Тошкент вилоятининг қатор боғчаларида болалар заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий ахборот берилди

Тошкент вилоятининг қатор мактабгача таълим муассасаларида болалар заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълумот берди.
Хабарда айтилишича, жами 1 минг 922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган.
Улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб берилган. Мана шу ўтган давр мобайнида яна 269 нафар болага даволанишдан сўнг уйларига қайтишга рухсат берилган.
Маълумотларга кўра, айни вақтда Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 694 нафар бола даволанмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, улардан 13 нафарининг аҳволи ўртача оғир ҳолатда. Бугун, 2025 йилнинг 27 сентябрь куни яна 421 нафар болага аҳволи яхшилангани сабабли уйга жавоб бериш режалаштирилган.
Бемор болаларга малакали, юқори даражадаги маслаҳат, тиббий ёрдамларни кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 17 та ихтисослаштирилган муассасадан, тиббиёт марказларидан 100 дан ортиқ олим, мутахассис, профессорлар жалб қилинган. Бемор болаларга ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу касаллик оғир ёки ҳаёт учун хавфли тоифага кирмайди ва асоратсиз ўтиб кетади.
«Ҳозирда Тошкент вилоятининг еттита шифохонасида болаларни даволаш ишлари амалга оширилмоқда. Динамикада ижобий натижалар кузатилмоқда ва болалар тез соғаймоқда. Яқин кунларда барча болалар соғайиб, уйларига қайтади.
Вазирлик қошида ташкил этилган махсус штаб ҳар уч соатда видеоконференсалоқа тизими орқали Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган даволаш-профилактика тадбирларини муҳокама қилиб бормоқда. Лозим бўлган жойларда маслаҳат ва кўрсатмалар бериб турилибди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан жойларда эпидемиологик суриштирув ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, суриштирув давомида олинган намуналарнинг лаборатория текширувлари давом эттирилиб, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъкидланган.
«Ҳозирги пайтда шифохоналарда дори воситаларининг етарли миқдордаги захираси яратилган. Табиийки, мазкур ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан ҳуқуқий баҳо ҳам берилади. Энг асосийси, барча болаларнинг соғлиги давлат назоратида ва вазият барқарорлашмоқда», — дейди Нурмат Отабеков.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг