Санъат сохталикни ёқтирмайди, рост гапиришни ўрганайлик, халққа хизмат қилайлик — Зулфиқор Мусоқов

16:51 05 Январь 2023 Жамият
1681 0

Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан.

2022 йил якунида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган «Олтин Ҳумо» миллий кинотақдимотида номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат», Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Жалоловнинг «Муқимий» фильмлари учта номинация бўйича ғолибликни қўлга киритди. Шу муносабат билан биз уч йўналиш бўйича ғолиб бўлган «Ҳайрат» фильми режиссёри, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Зулфиқор Мусоқовдан интервью уюштиришга муваффақ бўлдик.

— Аввало, ғолиблик муборак бўлсин! Якунланган йил қандай омад, ютуқ ва хатолар билан хотирангизда қолади?
— Фақат хафа бўлмасангиз, тез-тез ва қисқа савол-жавоб қиламиз, майлими? Ўзи ҳаёт шундоқ ҳам қисқа, ҳамма нарсага улгуришимиз керак. Энди, саволингизга келсак, Раҳмат. Худога шукур, 2022 йил яхши ўтди. Бу саволга тўлиқ жавобни 12 соат ўтганидан кейин бераман...

— Сиз учун кино нима?

— Очиғини айтганда, сал нокамтаринлик, ҳаттоки манманлик бўладими дейманда, ўз касбим ҳақида гапириш... Кино мен учун бутун борлиғим, ҳаётимнинг мазмуни. Менда ҳатто «хобби» йўқ. Кечаю кундуз ўй-хаёлим ана шулар билан. Ёки кичкина неварам билан андармон бўламан. Каттаси ўзини-ўзи эплайди. Очиғини айтганда, кўп гапиришни ёмон кўраман, назария ҳақида сафсата сотишга ҳам бўшроқман... Аниқ саволларингиз бўлса, қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан.

— Кино ва бизнес. Бу сиз учун қанақа тушунчалар?
— Ижодкорлар билан учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев: «Ўзбек киносининг халқимизга ва айниқса ўсиб келаётган ёшларга тарбиявий, маданий ва маънавий аҳамияти Мудофаа вазирлиги билан тенг, баъзида ундан ҳам муҳим», деган эди. Санъатда бизнес деган тушунчага йўл қўйилмаслигини таъкидлаган эди. Ана шу фикр менга жуда маъқул келганди. Чунки санъатга бизнес аралашса, кинонинг тарбиявий роли, аҳамияти йўқолади. Бундан кино санъати жабр кўради, омманинг савиясини туширадиган, қўпол бўлса ҳам айтай, беор ва шаллақилар ўзини намойиш қиладиган майдонга айланиб қолади, назаримда. Бу, албатта, менинг шахсий фикрим.

— Ижодий фаолиятингиз давомида 30 га яқин фильм суратга олгансиз. Бой бўлиб кетмадингизми?

— Агар бой бўлиб кетганимда, бу ерда ўтирмасдим. Қайсидир Канар оролларидамией, «Олтин қум»дамией, иссиққинада дам олиб юрган бўлардим. Менинг ҳашаматли саройга ўхшаган икки қаватли уйим ва ҳовлим йўқ. Оддий уч хонали квартирада 40 йилдан бери яшайман. Нолимайман, мендан ёмон яшайдиган одамлар ҳам бор...

Лекин агар ишонсангиз, ана шу олинган фильмларимдан бор-йўғи иккитасигина фойда келтирган. «Осмондаги болалар —1» тўққиз ярим ой, «Осмондаги болалар — 2» асарим олти ярим ой кинотеатрда қўйилган. Очиғини айтсам, бошқа бирорта фильмим бу қадар «узоқ» муддат кинотеатрда қўйилмаган. Яхшиям телевидение бор, ҳамма фильмларимни қайта-қайта «айлантириб» ётишибди. Бундан хурсандман ва бу билан керак бўлса, ич-ичимдан фахрланаман. Пули ҳам керак эмас. Лекин телеканаллар фильмларимни ўртасидан «кесиб», унинг ўрнига реклама жойлаштириб, пул ишлагани мени ранжитади.

— Нима, кино даромадли соҳа эмасми?

— Агар кино даромадли соҳа бўлганида, ҳамма ўзини шунга урган бўларди. Лекин бизнинг мамлакатимизда давлат ёрдамисиз кино «ўлиши» аниқ. Дунёда фақат учта мамлакатдагина кино давлат ёрдамига муҳтож эмас. Бу АҚШ, Ҳиндистон ва Нигерия. Бошқа давлатлар, масалан, Англия, Германия, Францияда давлат ўз миллий киноларини Америка кинолари экспансиясидан қутқариш мақсадида киночиларга ёрдам беради. Лекин шунга яраша, давлат қайсидир иккита-учта мансабдорга эмас, авваламбор тажрибали экспертларнинг холис хулосасига таяниб, юксак бадиийликка жавоб берадиган асар яратаётган заҳматкаш кинорежиссёрларга маблағ ажратади. Бизда ҳам ана шундай холислик қарор топишини истайман холос. Бизнинг ижодий гуруҳ ана шу талабларга жавоб берадиган асарлар яратишга ҳаракат қилади. Бошқалар учун жавоб бера олмайман...

— Сиз «Ўзбекфильм» студияси биноси остонасидан биринчи бор 45 йил олдин актёр сифатида ҳатлаб ўтгансиз, 35 йилдан бери режиссёр сифатида ижод қилиб келяпсиз. Шу давр ичида раҳбарларнинг 12 тасини кўрдингиз. Сизнингча, ўзбек киносига нима етишмайди?

— Биринчидан, бу саволни шу соҳага жавоб берадиган раҳбарларга беришингиз керак, деб ўйлайман. Улар ўз маданияти, кино ишлаб чиқариш бўйича тажрибаси ва лаёқати, шу соҳада ўзлаштирган билимидан, фаросати ва энг муҳими, иймонидан келиб чиқиб, сизга бафуржа жавоб бериши мумкин.

Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан

— Сиз ҳеч қачон соҳангиз бўйича бирор маротаба ҳам раҳбарлик лавозимида ўзингизни намоён қилмагансиз. Нима, раҳбар бўлишни хоҳламайсизми ёки бунга сабаб нимада?

— Раҳбар бўлиш учун инсон ўзига қўйилган талабларга жавоб бера олиши керак. Менинг эса нуқсонларим кўп...

 Масалан?

— Ёлғон гапира олмайман. Хўжакўрсинга ишлолмайман, ўзимни-ўзим мақтай олмайман. Бирор нарсадан норози бўлсам, бошлиқларнинг юзига ичимдаги бор гапларни шартта айтиш касаллигим бор.

— Бу айтган фазилатларингиз ижобийку?

— Балки сизга шундай туюлар, лекин бошқаларга бу «камчиликларим» ёқмаслиги аниқ. Аслида, раҳбарликка ҳеч қачон ҳавасим бўлмаган. Қолаверса, мана шу танлаган касбим билан яхши кинолар ишлаб, халқимизнинг раҳматини олсам, мен учун энг олий мартаба ўша бўлади. Москвада ўқиганимда, Олий режиссёрлик курсларида машҳур кинорежиссёр Френсис Форд Коппола («Чўқинтирган ота» фильми режиссёри) бизга 12 кунлик мастер-класс ўтган пайтида шундай деган эди: «Ҳар бир яхши ишнинг ҳам, ёмон ишнинг ҳам ўз сценарий муаллифи ва режиссёри бўлади». Қаранг, бу фикрни кўчма маънода оладиган бўлсак, давлатимиз томонидан кейинги йилларда кино санъатига алоҳида эътибор берилаётгани, Президентимиз ана шу ишларнинг бошида туриб, сценарий муаллифи ва режиссёри бўлаётгани мени қувонтиради.

— Соҳада қандай ижобий ўзгаришлар бўлганига мисоллар билан аниқлик киритсангиз?
 
— Мен ўзим гувоҳ бўлган жараёнларни санаб ўтишим мумкин. Мана, масалан, ҳозир «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан ёшларга катта эътибор бериляпти. Юртимизда «С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали очилди. Бу савобли иш. «Ўзбекфильм» киноконцерни биносининг қайта қурилишида студиянинг собиқ директори Фотиҳ Жалоловнинг хизмати жуда катта. Бу истиқболли актёрни «Бомба» фильмида илк бор суратга олган эдик 1995 йилда. Шундан кейин кўпчиликнинг назарига тушди, ижоди гуллаб-яшнади. Ўзи яхши йигит. Яна бир инкор қилиб бўлмайдиган факт: барча қийинчиликларга қарамай, айнан «Ўзбекфильм»да 1991 йилдан 2019 йилгача 51 та тўла метражли фильмлар яратилди. Шулардан 20 дан ортиқ фильмларни ўзим олганимдан, ўтган умрим бесамар кетмаганидан хурсанд бўламан.

Ниҳоят, пенсияга чиққанимдан кейин бўлса ҳам, «Ўзбекфильм»да ҳам одам ўтирса бўладиган мебель ва одам кирса баҳра оладиган хоналарни кўриб, хурсанд бўламан. Янги юксак технологик камералар олинди, хроникага янги компьютер харид қилинди. Буларнинг ҳаммаси асаларидай меҳнаткаш бўлган операторларнинг ишини енгиллаштиради, уларни чарчатмайди. Умуман, «Ўзбекфильм» ва «Ўзбеккино»нинг ҳамкорлиги қанчалик мустаҳкам бўлса, бундан фақат кино санъати фойда кўради.

Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан

— Бугун жамиятимизда қизиқ бир ҳолат кузатилаётир. Баъзи бир амалдорлар қабулига келган фуқаролар билан маълум бир мавзуда суҳбатлашаётганида, халқ тили билан айтганда, «қовун тушириб қўйишаяпти» ва булар ижтимоий тармоққа чиқиб кетаяпти. Бу каби ҳолатларни кинога кўчирса бўладими? Шунга муносабатингиз қандай?
 
— Бу саволингизга жавоб тайёр. Сиз бизнинг ижодий гуруҳимиз томонидан яқиндагина яратилган «Касаллик тарихи» фильмини бир кўринг. Унда ана шу саволларингизга атрофлича жавоб топасиз. XX ва XXI асрнинг улуғ донишмандларидан бири – Шуҳрат Аббосовнинг шоҳ асари бўлган «Тошкент – нон шаҳри» бадиий фильми сценарийнависи Андрей Кончаловский: «Ҳар бир халқнинг тақдирини унинг маданияти ҳал қилади», деб айтган эди. Афсуски, жамиятимизда фалакнинг гардиши билан тасодифан турли-туман мансабчаларга эга бўлиб қолган кўпгина амалдорларида шу оддийгина маданият етишмаслиги жуда ачинарли ҳол. Баъзан ижтимоий тармоқларга чиқиб кетаётган қўполлик, ҳатто сўкиниш ҳолатларига ҳам гувоҳи бўляпмиз! Ишдан бўшатилганидан кейин йиғлаб юради, дарров «одам» бўлиб қолади, уялмайди, кечирим ҳам сўраб қўяди. Шунинг учун мулоқот одоби, ўзаро ҳурмат одоби маданиятига жиддий қарашимиз, бу борада жамиятда жамоатчилик фикрини шакллантиришимиз жуда зарур ва шарт деб ўйлайман. Бу сиз — матбуот ходимларига алоҳида тааллуқли мавзу. Ҳар бир амалдорнинг ўтириш-туриши назоратда бўлиши, қилган ишлари шаффоф ёки шаффоф эмаслигини аниқ айтиш керак, халқ шулардан ўрнак олади. Чунки халқни алдаб бўлмайди. Менга келадиган бўлсак, бу масалага жавоб топиш учун жамоамиз билан биргаликда ишлаган «Дадам бетоб» деб номланган фильмимизни яна бир марта кўриб чиқишингизни тавсия қиламан.

— Ёш киноижодкорлар кенгаши ҳақида нима дейсиз?

— Мени шартаки деб тушунманг, тўғрисини айтаман. Мен уларнинг раҳбарларини танимайман. Қаердан келганини ҳам билмайман.

— Яқинда тузилган «Оскар» қўмитасининг ўзбек киносига қанчалик фойдаси бор?

— Ўзбекистон «Оскар» қўмитасига аъзолар Киноарбоблар ижодий уюшмасининг мажлисида очиқ сайланиши керак эди, лекин бундай бўлмади. Мантиқан ва адолат нуқтаи назаридан бу ерда кино санъатига улкан ҳисса қўшган муносиб инсонлар бўлиши керак эди. 2007 йилда «Ватан» номли ўзбек фильми Куала-Лумпурда Осиё ва Океания халқаро кинофестивалида энг яхши бешликка кирганидан сўнг, UPS почтасидан «Ўзбекфильм»га ўша Оскар киноакадемияси саралаш қўмитасидан фильмнинг дискини юбориш ҳақида расмий таклифнома келди. Иккита қатъий шарт: фильм икки ҳафта прокатда намойиш этилган бўлиши, ундан кейин иккинчи шарти – мамлакат киноакадемияси ёки Киночилар иттифоқидан кино санъатига катта ҳисса қўшган 12 кишининг тавсияномаси керак эди.

Мен ана шу 12 та тавсияномани ҳам олиб, уларга жўнатдим. Лекин кейинги келган расмий хатда «Ватан»нинг Оскар танловида қатнашиши рад этилган эди. Бунга сабаб қилиб, Лос-Анжелесдаги Оскар кинокадемиясида давлатимизнинг баённомаси йўқлиги айтилганди ва мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар борлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилганди. Мана сизга бор ҳақиқат. Умуман олганда, ҳеч бўлмаса ана шу Ўзбекистондаги «Оскар» қўмитасига холис экспертлар қайтадан танлаб олиниши керак, деб ўйлайман. Ахир улар Ўзбекистондай бир давлатни дунёга намоён қиладиган мутахассисларку!

— «Ватан» фильми айни чоғда Зулфиқор Мусоқовнинг ижодидаги силжиш, янги мавзу ва бадиий талқинлар топиш, жиддий кино услубини касб этиш йўлидаги самарали тажрибаси, десак бўладими?

— Билмадим, бу томошабин ва вақтга ҳавола. Қанақасига ўз фильмим ҳақида гапиришим мумкин? Менинг мақсадим битта эди: фильмни пишитиш, қиёмига етказиш учун анча тер тўкиш, ҳар битта деталига «жон киргизиш», улар нимагадир хизмат қилиши лозим, деб ҳисобладим.

Асар ҳар бир инсоннинг юрагига кириб бориши, уларнинг кўнгил торларини қайсидир даражада черта олиши керак эди. Кино шу вазифани бажармаса, унда бундай асарнинг кимга кераги бор? Ана шу маънода, олдимга қўйган мақсадларимга қандайдир даражада етдим, деб ўйлайман. Ватанни англамоқ учун минбардан бақириш ўрнига Ватан оғриқларини ўз қалбидан ўтказган оддий бир инсоннинг ички туйғуларини, ҳисларини ана шу асарда акс эттирмоқчи эдик...

Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан

— Кинода мусиқанинг иштироки қай даражада муҳим деб ҳисоблайсиз?

— Биласизми, кенг маънода мен бахтли одамман. Айтдимку, мусиқада биронта нотани билмайман, лекин биз яратган фильмларда юртимизнинг етук бастакорлари – Мирхалил Маҳмудов, Анор Назаров, Анвар Эргашевлар билан елкама-елка ишлаганимдан бахтлиман. Охирги фильмларимга қизим Мария мусиқалар басталаган.

Ҳаётим давомида кенг маънода жуда улуғ инсонлар билан мулоқотда бўлганим ёки бирга ишлаганим билан фахрланаман, шундан ўзимни бахтли ҳис қиламан. Фазовий даражадаги тафаккур соҳиби, улуғ инсон Чингиз Айтматов, Виктор Астафев, устозларим Владимир Меншов, Галина Вольчек, Вим Венлерс, Анджей Вайда, Шохей Имамура, ватандошларимиз Ҳожиакбар Нурматов, Тўти Юсупова, Тўйчи Орипов, Римма Аҳмедова, Баҳодир Йўлдошев, Рихсивой Муҳаммаджонов, Обид Юнусов, Фатҳулла Маъсудов, Ширин Азизова, Ҳусан Шарипов, Диас Раҳматов, Садриддин Зиёмуҳамедов... уларни унутиб бўладими? Уларнинг ҳар бири бир олам эди! Афсуски..., ҳозир ўзимни етим қолган боладай ҳис қиламан. Улар билан бирга ҳамкорлик қилганларимни, ҳамсуҳбат бўлганларимни эсласам, юрагим ёрилай дейди, ҳаёт тушга айланиб қолгандай бўлади.

— Кино ва театр мактаби ташкил этган экансиз.— Мен эмас, қизим Мария очган. Бу «Focus» кино ва театр мактаби деб аталади. Бу ерда бадиий фильмлар режиссёрлигига ўқишга қабул йилига бир марта амалга оширилади ва республиканинг барча ҳудудларидан ўқувчилар қабул қилинади. Ушбу соҳада махсус таълим олмаганлар ҳам ўқиш учун ариза топширишлари мумкин

Focus кино ва тeaтр мактаби дунёнинг 39 мамлакати мутахассислари билан ҳамкорлик қилади. кўплаб халқаро тренингларнинг ҳамкори ва иштирокчиси ҳисобланади. Focus мактабининг асосий ҳамкори — Тошкентдаги Швейцария Конфедерацияси элчихонаси ҳисобланади. Асл мақсад – ёшлар ичидан истеъдодларни топиш, уларга кўмак бериш, керак бўлса, устозлик қилиб, пишиқ-пухта, дунё мириқиб томоша қиладиган асарлар яратилишига ёрдам беришдан иборат. Ҳозир мана шу мактабни биритган 15 нафар йигит-қиз «С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалида таҳсил оляпти.

— Айрим хусусий киностудиялар томонидан фильмларни сценарийсиз суратга олиш ҳоллари мавжудлиги ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бунга нима дейсиз?

— Уни ўша тегишли идорадан сўранг. Мен билмайман.

— «Осмондаги болалар-3» нима бўлди?

— «Одамлар мендан: «Осмондаги болалар-3»ни қачон суратга оласиз, дея кўп сўрайди. Тасвирга олдик, мен тайёрлаган сценарий бўйича. «Осмондаги болалар-3» (фильм номи «Ердаги оталар») номли фильмда аввалги қаҳрамонларнинг фарзандлари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳозир бу сценарийни суратга олиш ишлари тугади. Агар молиялаштириш пайсалга солинмаса, худо хоҳласа, январь ойидан монтаж қилишга киришамиз.

Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан

— 2002-2021 йиллар мобайнида ёш авлод «Осмондаги болалар», «Ватан», «Новда» каби фильмларни кўриб улғайди. Мазкур фильмлар сценарийсидаги диалоглар мухлислар севган ибораларга айланди. Ҳозир уларнинг бирортасидан сўраб кўринг, Зулфиқор Мусоқов суратга олган фильмларни кўрганмисан, денг, камида иккитасини кўрганини айтади. Бу сизни қувонтирадими?

— Ҳа албатта! Агар баъзи шоввозлар бундан кейин ана шу фильмларга ўхшатма қилиб реклама роликларини ишлашмаса...

— Бугунги «Олтин Ҳумо» танловида муносиб тақдирланган «Ҳайрат» фильмига ўтсак.

— Фильм 2021 йилнинг январида илк бор «Ўзбеккино» Миллий агентлиги биносида журналистлар, блогер, ёзувчи, шоир, режиссёр, талаба ва умуман, зиёли қатламдан иборат бир гуруҳ томошабинларга намойиш этилди. Улар бу фильмдан ҳайратланганларини яширишмади.

Чунки, ундаги персонажларнинг бойи ҳам, олибсотари ҳам, курсидагиси ҳам, курсиси йўғи ҳам бор. Бош қаҳрамоннинг эса бойлиги, курсиси ҳам йўқ. Пул топиши ўртача ва ҳатто техникага яқинлиги ҳам ҳамин қадар. Сценарийни ҳам машинкада ёзади. Бошқасини билмайди. Шунинг учун унинг иккинчи номи «Алвидо, ссенарист» деб аталади

Аслини олганда, ижодимда реаллик ва сирлилик симбиози устун туради. Ким ҳақида ҳикоя қилмай, бир қарашда оддий ва жўн кўринган воқеаларни мураккаб сюжетлар қоришувида тасвирлайман. Ўзимни ҳам ана шу ракурсда намоён этишга ҳаракат қилдим.

Асарнинг илк кўриги бўлиб ўтгач, кўпчилик экранда худди менинг ҳаётимни кўргандек бўлишди. Баъзи бировлар фильм қаҳрамони қиёфасида инсонга хос бўлган қусур ва фазилатларни кўрди. Бу, албатта, табиий. Муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат, рост ва ёлғон — булар инсон зотининг руҳиятига хос хусусият. Қисқа қилиб айтганда, мен мана шу мазкур фильм орқали жуда кўп фикрларимни айта олдим, айбларимни тан олдим, фазилатларим билан томошабинни ҳайратга солишни истадим. Улар бу фильмимдан баҳра олган, уни табиий, ҳар қандай сохталикдан холи қабул қилган бўлса, бундан хурсандман.

Қизи Мария билан. Сурат Зулфиқор Мусоқовнинг шахсий архивидан

— Жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда қатнашиб турасизми?

— Бир марта борган эдим, лекин унинг ташкилотчиларидан анча кўнглим қолди. Чунки денг, «Ҳайрат» фильми намойишига биринчи синф ўқувчиларини олиб келишибди. Уларни мультфильм томоша қилишга олиб келиш керак, жиддий фильмларга эмас. Улар фильм мантиғини англаб оладиган ёшда эмасда ахир! Буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга ташкил этилаётгандай бўляпти, халқни қониқтирмаяпти. Шунинг учун тарғибот-ташвиқот ишларининг халқ юрагига яқинроқ бўлган услубларини ишлаб чиқиш лозим, деб ўйлайман. Ҳозирги қилинаётган ишлар рус тилида айтганда, «показуха» дейилади. Афсус...

— Ўтган йили Президентимиз «Ўзбекфильм»га ташрифи чоғида соҳа вакиллари билан учрашган эди.

 — Ҳар галгидек мени ўша учрашувга чақиришмаган. Чунки тилим ёмонда...

— 2023 йилдаги режаларингиз, тилакларингиз?

— Режалаштирган ниятларим кўп. «Осмондаги болалар — 3» фильмимизни тезроқ кинотомошабинлар экранларига етиб боришига ҳаракат қиляпмиз. Тилакларим, бир-биримиздан кўзимизни олиб қочмай, рост гапиришни ўрганайлик, Президентимиз айтганидай, халққа хизмат қилайлик. Янги йилимиз яхши келсин, юртимизга, дастурхонимизга хайр-барака берсин. Халқимиз соғ-омон бўлсин.

Сўнгсўз ўрнида: Интервью бошида берилган саволга З. Мусоқов: “Худога шукур, бу йил яхши ўтяпти. Бу саволга жавобни 12 соат ўтганидан кейин, суҳбатимизнинг якунида айтаман», деган эди. Кинорежиссёр ваъдасига вафо қилиб, саволга қуйидагича жавоб йўллади:

— Савол-жавобимизнинг бошида берган саволингизга 12 соатдан кейин жавоб бераман, деган эдим. Гап шундаки, ўша пайтда ўғлим самолётда, ҳавода эди. Худога шукур, эсон-омон учиб келди. У жамоамиз билан Нью-Йоркда «Осмондаги болалар — 3» фильмининг охирги кадрларини режиссёр сифатида суратга олаётган эди. Мен боришим керак эди, лекин самолётда уча олмайман — қўрқаман...

Энди биринчи саволга тўла-тўкис жавоб берсам бўлади: 2022 йил шахсан мен ва бизнинг ижодий гуруҳимизга муваффақиятлар йили бўлди, анча яхши ўтди, десам бўлади. Бутунлай янгича ракурсда ва ёндашувда суратга олинган «Касаллик тарихи» фильмини ўз кучимизга таяниб, таниш-билишларимиздан қарз-қавола қилиб ишлаган эдик. Фильмни тасвирга олиш жараёни ярмига келганида, маблағ етмай қолганди. Кинематографияни ривожлантириш маркази асарнинг хомаки материалларини ўқиб кўриб, ёрдам берворишди. Яқинда фильм премьерасини қилиш ниятидамиз.

Яна бир яхши воқеа — «Осмондаги болалар-3» фильмига ниҳоят пул ажратилди, суратга олиш жараёнидаги барча харажатларни ниҳоят қоплаш учун имкон яратилди. Энди уни монтаж қиламиз, агар яна пайсалга солиб, резина қилиб чўзишмаса. Ҳаммага тинчлик ва соғлик тилаб қоламан.
Нуруллоҳ ОСТОНОВ

(Халқ сўзи) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?