Ўзбекистонда супер-контракт бекор қилиндими?

10:17 26 Сентябр 2025 Жамият
117 0

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда супер-контракт тўлиқ бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарлар юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сонли қарори билан 2017 йил 20 июнда қабул қилинган 393-сонли қарор ўз кучини йўқотган.

393-сонли қарорга мувофиқ, аввал кириш имтиҳонларида 56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг (ўқув йилига амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробар ва ундан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорининг) 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилар эди.

Билдирилишича, ҳозирги кунда айнан шу тартиб бекор қилинган.

Эндиликда тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

• 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;

• 1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;

• 2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;

• 3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.

Таъкидланишича, қабул чегараларига 4,05 баллдан ортиқ балл етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлариолий таълим муассасалари ректорлари (директорлари) томонидан базавий тўлов-контрактнинг 3,0 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?