«Ишлар жуда ёмон кетмоқда» — Трамп Россия иқтисодиёти «дўзахга кетаётганини» айтди

15:50 26 Сентябр 2025 Дунё
141 0

Украинадаги қуролли можаро туфайли Россия иқтисодиёти ёмон аҳволда. Бу фикрларни АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашувдан сўнг журналистларга айтди.

«Уларнинг ишлари жуда ёмон кетмоқда, чунки улар мутлақо ҳамма нарсани хавф остига қўйган. Уларнинг иқтисодлари «дўзахга кетмоқда», — деди у.

Трамп 23 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси доирасида Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам худди шундай баёнот билан чиққанди. У Россия иқтисодиётини «даҳшатли ҳолатда, қулаётганини» таъкидлаганди.

Трамп Эрдоған билан учрашувда Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини яна бир бор танқид қилди ва Москвани «тўхташга» чақирди.

«Россия миллионлаб ва миллионлаб долларларни бомбалар, ракеталар, ўқ-дорилар ва одамларнинг ҳаётига... сарфлади ва деярли ҳеч қандай ҳудудий ютуқларга эришмади. Менимча, тўхташ вақти келди. Мен ҳақиқатан ҳам шундай фикрдаман», — деди Трамп.

Трамп Туркия раҳбари Украинадаги можарога барҳам беришда сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигига ишонч билдирди.

«Эрдоған хоҳласа, катта таъсир кўрсатиши мумкин эди. Ҳозир у жуда бетараф. У бетараф бўлишни яхши кўради», — деди Оқ уй раҳбари.

Трамп Анқарани Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, чунки денгизга чиқа олмайдиган Венгрия ва Словакиядан фарқли ўлароқ Туркияда «кўп имкониятлар» бор.

«Агар мен [унинг тўхташини] истасам, у буни қилган бўларди… Биласизми, нега? Чунки уни [нефтни] бошқа кўплаб одамлардан сотиб олиши мумкин», — деди Трамп.

Туркиянинг «Hurriyat» газетасининг ёзишича, Россия 2024 йилда худди ўтган йили бўлгани каби Туркиянинг асосий табиий газ ва нефть етказиб берувчи мавқеини сақлаб қолган.

«Ўша ерда уларнинг ўзлари ўлишади»

Шу йилнинг 18 сентябрь куни Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина Москва молиявий форумида мамлакатда иқтисодий ўсиш мўътадилроқ бўлса-да, давом этаётганини айтди. Иқтисодий тикланиш белгилари ёзда, истеъмол талаби ва корпоратив кредитлашда сезиларли бўлди, дея қўшимча қилди у.

«Менимча, бизда иқтисодий таназзулга олиб келадиган аломатлар йўқ. Ёз учун сўнгги маълумотлар ўсиш давом этаётганини кўрсатмоқда», — дея унинг сўзларини келтиради «Ведомости».

Шу йилнинг 27 июнь куни Россия президенти Владимир Путин Ғарб санкциялари Россия иқтисодиётини «кўмиб юбора олмади», Германия ва Францияда эса «ҳамма таназзул ёқасида» эканини таъкидлаганди.

«Улар [Ғарб давлатлари] бизни тинимсиз кўмиб ташлашмоқда. Тез орада уларнинг ўзлари ўлишади, лекин улар бизни тўхтовсиз дафн этишади. Ўтган йили бизда 4,3, аввалги йили эса 4,1 фоиз иқтисодий ўсиш кузатилди», — деган эди ўшанда Россия етакчиси.

Трампнинг ваъдаси

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Трамп Украина Европа Иттифоқи кўмагида «мамлакатини асл кўринишига қайтариши…, балки ундан ҳам узоқроққа бориши» мумкинлигини маълум қилди. Зеленский билан БМТ Бош Ассамблеясида учрашганидан сўнг, Оқ уй раҳбари «TruthSocial» ижтимоий тармоғида Москванинг Украинадаги кураши «мақсадсиз» эканини ёзди ва Россияни «қоғоз йўлбарс» деб таърифлади.

Бироқ кейинроқ Эрдоған билан учрашув чоғида у: “Ҳеч қачон ҳеч кимни «қоғоз йўлбарс» демайман”, деди.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Трампнинг танқидини изоҳлар экан, АҚШ етакчиси «яна бир бор муқобил ҳақиқатга кириб, «Россия қанчалик заиф» мавзусида бир қатор сиёсий фитналарни ишга солганини» таъкидлади.

CNN телеканали ва «New York Post» нашрига кўра, Трампнинг риторикаси Москвага босим ўтказиш ва уни музокаралар столига ўтказишга қаратилган «стратегик ҳаракат»дир.

Шу фонда Москва ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар давом этмоқда. 24 сентябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида Аляска саммитида эришилган келишувга асосланиб, Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича фикр алмашди.

Лавров америкалик ҳамкасби билан учрашгач, журналистлар ёнидан ўтаётганда «зўр» ишорасини қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?