Ўзбекистонлик журналистлар II Ўзбекистон–Озарбайжон медиа-форуми арафасида Бокудаги етакчи олийгоҳларда бўлди

II Ўзбекистон–Озарбайжон медиа-форуми арафасида ўзбекистонлик журналистлар Боку шаҳридаги етакчи олийгоҳлардан бири, «Azerbaijan Diplomatic Academy» университетига ташриф буюрди.
Ушбу университетда ўтказилган тренингда журналистлар фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг афзалликлари, муаммолари ва турли стереотиплар, шунингдек, анъанавий ОАВнинг рақамли трансформацияси масалалари муҳокама қилинди.
«Azerbaijan Diplomatic Academy» (АДА) университети 2014 йил январь ойида Озарбайжон Республикаси Президенти қарори билан ташкил этилган бўлиб, дипломатик академия ҳамда Ахборот технологиялари университетининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Ҳозирда мазкур ОТМда қарийб 5 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 300 нафарга яқини хорижлик ёшлардир. Олийгоҳда давлат бошқаруви, халқаро муносабатлар, ҳуқуқшунослик, педагогика, ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларни қамраб олган еттита факультет фаолият юритади.
2024 йил февраль ойида АДА университети делегацияси Ўзбекистонда бўлиб, Тошкент ва Самарқанддаги қатор олий ва ўрта таълим муассасаларида ўзининг бакалавр, магистр ҳамда илмий дастурларини тақдим этган эди. Сўнгги йилларда ушбу таълим масканини юртимиз ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган иқтидорли талабалар ҳам танламоқда.
«Университетимизда қарийб 50 мамлакатдан келган талабалар таҳсил олади. Дунё бўйича 189 етакчи олийгоҳ билан шериклик алоқаларимиз мавжуд. Битирувчиларимизнинг 90 фоиздан ортиғи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашмоқда», — дейди университетнинг малака ошириш корпоратив дастури менежери Фатима Исаева.
АДА университети ўзининг малака ошириш дастури билан машҳур. Озарбайжон ва бошқа мамлакатларнинг давлат ва хусусий секторидан олти мингга яқин мутахассислар ушбу ОТМни муваффақиятли тамомлаган. Ушбу малака ошириш дастури Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги раҳбари Ламан Искандерованинг таъкидлашича, мазкур идора Ўзбекистон билан ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Бу жараён 2023 йил август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи чоғида имзоланган «йўл харитаси» доирасида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонлик журналистлар ушбу университетга ташрифи доирасида олийгоҳнинг ташкил этилиш тарихи билан танишгач, сунъий интеллектдан медиа маконида фойдаланишга бағишланган тренингда иштирок этди. Унда америкалик таниқли мутахассис, алоқа ва маданият фанлари номзоди, журналистика магистри, «Valparaiso» университети доценти Тиффани Белл АҚШ ва Европадаги тажрибаси билан бўлишди.
Бундан ташқари, тренинг иштирокчилари «The Wall Street Journal», «The New York Times» ва «Guardian» каби йирик нашрларда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг муваффақиятли ва самарасиз тажрибалари билан танишди. Шунингдек, сунъий интеллект моделларининг имкониятлари ва улар орқали журналистикада иш самарадорлигини ошириш усуллари муҳокама қилинди. Шунингдек, сунъий интеллект салбий жиҳатлар, жумладан, маълумотларнинг нотўғри ёки атайлаб бузиб тақдим этилиши, тенгсизлик кучайиши, журналистик материалларда индивидуаллик йўқолиши каби ҳолатларни очиб берувчи тадқиқотлар ҳам тақдим этилди.
Ўз навбатида, ўзбекистонлик журналистлар ҳам юртимизда сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ахборот берди.
Делегация аъзолари шу куни Боку давлат университети Журналистика факультетида ҳам бўлди. 1920 йилнинг охирларида ташкил этилган бу факультет минтақа бўйича энг қадимий таълим масканларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонлик журналистлар мазкур факультет раҳбарияти ва профессор-устозлари билан учрашиб, замонавий медиа соҳасидаги долзарб масалалар ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув давомида медиамахорат ва касбий-ахлоқий стандартларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштира оладиган мутахассислар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир сўнггида ўзбекистонлик журналистлар факультетнинг ўқув дастурлари, телевизион ва радиостудиялари билан танишиб, келгусида ҳамкорлик қилиш учун янги алоқалар ўрнатди.
Бундан ташқари, айни вақтда Озарбайжонда бўлиб турган ўзбекистонлик журналистлар иштирокида Боку давлат университетида (БДУ) «Рақамли трансформация ва медиа» мавзусида II Озарбайжон–Ўзбекистон медиа-форуми ҳам ўтказилди.
Мазкур медиа-форумда икки давлат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
БДУ Журналистика факультети декани Вугар Алиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари барча соҳаларда юқори даражада ривожланмоқда. Жумладан, матбуот соҳасида ҳам қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида Вугар Алиев факультетнинг профессионал журналист кадрларни тайёрлаш йўналишидаги тажрибаси билан бўлишди. Унинг айтишича, БДУ Журналистика факультети собиқ Совет иттифоқи маконида журналистика бўйича олий маълумот берган илк факультет ҳисобланади.
Боку давлат университети Халқаро алоқалар бўлими мудири Рауф Ҳасанов ҳам ўзбекистонлик журналистларга университетнинг таълим, илмий фаолият ва халқаро алоқалари ҳақида маълумот берди. У сўнгги йилларда мазкур университет Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзолангани ҳамда талабалар ва ўқитувчилар алмашинув дастурлари амалга оширилганини қайд этди.
Шунингдек, 29 сентябрь куни Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлигида ҳам II Озарбайжон–Ўзбекистон медиа-форумида иштирок этиш мақсадида ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси билан учрашув ташкил қилинди.
Мазкур учрашув давомида томонлар икки мамлакат медиа соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилинди.
Медиани ривожлантириш агентлиги ижрочи директори Ахмад Исмоилов икки мамлакат ўртасида турли соҳаларда, жумладан, медиа йўналишидаги муносабатлар муваффақиятли ривожланаётганини қайд этди. Шунингдек, ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш, қўшма лойиҳаларни ташкил этиш, шу билан бирга, профессионал кадрларни тайёрлашга йўналтирилган ташаббуслар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.
Фазлиддин Абилов/“Халқ сўзи”,
Озарбайжон, Боку.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг