Журналист ва блогерлар кўмагида эҳтиёжманд оилалар аниқланди

16:49 03 Январь 2024 Жамият
661 0

Фото: "Халқ сўзи"

Наманган вилоятида журналист ва блогерлар тавсиясига кўра ҳар йили кам таъминланган, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга байрам совғалари топшириб келинмоқда.

Эзгу ташаббус анъана тусини олди ва Янги йил байрами муносабати билан 250 дан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган кишилар ҳамда уларнинг оилаларига қувонч улашилди. Саховат кўрсатилганлар орасида 10 нафар фахрий журналист ҳам бор.

Наманган шаҳрининг “Баркамол авлод” спорт мажмуасида бўлиб ўтган байрам тадбирида вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов иштирок этиб, барчани байрам билан қутлади.

— Орамизда чиндан ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар бор, аммо орият кучлилик қилиб, рўзғоридаги камчилик ва муаммони бировга айтишмайди, — деди вилоят раҳбари. — Уларнинг шарт-шароитларини доим одамлар орасида юрган журналист ва блогерлар яхши билишади. Шунинг учун соҳа вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда байрам тадбирини ўтказдик.

Шу куни эҳтиёжманд оилалар вакилларига 18 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, Янги йил совғалари ҳамда иссиқ кийим-бош тақдим этилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?