Жўмракдаги сувни текин, деб ўйламанг
Ариқда оқаётган сувга ҳеч ким пул тўла демагани учун унинг қадри ва қиммати йўқдир, аммо оби ҳаёт инсон қўли билан бунёд этилган қувурлар орқали марказий тармоққа уланган, сўнг истеъмолчиларга етказиб бериляптими, демак нархию сўровчиси бор. Баъзи кишилар кўрмаса, билмаса, ишлатаверамиз, деб ўйлашади ва марказий тармоққа ўзбошимчалик билан улаб олади. Оқова сувларни йўқотиш ҳам пул эканлигини унутади. Шу тариқа қонун бузилади ва оқибат айбдор жарима тўлайди. Чунки ичимлик суви таъминоти ва оқова сувлар тизимининг эгасию давлат томонидан тайинланган назоратчилари бор. Бу ҳақда Тошкент вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи Лазизбек Қўчқоров қуйидагиларни сўзлаб берди.
—Минг афсуски, қонунбузарлар оз бўлса-да учраб турибди. Ҳатто айрим кишилар ҳисоблагични бузиб, тамғасини сохталаштиришга ҳам улгурган. Мутахассис бўлмаган одам ҳисоблагичнинг ишдан чиққанини сезмаслиги мумкин, аммо ходимларимизнинг бу борадаги малакаси жуда юқори. Шу боис ўтган қисқа давр ичида ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларидан фойдаланишда жами 55 та ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Тармоққа ноқонуний уланган 45 та, ҳисоблагичларни ўзбошимчалик билан бузган, тамғасини шикастлаган 10 та ҳолат аниқланди. Натижада, қонунбузарлардан қўшимча равишда 105,5 млн. сўм пул ундириладиган бўлди. Бундан ташқари инспекциямиз ходимлари томонидан 28 та бюджет ташкилотлари ўрганилганда, 2 та ҳолатда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмаганлиги аниқланиб, қоидабузарларга нисбатан 8,2 млн. сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Аслида мана шу асаббузарлик, ортиқча жарималару қўшимча пул тўлашларга ҳожат йўқ. Фақат бунинг учун қонуни ҳурмат қилиш, уни бузмаслик керак. Фарзандлару набираларга буни уқтирсак келажакда диёнатли, ватанга садоқатли инсонни тарбиялаган бўламиз. Баъзан айрим кишилар буни билмасдик, дейишади, аммо қонун талабидан бехабарлик жавобгарликдан озод қилмайди. Масалан, ер ости ичимлик суви қудуқларидан фойдаланиш борасидаги ўрганишлар жараёнида 34 та жиддий камчиликлар аниқланди.Бу сафар ҳам айбдорларга тегишли чора кўрилиб, камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди.
Бундан ташқари ўтган йил якунида “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали тадбиркорлик субъектларида ўтказилган 4 та назорат жараёнида 4 та қўпол камчиликлар аниқланди ва айбдорларга ЎзР. МЖтКнинг тегишли моддалари билан 16,4 млн. сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Яна бир муҳим масала. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари билан ҳамкорликда ичимлик суви сифатини ҳам таҳлилдан ўтказдик. Шу мақсадда марказий ичимлик тармоғидан 88 та таҳлил намуналари олинди ва минг афсуски, 12 та ҳолатда ичимлик сувининг белгиланган миллий стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Эътибор беряпсизми, 12 та ҳолат. Бунинг ортида ўнлаб минглаб, юз минглаб одамларнинг саломатлиги турибди. Аслида инсонни минг балога дучор қиладиган, саломатлигини йўқотадиган нарса сифатсиз сув. Чунки биз уни ҳар куни, ҳар соатда ичамиз, турли таомлар орқали ютамиз ҳам. Инспекция томонидан тегишли идораларга “Кўзингни каттароқ очинг, сувни яхшилаб тозаланг, ўз вазифангизга масъулият билан қаранг,” деган мазмунда огоҳлантириш хатларини жўнатдик. Айбдорларга тегишли тартибда чоралар кўриш талабини ҳам баён этдик. Албатта бугун худди шу нуқсону юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам жуда муҳим. Ана шу сабабли шу йилнинг ўзида 11 таМФЙларда ва турли ижтимоий тармоқларда тушунтириш ишларини амалга оширдик. Нуфузли газетамизнинг сайтидаги мана шу чиқишимиз ҳам ўз самарасини беради, деган умиддамиз.
Абдунаби Алиқулов,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг