“Бухоро” ўз тарихида илк бор мамлакат кубоги финалида ўйнайди

10:17 26 Сентябр 2025 Спорт
65 0

25 сентябрь оқшоми бухоролик футбол мухлисларига узоқ кутилган қувончли дамларни ҳадя этди. “Бухоро” жамоаси Ўзбекистон кубоги ярим финалида Жиззахнинг “Суғдиёна” жамоаси устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Айтиш керакки, учрашув кескин курашлар остида кечди. Дастлабки дақиқаларда ташаббус майдон эгалари томонида бўлди. Бу ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Чиройли комбинацияларидан бирини Доминик Бегич кучли зарбаси билан ниҳоясига етказди. Голдан руҳланган “Бухоро” футболчилари рақибга босим ўтказишда давом этди. Бу учрашувнинг 25-дақиқасида ўз самарасини берди. Қанотдан ошириб берилган тўпни яна бир легионер ўйинчи – Франке Икич боши билан дарвоза тўрига йўллади.

Аммо таркибида Люпчо Дориев, Филип Иванович, Жасур Жалолиддинов сингари маҳоратли футболчилар бўлган “Суғдиёна” дарҳол ўзига келиб, ҳужумлар уюштиришга киришди. “Бухоро” ҳимоя чизиғида эса бўшлиқлар кузатилди. Бундан рақиб жамоа унумли фойдаланди. Жасур Жалолиддинов аниқ зарбаси билан ўртадаги фарқни қисқартирди. Учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолганида эса Филип Иванович “Бухоро” дарвозасига иккинчи тўпни киритди. Пировардида ғолиб номи қўшимча бўлимларда аниқланди. Захирадан майдонга тушган ёш, умидли футболчи Нодирбек Аҳмаджоновнинг олисдан туриб берган кучли зарбаси чиройли, муҳими, аниқ чиқди. Шу тариқа омад майдон эгаларига кулиб боқди.

-Бу ғалаба аввало жамоаники,- деди учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Бухоро”да яқинда бош мураббий сифатида иш бошлаган Александр Хомяков.- Бугунги баҳс оғир кечди. “Бухоро” менга иккинчи бор кубок финалида ўйнаш имконини берди. Ҳаммага раҳмат.

-Жамоамизнинг ҳужумкор футбол кўрсатиб ғалаба қозонганидан хурсандмиз,- дейди “Бухоро”нинг азалий мухлисларидан бири Жамшид Сулаймонов.- Унинг ана шундай мазмунли ўйинини соғиниб қолгандик. Бу ғалаба билан у ишқибозлар ишончини қайтарди. Янги бош мураббий Александ Хомяковга келсак, хабарингиз бор, ўтган йилда унинг қўли остида “Андижон” жамоаси мамлакат кубогини қўлга киритганди. Мураббийнинг қадами қутлуғ келиб, “Бухоро” ҳам кубок соҳибига айланса ажаб эмас.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳал қилувчи баҳсни Андижондаги “Бобур арена”да ўтказиш белгиланган. Финалда “Бухоро” Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қарши майдонга тушади.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?