Жазираманинг ҳовури қачон босилади?

Фото: "Халқ сўзи"
Саратон ўз ўрнини асадга бўшатиб бераётган бўлса-да, ҳали қуёш “жазава”дан тушганича йўқ. Жазирама забтига оляпти. Синоптикларнинг прогнозларига қараганда, бошланган иш ҳафтасида ҳам юқори ҳарорат сақланиб туради. Ҳафта охирларида ҳарорат 1-2 даража пасайиши кутиляпти, холос.
Асад шамсий йил тақвимига кўра, бешинчи ой бўлиб, 22 июлдан 21 августгача бўлган даврни ўз ичига олади.
Одатда қуёш саратон буржидан асад томон оғиши баробарида, табиатда, об-ҳавода муайян ўзгаришлар рўй беради. Ҳисобдонларнинг кўп йиллик кузатишларига таяниб айтилса, офтоб тафти пасайиб, ёқимли ва майин шабада эса бошлайди, жазираманинг ҳовури босилади. Ой яхши келган йиллари ўртача ҳарорат саратондагига нисбатан 2 — 4 даража паст бўлади. Лекин бу йил ундай бўлмаяпти. Нега?
Табиат синчилари ушбу ҳолатни “ой талашуви” дея изоҳлашяпти. Яъни баъзида эски ой янгисига ўрнини бўшатгиси келмай, ўз ҳукмини ўтказишга тиришар экан. Саратоннинг бу қайсарлигига эса ёз чилласи қувват бераётганга ўхшайди. Ахир чилла 5 августга қадар давом этади-да!
Ҳарорат қандай бўлмасин, бу ой деҳқончиликда энг муҳим, экинлар ўсиб ривожланадиган пайт ҳисобланади. Халқимизнинг “Асад — экинингни ясат” деган ажойиб мақолида шунга ишора қилинган.
Чиндан ҳам, асад экин расад бўладиган, уни том маънода “ясатадиган”, яшнатадиган палладир. Айниқса, ғўзани суғориш, культивация қилиш, ҳосилни зараркунанда ҳашаротлар ва касалликлардан асраш тадбирларига янада жиддий эътибор қаратилса, ҳосил салмоғи ошади. Экинга таралган сув эса “бол суви”га қиёсланади. “Асад суви — асал суви” ибораси ҳам донишманд деҳқонларнинг кўп йиллик кузатишу, тажрибасидан келиб чиққан, албатта.
Асад — айни пишиқчилик мавсуми. Бу пайтда мевали дарахтлар шохлари ҳосилини кўтаролмай ларзон-ларзон бўлса, полиз пайкалларида пишмаган тарвуз деярли қолмайди. Айниқса, қовун шира тортиб, тилими тилни ёради. Помидор, булғор қалампири каби полиз экинлари дармондориларга тўлса, ишкомлардаги узумлар бол билан баҳслашади. Соҳибкорлар мева-чеваларни асад қуёшининг нурига чўмгачгина қуритиш ва майиз қилишга чоғланишининг боиси ҳам шунда. Ой охирларига бориб, пахта ҳосили ҳам тарозига тушади. Шу тариқа ишлар йиғим-терим мавсумига уланиб кетади.
“Асаднинг бир куни қишнинг ўн кунини босади”, дейишади кўпни кўрган нуроний кишилар. Зотан, ҳозир асад инъом этган нозу неъматларни қиш-куз мавсумига ғамлашнинг айни фурсати. Бу гап чорвадорларга ҳам тегишли бўлиб, чорва моллари учун асосий озуқа шу пайтда жамғарилади.
Қўйчивонлар қўзиларни яна бир бор саралайди, пайт бўлди дегунча жун қирқиш мавсумини бошлайдилар. Негаки, қирқимнинг кечикиши чорвага зарар. Буни чўпонлар орасида юрадиган қуйидаги мақолдан ҳам англаш мумкин: “Қўй керак бўлса асадда, жун керак бўлса сумбулада қирқимни ўтказ”.
Асад ойида табиатда ҳам турли ўзгаришлар содир бўлади. Миробларнинг айтишича, ердан сув тортилади. Ҳатто ер ости сувлари ҳам пасайиб, чашмалар суви камаяди. Дарёларда эса обиҳаёт аксинча кўпаяди. Қушлар бирин-кетин иссиқ мамлакатларга учиб кета бошлайди.
Кўп йиллик кузатишларга қараганда, асад чиқишидан бир неча кун олдин кучли шамол эсиб, ёмғир ёғар экан. Бу деҳқону чорвадорлар учун бамисоли бонг бўлиб, қиш ғамини ёзда ейиш кераклигини ёдга солиб қўяди. Илло, исий-исий ёз бўлганидек, совий-совий зумда қиш келиши эса табиатнинг азалий ҳодисасидир.
Демак, бугунги иссиқ кунлар ҳам ғанимат. Ҳадемай, жазираманинг ҳовури ҳам босилади...
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг