«ЖЧ-2026»га Осиёдан тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган терма жамоалар маълум

Кеча Осиё қитъасида «Жаҳон чемпионати—2026» учинчи саралаш босқичининг якуний тур ўйинлари бўлиб ўтди ва тўғридан-тўғри ЖЧга чиққан терма жамоалар номи маълум бўлди.
«А» гуруҳида Эрон КХДРни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ ғолибига айланди. Ўзбекистон эса Қатар устидан йирик ғалабага эришиб (3:0), мундиалга йўлланмани муддатидан аввал таъминлаб бўлган ҳолда саралашни юқори нотада якунлади. Қирғизистон ва БАА ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди, аммо бу натижа икки жамоа учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмади.
«В» гуруҳида Жанубий Корея ва Иордания аллақачон тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган эди. Охирги тур олдидан Ироқ, Ўмон ва Фаластин 3-ўрин учун курашда эди. Ироқ Иорданияни мағлуб этиб плей-офф йўлланмасига эга чиқди. Ўмон ва Фаластин ўртасидаги ўйин кескин ўтди — фаластинликлар фақат ғалаба билан кейинги босқичга чиқиши мумкин эди. Улар ҳисобни очишганига қарамай, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Ўмон пеналти орқали гол уриб, дурангни сақлаб қолди ва кейинги босқичга йўл олди.
«С» гуруҳида Япония мундиалга йўлланмани олдинроқ таъминлаб қўйган эди. Унинг ортидан иккинчи ўрин учун курашган Австралия ва Саудия Арабистони ўртасида жиддий рақобат кечди. Саудияликларга Австралияни йирик ҳисобда мағлуб этиш талаб этилган, аммо ўз майдонида 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди ва плей-офф босқичида иштирок этишга мажбур бўлишди.
Натижада, Осиё қитъасидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олган жамоалар қуйидагилар: Япония, Эрон, Ўзбекистон, Иордания, Жанубий Корея ва Австралия. Ушбу олти жамоа саралашни муваффақиятли якунлаб, мундиалга чиптасини қўлга киритишди.
Қолган йўлланмалар учун эса плей-офф босқичида кураш давом этади. БАА, Қатар, Ироқ, Ўмон, Саудия Арабистони ва Индонезия жамоалари икки гуруҳга бўлиниб, марказлашган форматда мусобақа ўтказишади. Ҳар бир гуруҳдан фақат биринчи ўринни эгаллаган жамоа «ЖЧ-2026» финалига йўл олади.
Гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар эса ўзаро беллашишади. Бу беллашувда ғалаба қозонган жамоа қитъалараро плей-оффда иштирок этиб, Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун яна бир имкониятга эга бўлади. Шу билан Осиёдаги саралаш жараёнининг асосий босқичи якунланди ва кейинги босқичдаги курашлар янада қизғин тус олиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг