Покистонда 5 нафар фарзанди билан қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

16:15 29 Сентябр 2025 Жамият
347 0

Покистонда мушкул аҳволда қолган фуқаро К.И. ва унинг 5 нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Унда айтилишича, фуқаро К.И. Покистонда боқувчисиз қолгани, турар жой ва кундалик эҳтиёжлар, хусусан озиқ-овқат учун ҳам зарур маблағга эга эмаслигини маълум қилиб, Ўзбекистонга қайтиши учун амалий ёрдам беришни сўраб, дипломатик ваколатхонага мурожаат қилган.

Шундан сўнг, мазкур мурожаат элчихона томонидан алоҳида назоратга олиниб, улар вақтинчалик турар жой, озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда кундалик эҳтиёжлари учун маблағ билан таъминланган. Шунингдек, оиланинг Ўзбекистонга етиб олиши учун ватанга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган ва бошқа турдаги зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, Покистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари мутасаддилари билан ўтказилган музокаралар натижасида, ушбу мамлакатдаги виза тартиботи ва бу ерда бўлиб туриш тартиблари бузилганига қарамасдан, ҳамюртимиз ва унинг фарзандларини жарима ва тўловларсиз давлатдан чиқариб юбориш тўғрисида келишувга эришилган.

Билдирилишича, Ўзбекистон элчихона ва Миграция агентлиги кўмагида ушбу оилага «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг «Исломобод-Тошкент» йўналишидаги самолётига авиачипталар олиб берилиб, улар 27 сентябрь куни Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?