Тўй: кимга – ҳашам, кимга – ситам?!

21:29 26 Апрель 2025 Жамият
248 0

Архив сурат

Маҳмудхўжа Беҳбудий тўйларга нисбатан шундай таъриф берганди: “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”. Маърифатпарвар айтган бу сўзлар юз йил ўтиб ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу дабдаба ортидаги маданий, ижтимоий ҳамда иқтисодий муаммоларни олдимизга янаям кескинроқ, янаям очиқроқ ва янаям кўндаланг қўймоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилгани ҳам бежиз эмас.

Ҳозир шаҳар ва қишлоқларимизда дабдабали тўй қилганларга разм солсангиз, оиладаги носоғлом муҳитни, мардикорликда юрганини кўрасиз. Халқимиз феъл-атворига хос қусурлар, урф-одатларимиз таркибидаги бундай қолоқликдан фориғ бўлиши учун маҳалла институти оёққа турган. Ортиқча дабдабаю асъасадан воз кечиб, жамият, умуман, кундалик турмуш тарзимизни янги ўзанга солиш учун қанчадан-қанча ҳукумат қарорлари, фармонлари эълон қилинмоқда. Барибир умр бўйи йиққанини бир кунлик тўйга сочиб, ўзгаларнинг ҳурматини қозониш камаймаяпти.

Ўша дабдаба, ўша асъаса

Жамоатчилик фикрини писанд қилмасдан наинки ўзи, қуда-андаси ёки ёш келин-куёв, балки бутун жамиятга муаммо туғдираётган дабдабага ўч тўйчивонларнинг наҳотки тафаккурини ўзгартириш шу қадар мушкул бўлса? Бу иллатнинг туб замири, моҳияти, ўқилдизида нима бор? Ёки обрўнинг бирдан-бир манбаи тўйми? Обрўни пул сочиб топаётганлар одамларнинг ҳурматини эмас, ўринли шубҳа ва нафратини қўзғатади, холос.

Ўтган йилнинг октябрь ойида ижтимоий тармоқларда “Самарқандда 1 миллион долларлик тўй” номи остида видеолавҳалар тарқалди. Тўйда ўзини кўз-кўз қилиш учун пачкалаб пул сочаётган “бойвачча”ларни кўриб, ҳамма қойил қолди. Тўйга руҳ бериш, уни қизитиш учун отилган пиротехника воситалари меҳмонларнинг ҳаётини хавф остига қўйди. Тўй дастурхонига дунёнинг турли давлатларидан келтирилган ноёб матоҳлар, мева-чевалардан ташқари аквариумда тирик балиқ қўйилди.

Буниси ҳали ҳолва. Самарқанддаги туризм марказида бўлиб ўтган яна бир ҳашаматли тўйда келин-куёв меҳмонлар қаршисига кемада сузиб келди. Саҳна учун энг қиммат декорациялар қилинди. Санъаткорлар хориждан чақиртирилиб, тўй эгаси шулар пойига бор-йўғини тўкди. Кимдир шунча имконияти, маблағи бор экан, қандини урсин, дейиши мумкиндир, аммо дабдабали тўй қиламан деб тўйчининг боши бутун умр қарздан чиқмаса, қарздорлик унинг бошини хам қилиб қўйса, бундан кимга наф?

– Бугун ҳар ким истагандек тўй қилиши мумкин. Лекин ҳамиша бундай исроф ва шўхлик бор жойда имон, инсоф йўқолади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Дилшод Исмоилов. – Тўйларни ихчам ва мазмунли ўтказиш учун қатор тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Ҳатто маҳалладаги кайвониларга ҳам тушунтирдик. Афсуски, бу борадаги иллатлар камайиш ўрнига кўпаймоқда. Тўйларни дабдаба ва исрофгарчилик билан ўтказиш номақбул иш. Аллоҳ берган неъматларнинг уволидан қўрқиш керак.

Иллат, дард, бало!

Фақат Самарқандда эмас, балки бошқа жойларда ҳам шундай дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Фарғона водийсида тўйдан сўнг қиз узатган хонадон куёв томонга 40 кун сара ва тансиқ таомлар юборади. Буни Андижонда “мазар” дейишади. Хоразмда “қиз йиғин”, “хина ёқар” маросимларига ҳам миллионлаб маблағлар сарфланади. Қашқадарёда ҳам совчиликдан тортиб, то тўй-ҳашамгача ва ундан кейинги жараёнларнинг деярли ҳар бир нуқтасида шундай ёқимсиз манзараларга дуч келинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шаҳрисабз марказидаги Оқдарё, Янгиқишлоқ, Равот ва Абзият маҳаллаларида келин томондан уйни тўлдириш, куёвга бериладиган сарпо ва мебель учун ўрта ҳисобда 25 – 30 миллион сўм сарфланади. Чироқчи марказидаги Чоштепа, Янгиобод, Кишмиштепа, Ўзбекистон, Боғишамол каби маҳаллаларда сарпо ва мебель учун 20 – 30 миллион сўм пул кетади. Косондаги Пахтазор, Ширинобод, Дўстлик ва Месит маҳаллаларида айни шу мақсадда 30 – 40 миллион сўм сарф бўлаётгани муаммо кўлами қай даражадалигини кўрсатади.

Энди ўзингиз бир чамалаб кўринг, Кўкдалада келин учун бир неча соатга олинадиган тўй либоси 1 миллиондан 8 миллион сўмгача, Деҳқонободда тахминан 2,5 миллион, бошқа тумандан келтирилса 4 миллион сўмгача... Китобда никоҳ тўйида биргина сарпо учун 8 – 10 миллион, фотиҳа тўйида ҳам шунча маблағ сарфланмоқда. Ҳалиям тўйхонадаги саҳна безаги, дастурхонга гул буюртма бериш, келин-куёв кириб келишидаги ҳар хил маросимлардаги ортиқча харажатларни ҳисобга олмадик. Бунинг устига ке­йинги пайтларда келин-куёвнинг севги тарихи (“Love story”) маросимига Косонда ўртача 7 – 10 миллион сўм пул харжланмоқда. Касбида айни шу маросим учун камида 5 миллион сўм ҳавога совурилмоқда. Ахир бунча пул сарфланаётган жойларда таълим, тиббиёт, йўл инфратузилмаси, ҳудудлар ободлиги каби масалаларда муаммолар йўқми? Эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар-чи? Қишлоқларда оддийроқ тўйга сарф бўладиган пулга бемалол бирор бизнес бошлаш мумкин.

Беҳуда совурилган миллионлар

2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланганди. Шунга қарамасдан дабдабабозликка бўлган интилиш камаймаяпти. “Халқ сўзи” газетасининг жорий йил 8 февраль сонида Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев “Тўйларимиз маънавият, меҳр-оқибат тантанасига айлансин” мақоласида ҳам тўй эгалари даромадларига яраша эмас, балки қарз олиб бўлса-да, катта сарф-харажат қилаётгани, бу тўйдан кейин баъзи келишмовчиликларга, оилада етишмовчиликларга сабаб бўлаётгани, оқибатда ёшларнинг ажрашиб кетишларига ҳам олиб келаётганини куюнчаклик билан тилга олади. Фарзандларнинг камоли, ёшларнинг бахтини ўткинчи моддиятга боғлаб, орттираётганимиз нима? Фақат қайғу, алам, ғурбат... Ҳашаматларга ҳаддан зиёд берилиб, борган жойимиз суд идораси бўлмаяптими?

Юртимизда бир йилда ўртача 300 минг атрофида тўй маросимлари ўтказилар экан. Уларнинг умумий сарф-харажати қарийб 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу қайсидир ҳудуднинг бюджети, деганидир. Агар оддий пропорция билан ажримлар сони кўриб чиқилса, тўй харажатларининг жуда катта фоизи ҳавога учаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

– Самарқанд шаҳридаги Бекҳо маҳалласига раис этиб сайланганимга уч йил бўляпти, – дейди Абдувоиз Дўстов. – Энди иш бошлаганимда фуқаролардан бири ўғлини уйлантирмоқчи эканини, аммо қўли калталик қилаётганини айтиб маслаҳат сўради. Одатда тўйларни қисқартириш ҳақида кўп гапирамизу лекин буни қандай амалга ошириш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаймиз. Кимдир камроқ меҳмон чақиришни маслаҳат беради, бошқаси шаҳардан ташқаридаги арзонроқ тўйхонани тавсия этади. Ўзим шаҳардаги бир нечта базмгоҳларга бориб, улардаги нарх-наво, хизмат кўрсатиш тартибини ўргандим. Кейин фаоллар билан кенгашиб, уйда ўтказиладиган тўйга кетадиган харажатларни ҳисоблаб чиқдим – уч баравар арзон тушаркан! Буни тўй бошламоқчи бўлган фуқарога тушунтирдик. У бошида қариндош-уруғи, қўшнилар норози бўлишидан, оворагарчилик кўпайишидан хавотирга тушди. Тўйнинг бошида ўзим туришимни айтиб кўндирдим. Тўй ихчам ва миллий қадриятларимизга мос тарзда чиройли ўтди. Бошқалар ҳам бундан ибрат олмоқда.

Карантин давридаги тўйларни бир эсланг. 30 кишилик тўй шу даражада яхши ўтдики, бор-йўғи 2 миллион сўм сарфлаб элга дастурхон ёзганлар бўлди. Бундан на биров хафа бўлди, на биров “тўйим оддий ўтди” деб нолиди. Қани энди, ўша тартибда давом этганимизда, ҳашамдор тўйлар сони анча қисқарган бўларди...

Тўй – миллий урф-одатимиз. Уни қандай ўтказиш борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас, албатта. Аммо тўйларни миллий қадриятлар асосида, камхарж, дабдабалардан холи ўтказиш ўзига ва оиласига осойишталик олиб келишини ҳар бир инсон онгли равишда тушуниб етмоғи лозим.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?