Жондорда илк бор гастрономик кўча барпо этилмоқда

15:28 14 Август 2025 Жамият
107 0

У ёки бу давлатга йўл олишдан аввал сайёҳ ўша юртнинг миллий таомлари, пазандачилиги билан қизиқиши тайин. Бу табиий ҳол саналади. Шуни инобатга олган ҳолда Бухорода гастрономик туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари кўриляпти. Жумладан, Жондор тумани марказидаги Маҳмуд Торобий кўчаси гастрономик гўшага айланмоқда.

— Юртимиз миллий таомлари билан ҳам донг қозонган, — дейди жондорлик ҳамкасбимиз И. Ҳайдаров. — Қўли ширин ошпазларимиз томонидан тайёрланаётган софи ошу кабоб, балиғу сомсалар хорижий меҳмонларнинг таҳсинига сазовор бўляпти. Қолаверса, туманимизда олис ўтмишдан ҳикоялар сўзловчи кўҳна манзиллар бор. Қадимий Варахша шаҳри харобалари, Қизбиби қадамжоси, Маҳмуд Торобий билан боғлиқ гўшаларни томоша қилгани сайёҳлар тез-тез келишади. Уларга бўлғуси гастрономик кўча воситасида сифатли хизмат кўрсатилади, албатта.

Гастрономик кўча маҳаллий бюджет учун ҳам қўшимча даромад манбаи вазифасини ўтайди. Гап шундаки, мутахассислар фикрича, сайёҳлар ўз харажатларининг тахминан 30 фоизини овқатланишга сарфлашади. Қолаверса, мазали таомлар уларнинг ташриф кунларини узайтириш ҳам мумкин.

Айтмоқчи, барпо этилаётган кўнгилочар маскан туну кун фаолият кўрсатади. Қуёш панелли ёритгичлар, шинамгина пиёдалар йўлаги, соябонлар, ўриндиқлар, шинам ошхоналар – буларнинг барчаси меҳмонларнинг миллий таомлардан тановул қилиб, кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари имконини беради. Гастрономик кўча шарофати билан хизмат кўрсатиш соҳасида юздан зиёд тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлайди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

 «Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?