Сирдарёдан балиқ овлаганлар табиатга 680 млн сўм зарар етказди

17:15 26 Сентябр 2025 Жамият
115 0

Фото: Экология вазирлиги

Сирдарё дарёсининг Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудидан оқиб ўтган қисмида балиқ овлаганлар табиатга 680 млн сўм зарар етказди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Экология вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси, Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ҳамда Тошкент вилояти Чиноз тумани ДХХ ва ИИБ бўлимлари билан ҳамкорликда навбатдаги тезкор рейд тадбири ўтказилган.

Фуқаро А.У. ва бошқа шахслар томонидан олдинроқ ҳам ноқонуний балиқ овланган ҳамда жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганига қарамай, худди шу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган.

Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудидаги рейд давомида фуқаролар А.У. ва Ш.У. томонидан Сирдарё дарёсининг ушбу туман ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида тақиқланган ов қуроли — электр қармоқ ёрдамида 8 хилдаги жами 31 дона балиқ ноқонуний овлангани аниқланган.

Рейд давомида қонунбузарлар балиқлар, электр қармоқ, резина қайиқ ва унинг эшкаклари, сеткали тутқич, резина қайиқни дамлаш учун насос ва 2 дона 60 амперли аккумуляторни «Cobalt» русумли автомашинага юклаб, ҳудуддан олиб чиқиб кетаётганида тўхтатиб қолинган.

Ўрганиш натижасида овланган балиқлардан 3 донаси Ўзбекистон «Қизил китоби»га мансуб Туркистон мўйловдори балиғи экани маълум бўлган. Мазкур қонунбузарлик натижасида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун бузилган ҳамда ҳайвонот дунёсига 679 миллион 400 минг сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, ноқонуний овланган балиқлар ва тақиқланган ов қуроллари ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилган. Шунингдек, ноқонуний ов давомида фойдаланилган «Cobalt» транспорт воситаси ҳам жарима майдонига жойлаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?