Академик Тахир Арипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида Ўзбекистон Республикаси фан ва давлат арбоби, академик Тахир Арипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган «Биоорганик кимё ривожининг долзарб муаммолари» номли республика илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади.


Мазкур конференцияда профессорлар, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан зоолог олим, Фанлар академияси академиги Жалолиддин Азимов Тахир Ариповнинг илмий меросини юксак баҳолади.
«Тахир Фатихович ҳақида қанча гапирсак ҳам оз. У кишининг фаолиятига назар ташласак, қилган ишлари кишини лол қолдиради. Тахир Фатиховичнинг докторлик диссертацияси зоология объектлари асосида бажарилган ва юқори натижалар олиб келган. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, Тахир Фатихович ўз вақтида элимизнинг буюк намоёндалари, академиклар билан биргаликда меҳнат қилиб, шу фидокорона меҳнатлари туфайли соҳанинг янги қирраларини кашф қилган забардаст олим десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Тахир Фатиховичнинг ҳаёти ва фаолиятини таҳлил қилиб, у кишини энциклопедик олим деб атасак асло муболаға бўлмайди. Сабаби Тахир Фатиховичнинг химия, биология фанлари ривожига қўшган ҳиссаси бебаҳодир. Шу муносабат билан Зоология институти номидан бугунги таваллуд айёмингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Сизга мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар тилайман», — дейди академик Жалолиддин Азимов.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, профессор Абдумутолиб Атаханов ҳам академик Тахир Ариповнинг фаолиятини ёдга олиб, илиқ фикрларини билдириб ўтди.
«80 ёш жуда муборак ёш ҳисобланади. Тахир Фатихович мустақиллик йилларидаги 34 йилнинг 20 йилини Фанлар академиясида ўтказган. Бу давр мобайнида жуда кўплаб долзарб мавзуларда чиқиш қилиб, илм-фан ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган. У кишини кучли, аналитик олим сифатида биламиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз номидан Тахир Ариповга мустаҳкам соғлик тилаймиз», — дейди профессор Абдумутолиб Атаханов.

Биофизика ва экология соҳасидаги олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тахир Арипов 1945 йилнинг 7 сентябрь санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У 1970 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Турли йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институтида лаборатория мудири, Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси раиси, раис муовини, бош илмий котиби, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида етакчи cонсултант, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти лавозимларида фаолият юритган.

Тахир Арипов 2024 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. 2025 йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан мукофотланган.

Фанлар академияси академиги Тахир Арипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган «Биоорганик кимё ривожининг долзарб муаммолари» номли республика илмий-амалий конференцияси эртага, 10 сентябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Фото: Юнус Бўриев (фото), Отабек Саидаҳмадов «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг