Тайванлик инвесторлар Нурота туманига 25 миллион долларлик сармоя киритади

21:25 09 Январь 2024 Жамият
521 0

Бийдай Қизилқум ва Нурота тоғ тизмалари чорраҳасидаги Нурота тумани замини ерости табиий ресурсларига бой. Бугунги кунда ушбу ҳудудда гранит ва мармар каби қурилиш материаллари, бентонитдек саноат хомашёси ҳамда олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш саноат усулида йўлга қўйилиб, туман иқтисодиётида саноатнинг улуши ошиб бормоқда. Табиийки, бу имкониятлар хорижлик инвесторларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.

Яқинда Тайвандаги бир қатор компаниялар вакилларидан иборат инвесторлар Нурота тумани ҳокимлигида қабул қилинди.

Учрашувда меҳмонлар ўзларининг бизнес тақдимотларини ўтказишиб, мезбонлар тақдим этаётган имконият ва салоҳият билан танишишди.

— Ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги бизга жуда маъқул, — деди “DATATEK TECHNOLOGY” Co., LTD. компанияси раҳбари Рей Ҳанг. — Энг муҳими, меҳнаткаш ва салоҳиятли меҳнат ресурслари мавжудлиги лойиҳаларимизни тезроқ ишга туширишимизга имкон беради.

Тайванлик инвесторлар 25 млн. АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция йўналтириб, “Сорбентлар” гуруҳига мансуб маҳсулотлар (фаоллаштирилган кўмир, сульфат кўмир, катионитлар ва анионитлар, техник углерод) ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда мармар ва кварц тошига ишлов бериш, олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш истагини билдиришди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер