Жарималар, шахсий автомобиллар, дўконлар, шанба ва якшанба... — ИИВ вакили муҳим саволларга жавоб берди

15:37 25 Июль 2020 Жамият
1502 0

Карантин режими вақтида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан келиб тушаётган савол ва мурожаатларга Ички ишлар вазири матбуот котиби, Вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳруҳ Ғиёсов жавоб қайтарди.

Савол: 2020 йил май ойида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузганим учун далолатнома тузилган. Бир неча маротаба тўлаш учун борганимда, карантин деб ёпиб қўйилганди. Тошкент вилояти Қибрай туманида тураман, қандай қилиб жаримани тўласам бўлади?

Жавоб: Сиз йўл ҳаракати қоидабузарлигингизни 8860 рақамига транспорт воситасининг давлат рақам белгиси ва транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини киритишингиз ва СМС орқали келган хабар бўйича, қоидабузарлигингиз юзасидан чиқарилган қарорни онлайн тарзда “Payme”, “CLICK” тизимлари орқали тўловни амалга оширишингиз мумкин.

Савол: Врач бўлиб ишлайман. Шанбадан якшанбага ўтар кечаси навбатчиликда тураман, ишхонам уйимдан жуда узоқда жойлашган. Шу сабабли ишга ўзимни шахсий машинамда борсам буладими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 июлдаги 34-сон баёни қарорига кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотлари, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларида фаолият юритаётганликларини тасдиқловчи ҳужжат асосида ҳаракатланиши белгиланган.

Ҳурматли фуқаро, Сиз шахсий автотранспорт воситангизда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ҳамда фаолиятингизни амалга ошираётганингиз ҳақидаги ҳужжат билан ҳаракатланишингиз мумкин.

Савол: Шанба ва якшанба куни озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча дўконлар ёпилади дейилган, спиртли ичимликлар дўкони озиқ-овқат сирасига кирмайди. Бундай дўконлар нега очиқ?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августдаги «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотига қуйидагилар киради:

– озиқ-овқат хом ашёси, (шу жумладан этил спирти), озиқ-овқатлар (шу жумладан алкоголли ичимликлар) ва уларнинг таркибий қисмлари, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқатларга тегиб турадиган моддалар, материаллар, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ҳамда улардан тайёрланган буюмлар бирга.

Шу билан бирга, агар биз спиртли ичимликларни ёки сигарет маҳсулотларини савдосини тўхтатиб қўйсак, одамлар бу маҳсулотни уйда қўлбола тайёрлашлари мумкин. Бу эса ўз навбатида, фуқароларни алкоголли ичимликлардан заҳарланиш хавфини ошишига олиб келади. Мисол учун, ўтган 80 йилларда собиқ иттифоқ ҳукумати «сухой закон» эълон қилган, яъни спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш ва савдоси тўхтатилган. Шу даврда одамларнинг қўлбола тайёрланган спиртдан заҳарланиб ўлиши жуда юқори фоизга ошиб кетган.

Савол: Мени Юнусободда дўконим бор. Ўтган шанба, якшанба куни ППХ ходимлари келиб дўконни ёпишимни айтишди. Мен дўконлар фаолиятига рухсат берилган-ку, — десам мени гапимни эшитишни ҳам хоҳлашмади. Агар дам олиш кунларида ҳам бу ҳолат такрорланадиган бўлса, мен қаерга мурожаат қилишим керак?

Жавоб: Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 июлдаги 34-сон баён қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда карантин чекловлари ўрнатилган ҳамда буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолияти тўхтатилиши белгиланган. Шунингдек, фаолиятини олиб бориш учун рухсат этилган озиқ-овқат дўконлари эса карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишлари лозим. Республика махсус комиссияси қарорлари ижросини таъминлаш ва назоратини олиб бориш Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган. Агар Сиз ички ишлар органлари ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлардан жабр кўрган бўлсангиз ёки норози бўлсангиз Ички ишлар вазирлигининг 1102 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?