ФАО октябрь ойида глобал озиқ-овқат нархлари кескин ошганини қайд этди. Бу сўнги 18 ой ичида энг юқори кўрсаткич
Иллюстратив фото
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботига кўра жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари октябрь ойида сўнги 18 ой ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бу, асосан, ўсимлик мойлари нархининг кескин кўтарилиши билан боғлиқдир.
ФАО Озиқ-овқат нархлари индекси (халқаро бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ойлик ўзгаришларни кузатиб борувчи индекс) октябрь ойида 127,4 баллни ташкил этди. Бу кўрсаткич сентябрь ойига нисбатан 2,0 фоиз ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга юқори бўлсада, 2022 йил март ойидаги энг юқори кўрсаткичдан ҳозирча 20,5 фоиз пастроқдир.
Нархларнинг асосий ошишига сабаб бўлган ФАО ўсимлик мойлари индекси октябрь ойида 7,3 фоизга кўтарилиб, сўнги икки йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етгани, бунга пальма, соя, кунгабоқар ва рапс мойлари нархларининг ошиши сабаб бўлди.
Шунингдек, ФАО дон нархлари индекси ҳам 0,9 фоизга ўсди, бу буғдой ва маккажўхори экспорт нархларининг ошишига боғлиқлиги билан изоҳланган.
Маккажўхорининг дунё нархлари ҳам кўтарилди, бунга қисман ички талабнинг юқорилиги ва Бразилиядаги дарё сатҳининг пастлиги туфайли транспорт муаммолари сабаб бўлди. Аксинча, барча гуруч нархлари индекси октябрь ойида 5,6 фоизга пасайди.
ФАОнинг шакар нархлари индексининг ўртача қиймати октябрь ойида кетма-кет иккинчи ойга ўсиб, 129,6 пунктни ташкил этди. Бу сентябрь ойидагидан 3,3 пунктга (2,6 фоизга) юқори, аммо барибир ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 29,6 пунктга (18,6 фоизга) паст. Бразилияда 2024 – 2025 йилги мавсумда давом этаётган қурғоқчилик шароитида ишлаб чиқариш истиқболлари бўйича хавотирлар сақланиб қолаётгани сабабли октябрь ойида шакар нархлари ўсди. Бундан ташқари, жаҳон бозорида нефть нархларининг ўсиши Бразилияда этанол ишлаб чиқариш учун шакарқамишни кўпроқ ишлатишга олиб келди ва бу ҳам шакар нархлари ўсишига таъсир қилди.
ФАО сут маҳсулотлари нархлари индекси октябрь ойида 1,9 фоизга ошиб, ўтган йилгига нисбатан 21,4 фоизга юқори бўлди. Бу ўсиш асосан халқаро миқёсда пишлоқ ва сариёғ нархларининг ошиши билан боғлиқ бўлса, қуруқ сут нархлари пасайишда давом этди.
ФАО гўшт нархлари индексининг ўртача қиймати октябрь ойида 120,4 пунктни ташкил этди, бу сентябрь ойига нисбатан 0,3 фоизга паст, лекин ўтган йилдагидан 8,4 пунктга (7,5 фоизга) юқори. Энг катта пасайиш чўчқа гўшти нархларида кузатилди, бу Ғарбий Европада чўчқа гўштига талабнинг сустлиги билан изоҳланади. Жаҳон парранда гўшти нархи октябрь ойида бироз тушган бўлса, қўй гўшти нархи барқарор бўлди. Шу билан бирга, қорамол гўшти нархи халқаро харидларнинг ортиши туфайли ўртача ўсди.
2024/25 йилларга янгиланган башоратлар гуруч ва буғдой ишлаб чиқаришининг кўпайишини, маккажўхори ишлаб чиқаришининг эса пасайишини кўрсатмоқда
ФАО томонидан эълон қилинган Дон таклифи ва талаби бўйича маълумотнома ва октябрь ойи ҳисоботига кўра, 2024 йилда глобал дон ишлаб чиқариши ўтган йилга нисбатан тахминан 0,4 фоизга камайиб, 2 848 миллион тоннани ташкил қилади, бу тарихда иккинчи йирик натижадир.
Осиёда экин майдонларининг кенгайиши ва қулай об-ҳаво шароитлари туфайли дунё бўйича буғдой ишлаб чиқаришнинг ўсиши кутилмоқда. Бу ўсиш Европадаги йирик ишлаб чиқарувчиларнинг сезиларли қисқаришини тўлдиради. Шу билан бирга, 2024/25 йилги мавсумда жаҳон гуруч ишлаб чиқариши рекорд даражада 538,9 миллион тоннага етиши мумкин.
Жаҳон дон истеъмоли 2024/25 йилда 0,5 фоизга ўсиб, умумий 2 857 миллион тоннага етиши кутилмоқда, бу асосан гуруч ва буғдойнинг озиқ-овқат истеъмолидаги ўсиш билан изоҳланади. Глобал дон захиралари 0,6 фоизга ошиб, 889 миллион тоннага етиши кутилмоқда, бунда асосан гуруч захиралари кенгайиши кутилмоқда. Бу ўсиш глобал доннинг захира — истеъмол нисбати 30,6 фоизга, яъни сўнги беш ва ўн йиллик ўртача даражаларига яқинлашишига олиб келади.
Дон бўйича халқаро савдо ҳажми 485 миллион тонна миқдорида башорат қилинмоқда, бу эса 2023/24 йил даражасидан 3,9 фоизга пасайишини англатади. Жаҳон бўйича гуруч савдоси ошиши кутилмоқда, буғдой ва йирик донлар савдоси эса камаяди.
ФАО қошидаги Қишлоқ хўжалиги бозор маълумотлари тизими (The Agricultural Market Information System AMIS) ҳам жума куни ўзининг ойлик Бозор монитори ҳисоботини чиқариб, мунтазам таҳлилдан ташқари, 2007 йилдан бери асосий қишлоқ хўжалик маҳсулотларига экспорт чекловлари эволюциясини таҳлил қилувчи янги маълумотларни тақдим этди.
45 та мамлакат озиқ-овқат бўйича ташқи ёрдамга муҳтож, беш мамлакат кескин озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозига дуч келмоқда
ФАОнинг Глобал ахборот ва эрта огоҳлантириш тизими (Global Information and Early Warning System — GIEWS) томонидан чоп этилган Ҳосил башоратлари ва озиқ-овқат ҳолати (Crop Prospects and Food Situation) ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб тахминан 45 та мамлакат озиқ-овқат бўйича ташқи ёрдамга муҳтож деб баҳоланган.
Ушбу ҳисоботда мамлакатлардаги мавжуд шароитлар ҳақида маълумотлар берилган. Бу мамлакатлар орасида Африкадаги 33 мамлакат, Осиёдаги тўққиз мамлакат, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи минтақасидаги иккита мамлакат ҳамда Европадаги битта мамлакат бор. Низо ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар озиқ-овқат танқислигининг асосий сабаблари сифатида қайд этилган бўлиб, 2024 йилда Ғазо сектори, Гаити, Мали ва Суданда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозига дуч келиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг