўриш учун «ЖАР» стадионига 7 950 нафар мухлис ташриф буюрди.
Энг кам томошабин йиғган ўйин эса «Машъал» ва «Бухоро» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган бу учрашувни жами 817 нафар мухлис жонли томоша қилди
Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигасида 24-тур учрашувлари 3–5 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуйидаги баҳслар кутилмоқда:
«Хоразм» – «Навбаҳор»
ОКМК – «Қўқон-1912»
«Сурхон» – «Динамо»
«Бухоро» – «Пахтакор»
«Бунёдкор» – «Насаф»
«Шўртан» – «Сўғдиёна»
«Нефтчи» – «Андижон»
«Қизилқум» – «Машъал»
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг